Эгнидаги шинам ва мағрур ҳарбий либоси ўзига ярашган кечаги жажжи курсантлар бугун Ватан истиқболи сари қанот ёзаётган учирма қалдирғочлар – ёш лейтенантлардир!

Тўрт йил олдин мана шу муқаддас замин олдида ота-онасининг дуосини олиб, Ватанга қасамёд қилган азаматларга бугун ҳавас ва миннатдорлик кўзи билан боқаётган нигоҳларнинг чеки йўқ. Ота-оналарнинг қўллари яна дуода, тилларида эса Яратганга чексиз шукрона: ​“Елкангдаги юлдузинг ҳамиша ҳаётингни, йўлларингни ёритиб турсин, болам! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!”. ​Хаёлимдан “ҳаяжонимни, кўзимдаги севинч ёшларини биров сезиб қолмадимикан”, деган ўй ўтади. Ахир бугун менинг тўнғич ўғлим, ҳаётимнинг мазмуни бўлган жигарбандим олий ҳарбий билим юртини тамомлаяпти. Шу кунларга етказганига шукр! Куни кеча ўғлим туғилди деб суюнгандим, тили чиқиб илк бор “дада” деганида кўнглим тоғдек кўтарилганди. Мен билан “той-той” ўйнаган, бирга дарс қилиб, илк ютуғини мен билан баҳам кўрган ўша жажжи болакай бугун бўйи бўйимга баравар келадиган алпқоматли йигитга айланибди. Ана, сафда бизга қараб мағрур ва бахтиёр кулиб турибди. ​Аёлим қалбимдаги бу чексиз фахр ва шукроналик сезимларини ҳис қилгандек, секин қўлимдан тутди. Кўзларида севинч ёшлари милтилларкан: “Дадаси, ўғлингиз худди ўзингизга ўхшади. От изини той босар, деганлари шу бўлса керак...” – деди шивирлаб. Бу сўзларни эшитиб, қалбимдан Яратганга яна бир бор ҳамду санолар отилиб чиқди.

Нурли орзуларнинг ижобати

​Ўғлим болалигидан катта бўлсам, дадамдек ҳарбий бўламан, дерди. Болаликдаги соф орзулар вақт ўтиб қатъий мақсадга, мақсад эса тинимсиз меҳнат ва ҳаракатга ундади. Уч ёшида жажжи қалбидан чиққан сўзи вақт ўтиб амалга ошди – у ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлди! Йўлларинг ойдин бўлсин, ота ўғил! Сен билан фахрланаман, сенга оқ сут берган онангга, сендек ўғилни вояга етказган тақдиримга минг бор шукр қиламан. ​Бу гўзал манзара мени салкам ўттиз йил аввалги хотиралар, соғинч ва шукроналик оғушига улоқтиради... Саф майдонида отам узундан-узоқ дуо қилганлари ҳамон қулоғим остида: ​“Ватанга хизмат қилишдек энг шарафли, энг муқаддас йўлни танладинг, болам. Бу йўл умрингни безаги бўлсин. Ҳарбий либосингга, офицерлик номингга асло доғ туширма. Ота-онангга хизматинг қай даражада бўлса, Ватанга садоқатинг ҳам худди шундай хизматларингда акс этсин”, дегандилар. ​Йиллар ўтди. Юртимнинг қай бир гўшасида хизмат вазифамни бажармай, ота-онамнинг ўгитлари қулоғимда жаранглаб, менга куч ва мадад бўлиб турди. Ҳалигача бу тиллога тенг сўзларга амал қилиб келаман. Бу ҳаёт уммонида энг қуйи поғонадан юқори пиллапояларгача чиқишнинг ўзига хос машаққатларини ҳис қилдим, лекин ҳеч қачон ортга чекинмадим. Тошкент, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро – мен босган, хизмат қилган муқаддас манзиллар... Мақсадим фақат тинчликни асраш ва ёшлар қалбини ватанпарварлик, маънавият билан бойитиш эди. Энг катта бахтим ва шукронам шундаки, бугун мен таниган ва мени таниган инсонлар билан бир-биримиздан миннатдормиз. Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, келажагимиз эса нурафшон!

Қуш уясида кўрганини қилади: Сулолавий давомийлик

Аслида, ватанпарварлик ҳисси ҳам, касбга бўлган муҳаббат ҳам оила остонасидан бошланади. Ота-боболаримиз тарбия борасида сўз очганларида: “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз таъкидлашмаган. Болангиз учун минг шароит яратиб берманг, энг зўр мактабда ўқитманг, агар ўзингиз тарбия, ахлоқ, меҳнат ва эл-юртга садоқат борасида ибрат бўлмас экансиз, кўзлаган натижангизга эришолмайсиз. Мен оиламиздаги мана шу соғлом муҳит учун, файз ва барака учун ҳамиша шукрона айтаман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ота-онанинг шахсий намунаси – тарбиянинг илк пойдеворидир.

​Шукрлар бўлсинки, уч ўғлим ҳам Ватан равнақи йўлида хизматга отланган баҳодирлар бўлиб улғайишмоқда. Катта ўғлим ўқишни битирдию, жануб сарҳадлари томон йўл олди. Ўртанчам эса Молиявий бошқарув ва технологиялари университети талабаси. Бугун уч ёшли кенжатойим Алихон ҳам акаларининг изидан кетишга аҳд қилган. Бир куни боғчага кетаётиб, жиддий қиёфада: “Дада, мен ҳам хизматга кетяпман. Менга аскар кийими олиб беринг”, деди. Шу кундан бери у боғчага фақат ҳарбий либосда бориб келади. Жаннатмакон юртимизда тинчлик ва ҳарбийлик касби нақадар қадрланишини мана шу кичкинтойимнинг нигоҳларида кўраман. ​Акасининг битирув тантанасида жажжи Алихоннинг ҳарбий акалари билан бир сафда шаҳдам қадам ташлашини кузатарканман, қалбимни улкан ризолик ва соф шукроналик туйғулари қамраб олди. Ўғлимнинг келажаги мана шу саф майдонидан, ота ва ака изидан боришдан бошланди.

Ҳарбийлик – шунчаки касб эмас, у Ватанга бўлган чексиз муҳаббат ва қисматдир. Муқаддас заминимизни кўз қорачиғидек асраш улуғ сулоламизнинг шарафли вазифасига айланганидан, қалбимда шукроналик ҳислари замин қадар кенг, осмон қадар юксакдир!

Алишер АГЗАМОВ,

Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети

Ахборотлаштириш ва мультимедиа маркази бошлиғи,

подполковник