Айниқса, ёш авлодни китобхонликка жалб этиш, уларда адабиётга муҳаббат уйғотиш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш замон талабига айланмоқда. Ана шундай эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилган муҳим маданий ташаббуслардан бири — Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан йўлга қўйилган “Сўз” лойиҳасидир.
Мазкур лойиҳа қисқа вақт ичида ўзининг самарадорлиги билан эътибор қозониб, кўплаб ёш истеъдодларни кашф этди. У нафақат ижодкорлар учун майдон, балки китобхонлар учун ҳам бадиий завқ ва маънавий озуқа манбаига айланди.
Жорий йилнинг 28 март куни “Ренессанс” кино уйида “Сўз” лойиҳаси доирасида яна бир йирик маданий тадбир — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” асари асосида тайёрланган театраллаштирилган шеърий-концерт дастури бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарияти ва ходимлари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, китобхон ёшлар иштирок этдилар.
Залда жам бўлган турли авлод вакилларини бирлаштирган ягона жиҳат — бадиий сўзга бўлган муҳаббат эди.
“Сўз” лойиҳаси миллий адабиёт дурдоналарини замонавий форматда тақдим этиш, шоир ва ёзувчилар ижодини кенг тарғиб қилиш, бадиий сўз орқали инсон қалбига таъсир кўрсатишни мақсад қилган. Шу вақтга қадар лойиҳа доирасида 60 дан ортиқ шеърлар видеоталқинда намойиш этилган бўлиб, уларнинг умумий кўришлар сони 1 миллион 200 мингдан ошгани лойиҳанинг оммалашиб бораётганидан далолат беради. Бу рақамлар ортида эса бир ҳақиқат ётади: инсон қалби ҳали ҳам бадиий сўзга эҳтиёж сезади.
Тадбир юксак бадиий ва маънавий руҳда ўтди. Залда ҳукм сурган муҳит самимийлик, ижодий илҳом ва чуқур ички кечинмалар билан тўла эди. Ҳар бир чиқиш, ҳар бир сўз томошабин қалбига етиб боришга хизмат қилди.
Бадиий сўз ва замонавий саҳна ечимларининг уйғунлиги тадбирга ўзига хос жозиба бағишлади. Бу эса адабиётнинг фақат китоб саҳифаларида эмас, балки саҳнада ҳам яшаши мумкинлигини яна бир бор намоён этди.
Тадбирнинг энг таъсирчан қисми — “Ялдо кечаси” асари асосида саҳналаштирилган спектакль бўлди. Саҳна асарида қаҳрамонлар гўё китоб саҳифаларидан чиқиб, томошабинлар қаршисида жонлангандек таассурот қолдирди.
Декорациялар асар руҳига мос равишда пухта ишланган бўлиб, саҳнавий муҳит барчада бирдек жуда яхши таъсурот қолдирди. Шунингдек, саҳна безаклари ва костюмлар ҳам умумий ғояга хизмат қилди.
Актёрлар маҳорати орқали қаҳрамонларнинг ички дунёси, изтироблари ва умидлари жонли ва таъсирчан ифода этилди. Томошабин ҳар бир образ билан бирга яшади, уларнинг ҳис-туйғуларини ҳис қилди.
Мусиқий чиқишлар ҳам кечанинг ажралмас қисмига айланиб, спектакль мазмунини янада бойитди ва унинг таъсир кучини оширди.
Спектакль якунланганидан сўнг ҳам залдаги муҳит узоқ вақт сақланиб қолди. Кўплаб томошабинлар гўё асар ҳали давом этаётгандек ҳолатда қолиб, саҳнадан узилишни истамади. Бу эса бадиий асарнинг инсон қалбига қай даражада кучли таъсир кўрсатганини яққол намоён этди.
Адабий таҳлил ва маънавий боғлиқлик
“Ялдо кечаси” асари ўзбек адабиётининг буюк анъаналарини давом эттирувчи асар сифатида алоҳида эътиборга лойиқ. Унда миллий руҳ, инсон тақдири ва давр муаммолари чуқур бадиий талқин этилган.
Асар маънавий жиҳатдан Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи билан уйғунлик касб этади. Агар Қодирий асари ўз даври зиёлиларини уйғотган бўлса, “Ялдо кечаси” бугунги авлодни мушоҳадага чорлайди.
Бу асарда ўтмиш изтироблари, бугунги изланишлар ва келажакка бўлган умидлар бир нуқтада туташади. Шу жиҳатдан у гўё XXI асрнинг янги “Ўтган кунлар”и сифатида янграйди.
Хайриддин Султон ижоди эса Қодирий қолдирган маънавий мероснинг узвий давоми сифатида намоён бўлади.
Унинг қалами орқали тарих ва замонавийлик ўртасидаги боғлиқлик яна бир бор ёрқин акс этади.
Шунингдек, мазкур “Сўз” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам “Ялдо кечаси” асари ва унинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— Бу ерда энг қувонарли жиҳат — барча жараёнлар ёшларнинг иштиёқи ва ташаббуси билан амалга оширилаётганидир. Улар фақат иштирокчи эмас, балки маънавий ҳаракатнинг фаол яратувчилари сифатида намоён бўлмоқда.
“Ялдо кечаси”ни оддий асар сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Уни Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарининг маънавий давоми сифатида ўрганиш мумкин. Чунки бу асарда ҳам ўша миллий руҳ, тарихий хотира ва инсон қалбига таъсир этувчи дард мужассам.
Бу асарга шунчаки бадиий асар сифатида қараш камлик қилади. У — бизнинг боболаримиз олдидаги маънавий қарзни эслатувчи, улар қолдирган меросни англашга чорловчи муҳим асардир, — деди ёзувчи.
Шунингдек, ушбу тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
— Ёшлар бўлишига қарамасдан, уларнинг барчаси бутун вужуди билан иштирок этаётгандек. Ҳатто узоқ бўлса-да, яқиндек туюлади. Бу, аввало, уларнинг санъат ва адабиётни чин дилдан яхши кўриши билан боғлиқ.
Тарих доимо бизнинг ёнимизда. У — ибрат мактаби. Биз ҳали ундан жуда кўп сабоқ олишимиз керак. Айниқса, ёшларимиз тарихга шўнғиб, унинг ички маъноси ва кечинмаларини англашга интилса, бу жуда муҳим.
Хайриддин ака ҳақида айтсам, очиғи, бундай даражадаги асарни кутмаган эдим. Бу инсоннинг миллатимизга, динимизга ва тарихимизга бефарқ эмаслигига яна бир бор амин бўлдим. У кишига ижодий омад тилайман. Шу тадбирдан сўнг яна бир бор “Ялдо кечаси” асарини ўқиб чиқишга аҳд қилдим, — деди Эркин Комилов.
“Сўз” лойиҳаси бугунги кунда нафақат маданий, балки маънавий ҳаракатга айланиб бормоқда. У инсон қалбини уйғотиш, тафаккурни бойитиш ва жамиятни эзгуликка чорлашдек юксак мақсадларга хизмат қилмоқда.
“Ялдо кечаси” асосидаги театраллаштирилган дастур эса ушбу лойиҳанинг энг ёрқин намунаси бўлиб, бадиий сўзнинг беқиёс қудратини яна бир бор намоён этди.
Бу каби тадбирлар ёш авлодни китобга ошно қилиш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва адабиётга бўлган муҳаббатни янада мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга.
Зеро, бадиий сўз — қалбдан қалбга етиб борувчи энг кучли маънавий кўприкдир.
Зулхумор Акбарова