Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 08.06.2026 йилдаги ПФ-106-сон суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, комплаенс назорат (мувофиқлик назорати) тизимини жорий этишга қаратилган туб бурилиш ясовчи ҳужжат бўлди.
Ушбу Фармон билан суд тизимида қандай ўзгаришлар юз беради ва у халқ манфаатларига қандай хизмат қилади?
- Суд аппарати қатъий назорат остида (Комплаенс хизмати)
Олий судда тўғридан-тўғри раисга бўйсунувчи, 3 та штатдан иборат махсус Комплаенс назорат хизмати фаолият юритади. Шунингдек, Ҳарбий, вилоят ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилмоқда.
Бу хизмат судьяларни эмас, балки бевосита суд аппарати ходимлари - ёрдамчилар, котиблар ва бошқа техник ходимлар фаолиятини назорат қилади. Уларнинг иш фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавф-хатарлар доимий равишда ўрганиб борилади. Судьяларнинг ўзларини эса Судьялар олий кенгашининг махсус инспекцияси назорат қилишда давом этади.
- Даромадлар декларация қилинади, чекловлар кучайтирилади
Суд тизимида ҳалоллик ва поклик бош мезонга айланади. Янги тартибга кўра:
- Суд аппарати ходимлари ва уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) ўз даромадлари ва мол-мулкини мажбурий тартибда декларация қилади.
- Ходимларга хорижда банк ҳисобварағи очиш, чет элдан кўчмас мулк сотиб олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш қатъиян ман этилади.
- Муқаддам коррупциявий жиноят содир этган ёки ножўя қилмиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳайдалган шахсларнинг суд тизимига қайтишига йўл қўйилмайди.
- Ишга қабул қилиш - тўлиқ рақамли ва шаффоф
Суд тизимига ходимларни ишга қабул қилишда таниш-билишчилик ва “танка” тизимига бутунлай чек қўйилади. Эндиликда бўш иш ўринлари vacancy.sud.uz портали орқали эълон қилинади. Ходимлар базаси эса SudHR электрон платформасига ўтказилади. Номзодларни саралаш жараёнига сунъий интеллект ва очиқ танловлар жорий этилиб, ҳақиқий меритократия (лойиқлик) тамойили устувор этиб белгиланади.
- Судьялар ўртасида иш тақсимотида инсон омилига чек қўйилади
Қайси ишни қайси судья кўришини эндиликда инсон эмас, балки махсус компьютер дастури автоматик равишда тақсимлайди. Бу эса “ўзига маъқул” ишларни танлаб олиш ёки маълум бир ишни таниш судьяга йўналтириш каби ноқонуний схемаларни йўққа чиқаради. Ишни бир судьядан бошқасига асоссиз ўтказиш қатъиян тақиқланади.
- Янги қиёфа ва рағбат тизими
Мансаб даражасига эга бўлган суд ходимлари учун махсус хизмат кийими (форма) жорий этилмоқда. Бу ходимларнинг масъулияти ва тартиб-интизомини янада оширади. Шу билан бирга, тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган фидойи ходимларни ҳимоя қилиш ва уларни моддий ҳамда маънавий рағбатлантиришнинг ишончли тизими яратилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, ушбу тарихий ҳужжат суд тизимини ичидан соғломлаштириш, соҳадаги ҳар қандай товламачилик ва суиистеъмолчиликларга чек қўйиш йўлидаги қатъий ирода ифодасидир. Зеро, суд одил ва пок бўлса, халқнинг давлатга, қонунга ва адолатга бўлган ишончи мустаҳкам бўлади.
Таджибаева Альбина,
Тошкент давлат юридик ниверситети
Жиноят-процессуал ҳуқуқи
шўъбаси профессор в.б.
Узбекова Дилшода,
Тошкент давлат юридик ниверситети
Жиноят-процессуал ҳуқуқи
шўъбаси таянч докторанти