Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, Гулистон туманидан 527,23 гектар, Бойовут туманидан 582 гектар ер майдони Гулистон шаҳри таркибига, шунингдек, Бойовут туманидан 638,77 гектар ер майдони Ширин шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, Гулистон ва Ширин шаҳарлари вилоятда аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлар ҳисобланади. Шаҳарлар чегарасининг кенгайтирилиши аҳоли зичлигини камайтириш, транспорт қатновини яхшилаш ҳамда йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳудудларда янги саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этиш, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида янги иш ўринлари яратиш учун шароит кенгайиши таъкидланди.
Маълум қилинишича, чегараларга ўзгартиш киритиш масаласи тегишли маҳаллалар фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилинган. Чегараларнинг картографик чизмаси ва чегара чизиғининг таснифи ҳам маъқулланган.
Масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.