Вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, 21 июнь куни тахминан соат 20:30–20:45 ларда тоғли ҳудудларда кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида Обизаранг дарёсида сув сатҳи кескин кўтарилиб, сел оқими юзага келган.
Табиий ҳодиса оқибатида Сариосиё тумани «Анорзор» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Обизаранг дарёси устидаги, М-41 «Бишкек – Душанбе – Термиз» халқаро автомобиль йўлининг 1449-километрида жойлашган кўприк иншоотига зарар етган. Дастлабки ўрганишларга кўра, кўприк конструкцияларида шикастланишлар аниқлангани сабабли хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
1977 йилда қурилган ушбу кўприкнинг узунлиги 54,7 метрни ташкил этади. У Тожикистон билан боғловчи муҳим транспорт йўналишларидан бири бўлиб, ундан бир соатда ўртача 600–800 та автотранспорт воситаси ҳаракатланади.
Мутахассисларнинг дастлабки баҳолашларига кўра, кўприкка етган асосий зарар кучли ёғингарчилик оқибатида дарёда сув сатҳи ва оқим тезлигининг кескин ошиши, натижада таянчларга юқори босим тушиши билан боғлиқ.
Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт ҳаракати вақтинча Узун тумани ҳудудидаги «Дўстлик», «Янги йўл» ва «Қарашиқ» маҳаллалари орқали ўтувчи айланма йўналиш бўйича ташкил этилган.
Айни пайтда Сурхондарё вилояти ва туман раҳбарияти, Автомобиль йўллари қўмитаси вилояти бошқармаси масъуллари ҳамда тегишли ташкилотлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойида иш олиб бормоқда.
Ҳозирда кўприкнинг техник ҳолати батафсил ўрганилмоқда, етказилган зарар кўлами баҳоланиб, транспорт қатновини қайта тиклаш бўйича зарур муҳандислик чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, вазият тўлиқ назорат остида бўлиб, қўшимча маълумотлар расмий тартибда эълон қилиб борилади.