Бу бўйича Президентнинг “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ–108-сон, 09.06.2026 й.) қабул қилинди.

Мазкур Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан:

  • эскирган боғларни яроқсиз деб топиш, улар ўрнида саноатлашган боғлар барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар турига ўтказиш тўғрисида хулосани (хулоса) қабул қилиш ваколати Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳам берилади;

Агентлик томонидан хулоса берилган санадан бошлаб:

  • 12 ой давомида янги боғ ва токзорлар барпо этилмаган тақдирда, ушбу боғлар жойлашган майдонлар учун ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 3 бараварга оширилади;
  • 24 ой давомида янги боғ ва токзорлар барпо этилмаган тақдирда, ушбу боғлар жойлашган майдонларда сув олиш тақиқланади.

2026 йил 1 июлдан боғ яратишга доир ҳужжатлар асосида эскирган боғларни янгилаш ва саноатлашган боғларни барпо этишни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:

  • тижорат банклари орқали 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 4 фоиз) миллий валютада ҳар бир гектарга 120 млн сўмгача миқдорда кредитлар;
  • халқаро молия институтларидан мева-сабзавотчилик соҳаси учун жалб қилинган ресурслар ҳисобидан очилган кредит линияларидан тадбиркорларга миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича йиллик ставка 14 фоиз (шундан, банк маржаси 4 фоиз) этиб белгиланади;
  • хорижий давлатлардан “in-vitro” усулида етиштирилган ва сертификатга эга мевали кўчатларни импорт қилиш учун тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари орқали 18 ойгача муддатга миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 4 фоиз), ҳар бир мевали кўчат учун 5 АҚШ долларигача эквивалентида кредитлар ажратилади.