Халқи соғлом давлатнинг илдизи мустаҳкам, келажаги порлоқ, ривожланиши бардавом бўлади. Шу маънода, аҳоли саломатлигини таъминлаш янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани ғоят катта аҳамиятга эга. Зеро, Президентимиз алоҳида қайд этганидек, “Янги Ўзбекистон — аввало, инсон ҳаёти, унинг саломатлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қиммати қонун асосида ҳимоя қилинадиган давлат дегани”.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда келгуси тараққиётимизнинг еттита миллий дастурини белгилаб берди. Ушбу дастурнинг иккинчи йўналиши халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлардан иборат. Масалан, унда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажати келгуси беш йилда ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказилиши белгиланган.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кейинги йиллардаги янгиланишлар соҳани шифохоналарга асосланган эски моделдан касалликларнинг олдини олиш ва рақамлаштирилган тиббиётга ўтиш босқичига олиб чиқмоқда. Бунда соҳа бошқаруви давлат сиёсати даражасида тубдан янгиланиб, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва сифат назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига 230 триллион сўм йўналтирилди. Бунинг ҳисобига жойларда икки юзга яқин янги поликлиника ва шифохона ишга туширилди, 1244 таси реконструкция қилинди. Уларга янги тиббиёт ускуналари ва жиҳозлар сотиб олинди. Бир миллионга яқин киши ва оила аъзолари, 1200 га яқин уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийларда соғломлаштирилди. 800 мингдан зиёд бола учун ёзги дам олиш уюштирилди.
2024-2025 йилларда 3000 дан зиёд тиббиёт муассасаси локал тармоқ билан таъминланди. Тиббиёт соҳасига DMED ягона электрон ахборот тизими жорий этилди. Мазкур ахборот тизимида 36 миллиондан зиёд юртдошимизнинг тиббиёт базаси, саломатлигига оид маълумотлар шакллантирилди. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими электронлаштирилди. Тез тиббий ёрдамнинг беморларга етиб бориш муддати 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача қисқарди.
2025 йилга келиб, бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш қамрови 60 фоизга етказилди. Аҳоли саломатлигини аниқлашга ёрдам берувчи диагностика тадбирларининг 400 га яқини вилоятларга, каминвазив операциялар эса туманлардаги тиббиёт марказларига туширилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, пировардида юртдошларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаб, узоқ умр кўришига замин ҳозирламоқда.
Президентимиз миллий дастурда тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали аҳоли саломатлигини асраш моделига ўтиш зарурлигини қайд этди. Дарҳақиқат, бу жуда долзарб вазифа. Ўз навбатида, бугуннинг талаби ҳамдир. Бинобарин, ушбу модель доирасида белгиланган профилактик чора-тадбирлар аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, хусусан, соғлом турмуш тарзи учун зарур имкониятлардан фойдаланиш, жисмоний машғулотларнинг фойдали жиҳатларини билиш, овқатланиш ва дам олиш тартибларига риоя этишга ўргатишни назарда тутади.
Махсус тадқиқотлар натижасига кўра, бугун аҳоли ўртасида кам ҳаракатлилик, бир жойда узоқ ўтириш ёки ётиш давр хасталигига айланди. Мактаб ўқувчиларининг 60 фоизга яқинида кам ҳаракатлилик туфайли семириш, жисмоний меҳнатни ёқтирмаслик каби касаллик ва зарарли одатлар тарқалган. Компьютер ва мобил телефондан узлуксиз фойдаланадиган ёшларнинг 45 фоизи жисмоний тарбия машқларини ёқтирмаслигини, деярли 40 фоизга яқини эса тоза ҳавода югуриш, машқ қилиш, футбол ўйнашдан кўра уйда интеллектуал ўйинлар билан шуғулланишни афзал билишини айтган.
Мутахассислар фикрича, мунтазам жисмоний машқлар бажариш юқори қон босими хасталиги, юрак-қон томир тизими, овқат ҳазм бўлиши ва уйқунинг бузилиши, мушакларнинг заифлашуви ва деформацияга учраши, варикоз пайдо бўлиши, иммунитет пасайиши, қон айланишининг секинлашуви кабиларнинг олдини олади. Терапевтик машқлар — пиёда юриш, югуриш, сузиш, велосипед ҳайдаш, саёҳатларга бориш, ҳаракатли ўйинларнинг организмга ижобий таъсирини унутиш барчамизга қимматга тушиши мумкин. Ҳар куни 15-20 дақиқа машқ қиладиган одамнинг иш унумдорлиги машқ қилмайдиганларникига нисбатан 20 фоиз юқори бўлади ва у оғир, мураккаб вазифаларни зиммасига олишдан қўрқмайди. Унинг жамоа билан тил топишиб, ҳамкорликда самарали ишлаши сезиларли даражада юқори бўлади.
Республикамизда терапевтик чора-тадбирлардан тизимли, аниқ ва мақсадли фойдаланиш йўлга қўйилган. Масалан, юртимизда вабо касаллиги кузатилмайди, бироқ унинг четдан кириб келиш эҳтимоли кам бўлса-да, йўқ эмас. Бунинг олдини олиш учун давлат чегараларида 55 та санитария, карантин пункти ташкил этилган. Ўткир юқумли ичак хасталигига учраган кишиларга ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида профилактика учун тезда тиббий ёрдам кўрсатилади.
Биргина 2025 йилда профилактика тадбирлари ўтказувчи 4000 дан ортиқ мураббий, 58 мингдан зиёд шифокор ва 26 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходими ўқитилган. Туманлар бўйича қарасак, ҳар бир поликлиника ва тиббий шифохонада профилактика терапевт ишларини ўтказишга тайёр мутахассис борлигини кўрамиз.
Шу билан бирга, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш жараёни изчил давом эттирилиши зарур. Президентимиз тиббий профилактикани кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Халқимизда “Касални даволагандан кўра олдини олган афзал” деган ҳикмат бор. Ҳа, профилактика бир жиҳатдан ортиқча хавотирсиз, йўқотишларсиз, бошқа жиҳатдан эса арзон тушади.
Янги Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини асраш ва тиббий маданиятини юксалтириш, соҳага инновацияларни қўллаш орқали илғор халқаро стандартларни жорий этиш борасида салмоқли тажриба тўпланган. “Тоза қўллар” дастурини бунга мисол сифатида келтириш мумкин. Мазкур дастурдан кўзланган асосий мақсад — ёш авлодда санитария-гигиена маданиятини шакллантириш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш, кўп учрайдиган юқумли касалликларга қарши кураш самарадорлигини оширишдир.
Болаларда учрайдиган юқумли касалликларнинг 35-40 фоизи санитария-гигиена маданиятининг етишмаслигидан келиб чиқади. Мана шу рақамнинг ўзиданоқ терапевтик чоралар, санитария тарғиботи нечоғлиқ зарурлигини англаймиз. Давлатимиз раҳбари кўрсатмасига мувофиқ, ҳар бир муассаса ва ташкилотлар, айниқса, таълим масканларида санитария-гигиена воситаларига амал қилинадиган шароитлар яратиш назарда тутилган.
Кейинги йилларда тиббий суғурта масаласи тез-тез муҳокама марказига чиқмоқда. Бугун баъзи ҳудудларда ундан фойдаланиш йўлга қўйилган. Ушбу тизимнинг самараси, аҳолига келтирадиган манфаати нуқтаи назаридан Президентимиз давлат тиббий суғуртасининг ҳар бир хонадонга кириб боришини устувор вазифалардан бири сифатида кун тартибига қўяётганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Саломатлигимизда тўғри овқатланиш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Озиқ-овқат организмга қувват беради. Ички органларнинг керакли меъёрда ишлашини таъминлайди. Қон айланишини яхшилайди ва ошқозонни қийналишдан асрайди. Бироқ кейинги йилларда семириш касаллиги кўпаймоқда. Тиббиётда абдоминал семизлик деган ибора бор. У қорин соҳасида пайдо бўладиган семизлик, ёғ тўпланишини англатади. Агар аёлларда қорин, бел айланаси 80, эркакларда 94 сантиметрдан ошса, бу абдоминал касаллик аломатидир.
Семизлик эркин ҳаракат қилишимизга халал беради, юрак ишлашига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Абдоминал семизлик қандли диабет (2-тури), қонда холестерин ошиши, отеросклероз, бўлмачалар фибрилляцияси, қон томирларида тромблар, инсульт, инфаркт, саратон каби касалликларни келтириб чиқариш эҳтимоли мавжуд.
Мутахассислар кўпроқ организм ҳазм қиладиган овқатлар: мева-сабзавот, парҳезли таомлар ейишни маслаҳат беради. Абдоминал семизликка учраган одам ёғли овқатлар, спиртли ичимликлар, ширинлик ейишдан ўзини тийиши даркор. Унга кунига 30-40 дақиқа пиёда юриш, қўл ва оёқларини ҳар томонга силкитиб қадам ташлаш тавсия этилади.
Миллий дастурда ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш учун дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникаси тажрибасини мамлакатимизга олиб келиш назарда тутилган. Бугун ҳам юртимизда АҚШ, Германия, Ҳиндистондан келган врачлар фаолият юритади. Демак, бу йўналишда инновацияларни кенгайтириш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни жаҳон стандартлари даражасига кўтариш ишлари изчил давом эттирилади.
Баъзи клиникаларимизда хизмат ҳақи жуда юқори, аҳоли даромадига мос эмас. Чунки клиникалар ўртасида рақобат йўқ. Бундай шароитда хизмат ҳақи юқори бўлиши табиий. Миллий дастурда белгиланган вазифалар эса соҳада рақобат муҳитини кучайтириш орқали аҳолига сифатли ва арзон тиббий хизмат кўрсатилишига замин ҳозирлаши билан аҳамиятлидир.
Президентимиз янги Ўзбекистонни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнология ва тиббий таълим тараққий этган мамлакатга айлантириш мақсадини илгари суради. Дарҳақиқат, бу ҳар жиҳатдан фойдали, эзгу мақсад. Масалан, бу мақсадга эришиш орқали, биринчидан, аҳолини сифатли тиббий хизматга қамраб олиш мумкин. Иккинчидан, бу жиҳат иқтисодий барқарорликка ҳам бевосита, ҳам билвосита катта таъсир кўрсатади.
Шунинг учун ҳам кейинги йилларда тиббиёт таълимида инновацион изланишлар жадал давом этмоқда. Ўтган йили Тошкент давлат тиббиёт университети ва Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилгани, тиббиёт таълими йўналишидаги 8 та муассаса халқаро аккредитациядан ўтгани ҳам айни мақсад йўлидаги янгиланишларга мисол.
Замон ривожланишда давом этар экан, янги ғоялар, йўналишлар ва ахборот технологиялари пайдо бўлади. Бу эса доим илмий изланишда бўлишни тақозо этади. Бизда ўрта тиббий ходимлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш зарур. Яхши мутахассис тайёрлаш учун коллеж — университет тизимини ишлаб чиқиш, олий тиббий муассасага тиббиёт коллежи орқали қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
Шу ўринда яна бир бор “Тоза қўллар” дастури доирасидаги профилактика ва санитария-гигиена ишларига тўхталсак. Дастурда 6000 га яқин мактабни иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида махсус гелиоколлекторлар ўрнатилиши белгиланган. Кўпгина туман ва қишлоқ мактабларида қўл ювиш жойлари етишмайди. Эски лойиҳаларда улар назарда тутилмаган.
Янги Ўзбекистон шароитида давлатимиз ушбу камчиликни бартараф этишни зиммасига оляпти. Айрим жамоат ташкилотларида сув захираси бўлиши лозим. Бунинг учун сув сақланадиган махсус резервуарлар қурилиши, баклар ўрнатилиши керак. “Тоза қўллар” дастурида ушбу ишлар учун 780 миллиард сўм ажратилган.
Яна бир янгилик шуки, янги қурилаётган мактаблар, ўқув юртлари ва корхоналар, маиший хизмат шохобчалари энди санитария-гигиена талабларига мувофиқ бўлиши талаб қилинади. Уларда нафақат қўл ювиш, шунингдек, душда чўмилиш имкониятлари бўлиши лозим.
Бу чора-тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларнинг саломат ўсиши учун ўта муҳим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги барча хасталикларнинг 80 фоизи нотоза сув орқали ўтади. Ифлосланган сувда қорин тифи, дизентерия, вирусли гепатитнинг А тури, вабо, ичак касалликларини тарқатувчи микроблар бўлади. Ушбу микроблар ёш, чиниқмаган организмга тез юқади ва саломатликни хавф остига қўяди. Шунинг учун республикамиздаги барча чўмилиш ҳавзалари, очиқ бассейнлар санитария-гигиена кўригидан ўтказилади. Ифлосланган сув бор жойлар дезинфекция қилинади ёки вақтинча беркитилади.
Янги Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини асраш ва жамоат жойларида санитария-гигиена талабларига риоя этишни Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси назорат қилади. Шунинг учун ҳам “Тоза қўллар” дастуридаги вазифаларни бажариш ушбу тизим зиммасига юклатилган.
Инсон саломатлиги учун тоза ҳаво, оқар сувда чўмилиш, тоғолди ҳудудларда дам олиш, саёҳатлар муҳим аҳамиятга эга. Шаҳарда яшовчи юртдошларимизнинг дам олиш кунлари тоғли ёки дарёли ҳудудларга чиқиши одатий ҳолга айланган.
Жаҳон иқтисодиётида туризм истиқболли соҳага айланган. У четга маҳсулот чиқармайди, аммо инвестиция олиб киради. Кишининг руҳиятини кўтариб, ён-атроф ва табиат билан иноқ яшашга ундайди. Бугун мамлакатимизда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етган. Ўтган саккиз йилда соҳага 6,5 миллиард доллар сармоя киритилган, 130 минг меҳмон ўрни очилган.
Президентимизнинг 2025 йил 19 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ички туризмдан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Ҳар йили юртимизда ички туризмга
3 миллиондан зиёд киши жалб қилинади. Уларнинг 70-75 фоизга яқини 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
Бу ерда эътибор қаратиш лозим бўлган асосий жиҳат шундаки, тоғолди ва кўл, дарё бўйларига чиқиб дам олиш одамни ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғломлаштиради. Бундай вазиятда шаҳар шароитига мослашган организм ноодатий, аммо руҳиятга ижобий таъсир этувчи табиий муҳитга тушиб қолади. Нафақат ён-атроф, табиат, шунингдек, қишлоқ турмуш тарзи, одамларнинг соддадил, очиқ муомаласи шаҳарлик сайёҳга ижобий таъсир қилиб, уни ҳаёт моҳияти ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Дарҳақиқат, машҳур файласуфлардан бири “Инсон табиат қўйнига қайтиб, ўзининг моҳиятини англайди”, деганида ҳақ эди.
Замонавий дунё одамлари бўш вақтини асосан уйда ўтказишга интилади. Чунки уйимиздаги қулай шароит бизни ўзига боғлаб қўймоқда. Қулайлик яхши, албатта. Лекин уй шароитида одамнинг эркин ҳаракат қилиш, жисмоний машқлар билан шуғулланиш имконияти тораяди. Натижада кам ҳаракатлилик ва у билан боғлиқ касалликлар пайдо бўлади. Шунинг учун мутахассислар уй шароитида жисмоний машқлар бажаришни тавсия этади.
Саломатлик тўғрисида гап кетар экан, буюк донишмандлардан бирининг қуйидаги ибораси ёдга тушаверади: “Барча лаззатни татиб кўрдим, лекин офиятдан улуғ ганж топмадим”. Офият — сиҳат-саломатлик дегани. Бу халқона ва пурҳикмат нақл саломатликдан улуғ бойлик йўқлигини ёдимизга солиб туради. Халқимиз саломатлиги ҳақида қайғуриш ва бу борада зарур чора-тадбирлар кўришни давлатимиз ўз зиммасига олган экан, бу олийжаноб мақсад бесамар қолмаслиги, шубҳасиз.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ. Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ. Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!”.
Суҳроб НОРҚУЛОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор