Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, спорт нафақат мусобақалар мажмуи, балки соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, интизом ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим ижтимоий кучдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий ва профессионал спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва улар учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, спорт мактабларида машғулотлар жараёнини янада кучайтириш, разряд ва унвонли спортчилар салмоғини ҳамда тренерлар малакасини ошириш, спорт инфратузилмасини яхшилаш, соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ масалалар тизимли ҳал этилмоқда.
Хусусан, сўнгги беш йилда Президентимизнинг спорт соҳасига оид 130 дан ортиқ фармон ва қарори ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, соҳани ривожлантириш бўйича бир нечта йўналишда тегишли ишлар бажарилмоқда. Оммавий спортни ривожлантириш, спорт таълими тизимини такомиллаштириш, спорт инфратузилмасини, олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш ҳамда спорт соҳасини рақамлаштириш бўйича қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2025 йил 25 июлдаги “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори барча давлат органлари ва ташкилотларнинг иш самарадорлигини таъминлаш, шу тариқа қатъий интизом ўрнатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳужжатлар топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш ва таҳлил қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, мамлакатимиздаги тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларида белгиланган вазифаларни сўзсиз таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси, республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган.
Бугун вазирлигимиз тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қатор ишлар бажарилмоқда. Хусусан, қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш мақсадида “Ijro.gov.uz” электрон тизимидаги топшириқларни амалга ошириш механизмларини муҳокама этиш юзасидан ҳар ҳафта муҳокамалар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, ижро интизоми масаласини ҳар ҳафта жума куни — вазир ўринбосарлари ҳузурида, душанба куни — вазир ҳузурида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилган.
Ижро интизомини янада мустаҳкамлаш ва 2026 йилдаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар тасдиқланган календарь графиклар асосида кунбай таҳлил қилинмоқда. Бунда йўл қўйилган камчиликлар, уларнинг сабаблари аниқланиб, бартараф этиш чоралари белгиланмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларидан асосий мақсад давлат бошқарувини тартибга солиш, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сўзсиз ва ўз муддатида ижросини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятли.
Қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида бажарилмаслиги тараққиётимизга, халқимизнинг эртанги кунга ишончига путур етказишини барчамиз яхши биламиз, албатта. Шундай экан, ижро интизомини таъминлаш бугун барча вазирлик, идоралар ҳамда ҳокимликлар учун ғоят муҳим мақсад ва вазифадир.
Аввало, давлатимиз раҳбари имзолаётган фармонлар, қабул қилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакат тараққиёти, халқ манфаати ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашга қаратилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда спорт йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти, Администрация раҳбари ва ҳукумат томонидан белгиланган вазифалар ижроси бўйича назоратни кучайтириш, масъулият ва жавобгарлик ҳиссини ошириш, айниқса, раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга асосий эътибор қаратилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, вазирлик марказий аппаратида топшириқларни бажариш бўйича KPI тизими ишлаб чиқилган бўлиб, унда ходимлар ўзига юклатилган вазифаларнинг натижадорлиги асосида рағбатлантириб борилади. Ҳозир ушбу тизимни янада такомиллаштириб, ҳудудий тузилмалар ва тизим ташкилотларига жорий қилиш бўйича ташкилий ишлар бажарилмоқда.
Сўнгги йилларда давлат ва жамият бошқарувидаги самарали ислоҳотлар, замонавий бошқарув услубларининг кенг кўламда татбиқ этилиши, назорат ва ижрони юритиш шакллари такомиллашгани каби қатор ишлар ҳамда давлат бошқаруви тизимидаги турли бўғин раҳбарлари шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирлар ёшлар ва спорт соҳасидаги муҳим вазифаларни бажариш имконини бераётгани яққол кўринмоқда.
Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни пухта ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишнинг таъсирчан амалиётини шакллантириш, уларни аниқ ижрочилар, кенг жамоатчилик, шунингдек, аҳолига тезкор етказиш, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш, жорий, ўрта муддатли ва истиқболдаги вазифаларни самарали амалга ошириш юзасидан шошилинч, тезкор чоралар кўриш бўйича амалий ҳаракатлар аниқ белгилаб берилмоқда.
Бугун вазифаларни ўз вақтида бажаришнинг самарали усули замонавий технологияларни жорий қилишдир. Электрон муҳитда ҳужжатлар алмашинувини янада фаоллаштириш орқали ортиқча қоғоз, вақт ва бошқа исрофгарликларнинг олди олинади. Шу билан бирга, ушбу жиҳат белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш, яъни муаммони ўз вақтида ҳал этишга замин яратади.
Спорт соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши натижасида аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллионга етди. Шунингдек, спорт билан доимий шуғулланувчилар сони сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробар кўпайди.
Жорий йилда 400 дан ортиқ спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2026 йил якунига қадар 7-30 ёшли юртдошларимизни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказиш учун умумтаълим мактаблари, олий ва касбий таълим тизими ўқувчи ва талабалари билан тизимли ишлар ташкил этилмоқда.
Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолияти янгидан йўлга қўйилиб, спортчиларни индивидуал ҳамда илк бор паралимпия йўналишида спортчиларни тайёрлаш тизими яратилди.
Миллий терма жамоалар аъзолари 2025 йилдаги қарийб 6500 дан 8069 нафарга (5130 нафари асосий ва 2939 нафари захира) етказилди.
Спорт инфратузилмаси кенгайтирилиши ва йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳолини спортга жалб этиш ва юқори спорт натижаларига эришишга катта туртки бермоқда. Сўнгги йилларда 101 та йирик спорт объекти янгидан қурилиб, 67 таси реконструкция қилингани ҳам бунда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Олимпия ва паралимпия марказларида қиймати қарийб 200 миллиард сўмлик спорт объектлари барпо этилиб, барча зарур замонавий инфратузилма яратилди.
Бухоро ва Андижон вилоятларида йирик универсал спорт мажмуалари, Тошкент шаҳрида “Ҳумо арена” муз саройи, “Алпомиш” спорт мажмуаси, Оксана Чусовитина номидаги гимнастика мактаби, Баҳодир Жалолов номидаги бокс мактаби, Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати, Миллий футбол маркази, Олимпия шаҳарчаси ҳудудида спорт объектлари ва иншоотлари каби йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Спорт инфратузилмаси яхши ривожланмаган, олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда намунавий типдаги 1915 та спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари ҳамда 4000 га яқин хусусий спорт клуби иш бошлади.
Сўнгги тўрт йилда спорт соҳасида 24 та ахборот тизими ишга туширилди. “ERP-sport” ягона ахборот бошқарув тизими яратилгани натижасида спортга оид маълумотларни тасдиқланган рақамлар асосида шакллантириш имконияти кенгайди.
Олимпия терма жамоалари сафи 2 баробар кенгайиб, 10 мингни, паралимпия терма жамоалари эса 3 баробар кенгайиб, 1200 нафарни ташкил этди.
Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида жорий йил 12-17 апрель кунлари илк бор таэквондо WТ бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоаси 3 олтин, 2 кумуш ва 1 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади. Эътиборли жиҳати, таэквондочиларимиз мазкур жаҳон чемпионатида биринчи марта бир йўла 3 та олтин медалга эга бўлиб, тарихий натижа қайд этди.
Бишкек шаҳрида шу йил 23-26 май кунлари бадиий гимнастика бўйича катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 11 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Ёш гимнастикачи Тахмина Икромова мусобақада кетма-кет 5 олтин медаль қўлга киритган ягона иштирокчи бўлди.
3-17 июль кунлари эса Жакарта шаҳрида U-19 ва U-23 ёш тоифаларида бокс бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси ушбу нуфузли мусобақада 21 олтин, 6 кумуш ва 6 бронза медални қўлга киритиб, ҳар икки ёш тоифасида ўғил болалар ва қизлар ўртасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
18-19 июль кунлари Амман шаҳрида ёшлар ўртасида дзюдо бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. 20 давлатдан 173 спортчи иштирок этган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 7 олтин, 2 кумуш ва 6 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Тагейтей шаҳрида 25-31 март кунлари велоспорт ва пара велоспортнинг трек йўналиши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ёшлар ва катталар ўртасида 24 олтин, 11 кумуш ва 9 бронза медални қўлга киритди. Ушбу медаллардан 21 олтин, 10 кумуш ва 5 бронза параспортчиларимиз ҳиссасига тўғри келди.
Футбол бўйича миллий терма жамоамиз илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, 2026 йилнинг июнь-июль ойларида жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этди. Гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоаларига қарши майдонга тушди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон спортнинг яна бир истиқболли йўналиши — шахмат бўйича халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиб, дунё миқёсида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.
Самарқанд шаҳрида шу йил сентябрь ойида ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси нафақат Ўзбекистон спорти, балки дунё шахмати тарихида ҳам унутилмас воқеа бўлди. Нуфузли мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси жаҳоннинг энг кучли шахмат жамоалари орасида биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Шу тариқа шахматчиларимиз 2022 йилда эришган тарихий муваффақиятини такрорлаб, иккинчи бор шахмат олимпиадаси чемпиони бўлди.
Японияда бўлиб ўтган ХХ ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортнинг 42 тури бўйича 396 спортчи билан қатнашиб, 21 олтин, 25 кумуш ва 24 бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.
2025 йилда илк бор уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари тизими йўлга қўйилиб, тажриба тариқасида спортнинг 10 та олимпия тури бўйича ўтказилди. Мусобақаларнинг биринчи минтақавий босқичида 53 туман ва шаҳардан 103 минг ёш спортчи иштирок этган бўлса, улар орасидан 13,3 минги иккинчи босқичга сараланди.
Мусобақаларнинг финал босқичи Олимпия шаҳарчасида Президент олимпиадаси сифатида ташкил этилиб, унда ҳудудлардан сараланган ва Олимпия ҳамда паралимпия марказларидан тўғридан тўғри йўлланма олган 2913 ёш спортчи иштирок этди. Мусобақалар 11 кун ўтказилиб, иштирокчилар 497 медаль жамланмаси учун беллашди.
Мусобақалар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри 1-ўринни, Тошкент вилояти 2-ўринни ва Хоразм вилояти 3-ўринни эгаллади. Эътиборлиси, 521 ғолиб ва совриндорнинг 331 нафари Ўзбекистон терма жамоалари аъзоси, уларнинг 80 нафари Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорларидир.
Мазкур натижалар “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари ёшларни оммавий спортга жалб этиш билан бирга иқтидорли спортчиларни эрта аниқлаш, саралаш ва юқори натижаларга йўналтиришда муҳим механизмга айланаётганини кўрсатмоқда.
Спортда яратилган яхлит тизимнинг амалий натижалари сифатида жорий йилда Олимпия шаҳарчасида ўтказилган халқаро спорт тадбирларини ҳам мисол қилиш мумкин. Жумладан, 2026 йил августда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати Олимпия шаҳарчасида ўтказилди. Чемпионатда Осиёнинг 29 мамлакатидан 300 дан ортиқ оғир атлетикачи иштирок этди.
2026 йил октябрда Олимпия шаҳарчасининг Сув спорти саройида яна бир муҳим нуфузли мусобақа — сузиш бўйича жаҳон кубоги ўтказилди.
Шулардан ҳам кўриниб турибдики, Олимпия шаҳарчасидаги спорт иншоотлари ўзбек спортининг миллий тимсоли ва ягона спорт кластерига айланиб бормоқда.
Ушбу йирик инфратузилманинг самарали фаолият юритиши, унда яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш эса, аввало, ижро интизоми ва раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш билан бевосита боғлиқ.
Бугун қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг амалда назорат қилиниши йўлга қўйилган бўлиб, бунда вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларда ишларнинг реал ҳолатини танқидий ўрганиш, шунингдек, электрон маълумотлар базаси асосида “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида ўз вақтида ҳисобот берилишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси раҳбари ҳужжатлари ва топшириқларининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ижро этилиши юзасидан “технологик занжир” асосида Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда тизимли ишлар бажарилмоқда.
Белгиланган топшириқлар ижросининг ўз вақтида таъминланиши бўйича жавобгарлик вазирликнинг барча бўғини раҳбарлари зиммасига юклатилди.
Шу билан бирга, соҳа мутахассисларига ижро интизомининг аҳамияти ва зарурати бўйича билими, ҳужжатлар билан ишлаш бўйича малакасини оширишга қаратилган амалий машғулотлар мунтазам ўтказилмоқда.
Спорт вазирлиги масъул бўлган ҳужжатлар ва топшириқлар таҳлил қилинганда, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида “Ijro.gov.uz” электрон тизимида назоратга олинган 1070 дан ортиқ топшириқнинг ижроси ўз вақтида таъминлангани маълум бўлди. Кўрилган чоралар ва белгиланган вазифалар вазирлигимиз олдида турган муҳим дастур ва режаларнинг ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бу жараёнда, юқорида таъкидлаганимиздек, ижро интизомини таъминлаб, ҳар биримиз ўз вазифамизга сидқидилдан ёндашишимиз, “Спортда мукаммаллик: тизим, интизом ва натижа” деган шиор билан ҳар кунлик иш жараёнини ташкил этишимиз зарур.
Адҳам ИКРАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири