Тасаввур қилинг: енгил қадам, зўрға эшитиладиган майин жаранг, металлнинг нозик жилоси. Ўнгирмунчоқ фақат ёруғликда эмас, балки товуш чиқариб ҳам жонланади. Бу қорақалпоқ анъанавий либосининг ўзига хос безаги бўлиб, каштали кўкрак қисмининг пастига маҳкамланади ва бутун либосга алоҳида ифода ҳамда нафислик бағишлайди. Унинг ҳаракатланувчи осмалари — занжирчалар ва қўнғироқчалар нозик жаранглаб, безакни гўё жонли ҳаракатланувчи қисмга айлантиради.

Ўнгирмунчоқ гумбазсимон ёки чодирсимон кўринишда бўлиб, анъанавий аёллар бош кийимининг шакли билан уйғунлик касб этади. Унинг ислимий нақшли безакларида устанинг нозик диди, шакл ва ҳажм уйғунлигига интилиши яққол намоён бўлади.

Ўйма нақш, сим безак, донали безак, зарҳал безак, шунингдек, фируза ва маржон уламалари — буларнинг барчаси мураккаб бадиий образни ифодалайди, ундаги ҳар бир қисм алоҳида маъно касб этади.

Ўнгирмунчоқ фақат безак эмас. Анъанага кўра, у турмушга чиққан аёл тимсоли билан боғлиқ бўлиб, ҳимоя, фаровонлик ва ҳаёт давомийлиги ҳақидаги тасаввурларни акс эттиради. Бу — гўзаллик, жаранг ва маъно уйғунлашган ноёб буюм. Ўнгирмунчоқни кўриш — анъана бардавомлигини ҳис қилиш демак.

Бундай экспонатларни дунёга машҳур Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида томоша қилиш мумкин.

— Исмим Орландо, Италияданман. 2023 йилдан Ўзбекистонда гид бўлиб ишлайман, — дейди суҳбатдошимиз. — 2024 йилдан буён Қорақалпоғистонга сайёҳлик гуруҳлари билан келамиз ҳамда Нукус, Мўйноқ ва Орол денгизи ҳудудида бўламиз. Бундан жуда хурсандман. Чунки биз Ўзбекистоннинг ҳақиқатан ҳам ўзига хос жойларига боряпмиз. Саёҳат учун жуда кўп қизиқарли жойлар бор: Нукусдан тортиб, Мўйноққача. Шунингдек, бу ерда Савицкий музейи жойлашган бўлиб, у жуда гўзал ва ноёб. Музей тарихи ҳам, ундаги суратлар ҳам ўзига хос.

Очиғи, Ўзбекистоннинг сайёҳлар жуда кам бўладиган жойларига бориш ёқимли. Масалан, Самарқанд ва Бухоро ниҳоятда гўзал шаҳарлар, лекин баъзи мавсумларда сайёҳлар кўплиги сабабли гавжум бўлади. Шунинг учун бу ерда бўлиш ва кам сонли саёҳатчилар орасида ўзгача туйғуларни кашф этиш жуда мароқли.

Албатта, келган ҳар бир сайёҳ И. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейини томоша қилмай ­кетмайди. “Саҳродаги Лувр” деб ном олган машҳур даргоҳнинг ноёб, бетакрор ва бой коллекциясини томоша қилиш учун бутун дунёдан туристлар Нукусга келади. Ушбу маскан дунёда қиймати жиҳатидан Санкт-Петербургдаги Давлат Рус музейидан кейинги ўринда турадиган рус авангарди коллекциясига эга. Унда археологик мерос объектларининг йирик коллекцияси, шунингдек, ­Марказий Осиё халқ амалий ва замонавий санъати асарлари ҳам сақланади.

— Мен миланликман, бу ерга тасодифан келиб қолдим, — дейди ўзини Марко деб таништирган сайёҳ. — Бу ер менда чиндан ҳам ажойиб таассурот қолдирди. Музей — ажойиб, бетакрор санъат асарлари намойиш этилган. Ушбу масканни барпо этган инсоннинг муҳаббати ва фидойилиги тарихи ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Бу ерда нафақат гўзал суратларни, балки ўтган даврлар ҳаётини акс эттирувчи жуда қизиқарли тасвирларни топасиз.

Ушбу музей 1966 йили санъат арбоби, Қорақалпоғистон халқ рассоми, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Игорь Савицкий ташаббуси билан очилган. 1984 йилга келиб, унга мусаввир номи берилган. 2011 йили ушбу муассаса “Туристлар назарига тушган музей” дипломига сазовор бўлди. Жорий йилда музей ташкил этилганининг 60 йиллиги нишонланмоқда.

Бугун бу ерда 100 мингга яқин экспонат сақланяпти. Улардан 2500 га яқини кўргазмага қўйилган. Хронологик жиҳатдан экспонатлар бронза давридан бошлаб то ҳозиргача бўлган ижод намуналарини қамраб олади. Ўзбек ва рус рассомларининг 1920-1930 йилларда яратилган авангард йўналишидаги асарлари муассасанинг бебаҳо дурдоналари.

Игорь Савицкий Қорақалпоғистонга илк бор 1950 йилда Хоразм археологик-этнографик экспедициясига қўшилиш учун келган. Шундан сўнг у Ўзбекистонда бутунлай қолиб кетди. Марказий Осиёга тааллуқли қорақалпоқ санъати ва ҳунармандчилиги асарларини, рассомларнинг ижод намуналарини, шунингдек, ўша пайтларда собиқ иттифоқ идоралари тақиқлаган рус авангарди асарларини йиға бошлади.

— Мажмуамиз фондида 1920-1930 йилларда авангард рассомлар чизган асарлар тўпланган. Қорақалпоқ халқ усталари тайёрлаган заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, тўқимачилик ва бошқа асарлар амалий санъат бўлимимизда жамланган, — дейди музей масъул ходими Айгул Пирназарова. — Қадимий Хоразм санъати бўлими маҳаллий археологик гуруҳлар қўлга киритган топилмалар ҳисобига янада бойимоқда. Тасвирий санъат бўлими тўпламини серқирра қорақалпоқ рассомлари И.Савицкий, К.Саипов, Ж.Қуттимуродов, Д.Тўраниёзов, Марказий Осиё рассомчилигининг кекса авлод вакиллари А.Волков, М.Курзин, А.Николаев, Н.Карахан, Ў.Тансиқбоев ва бошқаларнинг катта аҳамиятга эга асарлари ташкил этади.

Қизил киймешек

Музей коллекциясида анъанавий нақшлари билан ажралиб турадиган энг гўзал ашёлардан бири — қизил киймешек сақланади. Бу бош кийим қизил мовутдан тикилади ва янги турмуш қурган келинчакнинг асосий либосларидан. Уни аёллар тўй кунидан бошлаб кийган. Шу сабабли у муайян даражада аёлнинг ижтимоий мақомини ҳам ифодалаган.

Бош кийим уч қисмдан иборат: киймешек олди — олд қисми бўлиб, тўлиқ кашталаниб безатилган; пашшайи — ипак матодан тикилган орқа қисми; киймешек қуйруқ — ипак попуклар билан безатилган дум қисми. Олд қисми тўлиқ мураккаб кашта билан қопланган бўлиб, унда геометрик, ўсимликсимон ва зооморф (ҳайвон шаклидаги) нақшлар тасвирланган. Композициянинг марказий элементи — ранг-баранг ипак иплар билан тикилган кенг горизонтал “ўрта қора” тасмасидир. Нақшлар ҳосилдорлик, фаровонлик ва ҳимоя тимсолини ифодалаган. Қизил ранг эса ҳаёт, ёшлик ва оналик рамзи бўлган.

Анъанага кўра, либоснинг ушбу қисмини қиз боланинг ўзи кашталаб тикиши керак. Тикув ва кашталаш юмушлари турмушга чиқишдан анча олдин бошланиб, баъзан бир неча йил давом этган. Ҳар бир чевар ўзига хос ранг уйғунлигини танлаб, нақшлар орқали ҳис-туйғуларини, орзу ва умидларини ифода этган. Шу боис, ҳар бир киймешек уни тайёрлаган чеварнинг бетакрор услубини акс эттирган.

Бугун музей тўпламидаги қизил киймешек нафақат миллий либос тури, балки қорақалпоқ чеварларининг анъаналарини, ўзига хос рамзий маъноларини ва нозик бадиий маҳоратини мужассам этган ҳақиқий халқ амалий санъати асари ҳисобланади.

— И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида сақланаётган амалий санъат намуналари, қатағон даври рассомларининг картиналари, тарихий масканлардан топилган неча асрлик ашёлар нафақат маҳаллий олимларнинг, балки хорижий санъатшуносларнинг ҳам эътиборига сазовор бўлмоқда, — дейди илмий ходим Ақсунгул Айтмуратова. — Хорижлик кўпгина санъатшунослар қорақалпоқ халқининг бой тарихига эътибор қаратиб, унинг бетакрор намуналарини юксак баҳолади ва уларни ўз мамлакатларида намойиш этиш истагини билдирди.

Маданий муассаса бир нечта хорижий мамлакатда кўргазмалар ташкил этиб келмоқда. Асосий мақсад халқаро маданий алоқалар ва миллатлар дўстлигини мустаҳкамлаш билан бирга халқимизнинг бебаҳо меросини ва авангард даври рассомларининг картиналарини бутун дунёга танитиш. Мазкур экспонатлар кўргазмаси Франция, АҚШ, Испания, Италия, Швейцария, Австралия, Германия, Нидерландия, Россия каби давлатларда ўтказилиб, чет эллик санъатсеварлар томонидан қизғин кутиб олинган ва ҳар бир кўргазмага бағишлаб каталог китоблар нашр этилган.

Музейлар аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, йиллар давомида бойиб, тўлиб боради. Улар фақат маданий қадриятлар намойиши бўлиб қолмай, бизни ўтмиш саёҳатига чорловчи йўлчи юлдуз ҳамдир. Шу боис, ҳар бир давлат тараққиёт сари одимлар экан, урф-одатлар, анъаналар ҳамда қадимий ёдгорликларни ўрганиш ва сақлашга интилиши табиий.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири