Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида фарзандларининг оғир касалликдан азият чекаётгани сабабли ёрдам сўраб мурожаат қилган ота-оналар ҳақидаги видеолар ҳам жамоатчилик эътиборини тортди.
Мазкур ҳолат ортидан қизамиқ, унинг асоратлари ва энг муҳими, вакцинациянинг аҳамияти ҳақида кўплаб саволлар пайдо бўлди. Қизамиқ қанчалик юқумли? Эмланмаган бола нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам хавф остида қолдириши мумкинми? Қизамиқдан кейин қандай оғир асоратлар кузатилиши мумкин? Эмлашни кечиктириш қандай оқибатларга олиб келади? Грипп, менингит ва одам папиллома вирусига қарши вакцинациянинг аҳамияти нимада?
Шу ва шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Санэпидқўмита бош мутахассиси Хурсаной Жамолова билан суҳбатлашдик.
— Қизамиқ COVID-19 га қараганда ҳам тез юқадими? Битта бемор бутун синфдаги эмланмаган болаларга касаллик юқтириши мумкинми?
— Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган юқумли касаллик ҳисобланади. Унинг юқиш даражаси ниҳоятда юқори. Агар бир синфда битта болада қизамиқ аниқланса, у билан мулоқотда бўлган эмланмаган болаларнинг касаллик юқтириб олиш хавфи жуда юқори даражада бўлади.
Қизамиқнинг яна бир хавфли жиҳати шундаки, беморда касаллик белгилари яққол намоён бўлишидан олдин яширин даврда вирус бошқаларга юқиши мумкин. Шунинг учун бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва зарур профилактик чораларни кўриш муҳим.
Бугунги кунда одамларнинг бир давлатдан бошқасига эркин ҳаракатланиши, туризм ва меҳнат миграциясининг кенгайиши ҳам инфекцияларнинг турли ҳудудларга кириб келиш эҳтимолини оширмоқда. Шу боис эмлаш нафақат боланинг ўзини, балки унинг атрофидаги инсонларни ҳам ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
— Эмланмаган бола нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам хавф остида қолдириши мумкинми?
— Албатта. Эмланмаган бола қизамиқ бемори билан мулоқотда бўлганида касалланиш хавфи юқори бўлади. Агар у касалланса, вирусни бошқа болаларга ҳам юқтириши мумкин.
Айниқса, ҳали эмлаш ёшига етмаган чақалоқлар, айрим тиббий сабабларга кўра вакцинани олмаган болалар ёки иммунитети заиф инсонлар учун бу хавфли. Шунинг учун вакцинация юқумли касалликлардан ҳимоялашда ягона восита хисобланади.
Жамоада эмланганлар сони қанча юқори бўлса, инфекциянинг тарқалиш имконияти шунча камаяди. Эмланмаган бола эса нафақат ўзи касалланиши, балки бошқаларга инфекция манбаи бўлиши мумкин.
— Қизамиқдан кейин қандай оғир асоратлар кузатилиши мумкин? Ота-оналар нималарни билиши керак?
— Қизамиқни оддий ва тез ўтиб кетадиган касаллик деб қабул қилиш мумкин эмас. Унинг ўнга яқин оғир асоратлари мавжуд бўлиб, улар орасида пневмония, энцефалит, қулоқ инфекциялари, эшитиш қобилиятининг пасайиши ёки йўқолиши каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Айрим ҳолларда вирусли касалликлардан кейинги кузатиладиган асоратлардан бири склерозлашган панэнцефалитдир. У кам учрайди, аммо оғир кечади. Шу билан бирга, ҳар қандай панэнцефалитни автоматик равишда қизамиқ билан боғлаш ҳам тўғри эмас. Бундай ҳолатларда боланинг касаллик тарихи, аввал қандай инфекциялар билан касаллангани, эмлаш ҳолати ва лаборатория текширувлари ўрганилиши зарур. Аниқ хулосани фақат мутахассислар текширувидан кейин бериш мумкин.
— Эмланмаган болаларда қизамиқ нега оғирроқ кечади? Вакцина болани бу касалликдан қай даражада ҳимоя қилади?
— Вакцина организмда инфекцияга қарши иммун жавобни шакллантиришга ёрдам беради. Шу сабабли эмланган инсон касаллик юқтирган тақдирда ҳам унинг оғир кечиш эҳтимоли камаяди.
Эмланмаган болаларда эса қизамиқ оғир кечиши ва турли асоратлар ривожланиши хавфи юқори бўлади. Пневмония, энцефалит, қулоқ инфекциялари каби асоратлар жиддий даволашни талаб қилиши мумкин.
Шунинг учун ота-оналар вакцинадан кейин кузатилиши мумкин бўлган енгил реакциялардан қўрқиб, фарзандини эмлатмасликка қарор қилмаслиги керак. Эмлашдан олдин болани шифокор кўради ва унинг саломатлик ҳолатини баҳолайди.
— Эмлашни кечиктириш қандай хавфларни келтириб чиқаради ва болани қачон эмлатиш энг тўғри?
— Болани миллий эмлаш тақвимида белгиланган муддатларда эмлатиш энг тўғри йўл ҳисобланади. Чунки ҳар бир вакцина муайян ёшда қилиниши боланинг инфекцияга қарши ҳимоясини ўз вақтида шакллантиришга қаратилган.
Эмлашни асоссиз кечиктириш боланинг инфекцияга қарши ҳимоясиз қоладиган даврини узайтиради. Айниқса, бола боғча, мактаб ва бошқа жамоаларда бўлса, инфекция билан учрашиш эҳтимоли мавжуд.
Агар қандайдир сабабга кўра эмлаш ўтказиб юборилган бўлса, ота-она ўзи қарор қабул қилмаслиги керак. Яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат қилиниб, боланинг эмлаш тарихи ўрганилади ва шифокор кейинги эмлашлар бўйича тавсия беради.
— Қизамиққа қарши вакцина бепулми? Ота-оналар эмлаш бўйича қаерга мурожаат қилиши мумкин?
— Миллий эмлаш тақвимида белгиланган болалар вакцинацияси давлат дастури доирасида бепул амалга оширилади. Ота-она фарзандининг эмлаш ҳолатини яшаш манзилидаги поликлиника орқали аниқлаши мумкин. Эмлашдан олдин бола шифокор кўригидан ўтказилади. Агар тиббий қарши кўрсатма бўлмаса, вакцинация белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шунинг учун фарзандининг қайси вакциналарни олгани ёки қайсилари ўтказиб юборилгани борасида шубҳаси бор ота-оналар поликлиникага мурожаат қилиши керак. Эмлаш ҳақидаги маълумотни ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган хабарлардан эмас, мутахассислардан олиш лозим.
— Грипп ва менингит каби мавсумий инфекцияларга қарши ҳам вакцина олиш керакми? Кимларга айниқса тавсия этилади?
— Грипп мавсумий равишда кенг тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, айрим ҳолларда жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун хавф гуруҳидаги аҳолига алоҳида эътибор қаратилади.
Кекса ёшдагилар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ва аҳоли билан кўп мулоқот қиладиган бошқа касб эгалари гриппга қарши профилактик эмлашга эътибор қаратиши керак. Болалар орасида ҳам белгиланган тартибда профилактик эмлаш чоралар амалга оширилади.
Менингококк инфекциясига қарши вакцинация эса эпидемиологик кўрсатмалар ва хавф омилларига қараб тавсия этилади. Айниқса, хорижий давлатларга сафар қилаётган фуқаролар бориладиган мамлакатда қайси инфекцияларга қарши вакцинация тавсия этилишини олдиндан аниқлаши ва эмланиши керак.
— Одам папиллома вирусига қарши вакцинация ҳақида ҳам кўп гапирилмоқда. Нега бу вакцина муҳим ва энди ўғил болалар ҳам эмланадими?
— Одам папиллома вирусига, яъни ОПВга қарши вакцинация ҳам профилактиканинг муҳим йўналишларидан бири. Ушбу вакцина вирус билан боғлиқ айрим касалликларнинг олдини олишга қаратилган.
ОПВ инфекцияси фақат қизларга тегишли масала эмас. Шунинг учун вакцинация дастурида ўғил болаларни ҳам қамраб олиш кўзда тутилмоқда. Вакцинациянинг мақсади — вирус тарқалишини камайтириш ва келажакда вирус билан боғлиқ касалликлар хавфини пасайтириш.
Ота-оналар фарзандининг ёшига мос профилактик чоралар ҳақида шифокор билан маслаҳатлашиши ва вакцинация бўйича ишончли тиббий маълумотларга таяниши зарур.
— Коронавирус ҳозир ҳам долзарбми? Янги вариантлар билан боғлиқ хавф борми ва қайта эмланиш масаласи қандай?
— COVID-19 пандемияси тугаган. Бироқ коронавируслар мавжуд бўлиб, вируснинг янги вариантлари пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли эпидемиологик вазиятни кузатиб бориш муҳим. Вакцинация қилиш масаласи эса амалдаги миллий тавсиялар, эпидемиологик вазиятга қараб белгиланади. Хозир республикада вазият барқарор.
Умуман, респиратор инфекциялар тарқалишининг олдини олишда шахсий гигиенага риоя қилиш, одам гавжум жойларда эҳтиёт чораларини кўриш, касаллик белгилари кузатилганда шифокорга мурожаат қилиш муҳим.
— Суҳбатимиз якунида эмлашни кечиктираётган ёки ундан воз кечаётган ота-оналарга қандай мурожаат қилган бўлардингиз?
— Фарзанд саломатлиги — катта масъулият. Шунинг учун ота-оналар боласининг эмлаш тақвимига амал қилиши, вакциналарни белгиланган муддатларда олиши ва эмлашдан олдин шифокор кўригидан ўтиши муҳим.
Вакцина ҳақидаги ҳар қандай маълумотни ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган хабарлардан эмас, расмий ва ишончли тиббий манбалардан олиш керак.
Агар болада касаллик белгилари бўлса ёки унинг саломатлиги бўйича савол туғилса, ўзбошимчалик билан дори бериш ўрнига шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Эмлашни асоссиз равишда кечиктириш болани инфекциядан ҳимоясиз қолдириши мумкин. Шунинг учун ота-оналар фарзандининг эмлаш ҳолатини текшириб, зарур бўлса, яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат қилиши ва миллий жадвал асосида эмлаштиши керак.
Мутахассис сўзларидан ҳам шуни англаш мумкинки, ҳақиқатдан ҳам вакцинация юқумли касалликларнинг олдини олишда муҳим профилактик воситалардан биридир. Айниқса, қизамиқ каби юқумлилиги юқори бўлган касалликларда эмлашнинг аҳамияти янада ортади. Чунки касалликнинг ўзи билан бир қаторда, унинг оғир асоратлари ҳам инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, эмланмаган бола инфекция юқтириб олиш билан бирга, уни бошқа инсонларга ҳам тарқатиши мумкин. Шу сабабли эмлаш масаласи шахсий саломатлик билан бир қаторда жамоат саломатлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда юқумли касалликларнинг олдини олишда профилактика чоралари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Аҳолининг бир давлатдан бошқасига кўп ҳаракатланиши, туризм ва миграциянинг ортиши инфекцияларнинг турли ҳудудларга кириб келиш эҳтимолини ҳам оширади. Қизамиқ эса юқумлилиги юқори бўлган инфекциялардан бири. Касаллик бола организмида оғир кечиб, пневмония, энцефалит, эшитиш қобилиятининг йўқолиши каби жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун унинг олдини олиш касалликни даволашдан кўра муҳимроқ профилактик вазифалардан биридир.
Вакцинация масаласида ҳам бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак: эмлашдан кейинги ҳар қандай реакцияни оғир асоратлар билан тенглаштириш тўғри эмас. Болани эмлашдан олдин шифокор кўриги, эмлашдан кейин эса тиббий кузатув таъминланади. Демак, фарзандни ўз вақтида эмлатиш — ота-онанинг бола саломатлигига масъулиятли муносабатининг муҳим қисмидир десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Миллий эмлаш тақвимида белгиланган вакциналарни ўз вақтида олиш орқали қизамиқ ва бошқа қатор хавфли юқумли касалликлардан ҳимояланиш имконияти ошади.
Айниқса, эмланмаган болалар нафақат ўзлари инфекция юқтириш хавфига дуч келади, балки касалликни атрофидаги бошқа инсонларга ҳам юқтириши мумкин. Шу боис эмлаш масаласида шахсий масъулият билан бирга жамоат саломатлиги манфаатини ҳам ҳисобга олиш зарур. Энг муҳими, вакцина ҳақидаги маълумотни ишончли манбалардан олиш, эмлашни асоссиз кечиктирмаслик ва фарзанд саломатлиги билан боғлиқ ҳар қандай савол бўйича шифокорга мурожаат қилиш керак.
Зулхумор Акбарова