Олимлар шаҳарларда ҳайвонлар хулқ-атвори уларнинг қишлоқдаги турдошларига нисбатан қандай ўзгаришини таҳлил қилишди, хабар беради naked-science.ru.
Шу пайтгача тадқиқотчилар жонзотлар турларининг шаҳар ва шаҳар атрофидаги популяцияларининг хатти-ҳаракатларини миқдорий жиҳатдан таққосламаган. Шунга кўра, глобал миқёсда турли турларда урбанизация билан боғлиқ хулқ-атвор ўзгаришлари тўғрисида умумлаштирувчи хулосалар мавжуд эмас.
Глобал таҳлил давомида олимлар ҳайвонлар хулқ-атворининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган 80 та илмий иш маълумотларини бирлаштирди. Ушбу тадқиқотларда 28 мамлакатда мавжуд 133 турдаги ҳайвонларни қамраб олди, бунда шаҳардаги жонзотлар қишлоқда яшайдиганларига қараганда ўзини дадилроқ, тажовузкор, қизиқувчан ва фаол тутишини кўрсатди.
Бу йўналишдаги илмий ишларнинг 70% дан ортиғи қушларга бағишланган. Лекин бунда ҳашаротлар, сувда ҳамда қуруқликда яшовчи жонзотлар ва судралиб юрувчилар ҳақида маълумотлар камроқ бўлган. Бу шуни кўрсатадики, урбанизациянинг хулқ-атворга таъсири етарлича ўрганилмаган. Тадқиқот натижалари Animal Ecology журналида эълон қилинган.
Ҳайвонларнинг турли яшаш шароитларидаги хулқ-атвор хусусиятларини таҳлил қилиш уларнинг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирида ҳаётий тажрибаси қандай шаклланишини тушуниш имконини беради. Ирсий ва такрорланувчи хулқ-атвор маълум бир ҳайвон турининг ўзига хос ҳатти-харакатини ифода этади. Қўрқмаслик, қизиқувчанлик, тажовузкорлик ва фаоллик каби хусусиятлар эса омон қолиш ва шаҳар муҳитига мослашиш имкониятига бевосита таъсир кўрсатади.
Айнан шу хусусиятлар қушлар, сут эмизувчилар, амфибиялар, судралиб юрувчилар ва ҳашаротларнинг ёввойи популяцияларида урбанизация билан боғлиқ хулқ-атвор фарқларини таҳлил қилишга асос бўлди.
Қўрқмаслик – хавфга нисбатан индивидуал реакция, тажовузкорлик – индивидларнинг турдошларига нисбатан ўзини тутиши, фаоллик – индивиднинг ҳаракатчанлик даражаси, тадқиқотчилик қизиқиши – хавф мавжуд бўлмаган янги вазиятларда ўзини тутиши сифатида талқин этилди. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, шаҳардаги жонзотлар шаҳар ташқарисидаги турдошларига қиёсан олганда дадил, фаол, тажовузкор ва қизиқувчан хулқ-атворни намоён этади. Масалан, читтаклар, сариқ бошли корелкалар ва оддий чигирткалар шаҳар ҳаётига мослашади.
Натижалар шуни кўрсатдики, шаҳарсозлар урбанизация кучайиб бораётган шароитда ҳайвонларнинг хулқ-атвор хусусиятларини ҳисобга олишлари керак. Бу шаҳар ҳайвонлари субпопуляциялари ўртасида алоқа ва генетик алмашинувни таъминлаш учун ўзаро боғлиқ яшил ҳудудларни яратишни ҳам назарда тутади.