Дунёнинг қай бир бурчагида юз берган ихтилоф, баъзи давлатлар ўртасидаги келишмовчилик, гоҳида содир этилган ҳарбий тўқнашувлар ҳам инсон улуғворлигини пароканда қила олмаган. Ҳаттоки ўтган асрнинг тажовузкор силсилалари бўлмиш Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари ҳам инсоният қадри олдида ожиз қолгани бугун сир эмас.
Инсон
қадри тамомила йўқ бўлиб кетмаслиги ҳақ гап. Шу билан бирга, инсон комиллигига
хос бўлмаган ҳар қандай иллат, кўнгил ришталарини бузувчи ҳар қандай разиллик
ўзининг салбий изларини қолдириши табиий.
Илм-фан
ривожи, техник тараққиёт юксак чўққиларни забт этган йигирма биринчи асрнинг
ҳам чорак қисми ортда қолди. Инсон ақл-заковати улуғворлик касб этишини, олам
сирларини инсон онгига мослаштиришни ҳар қадамда кузатиш қийин эмас.
Шу
билан бирга, бугунги кунда дунё мураккаб ва чуқур ўзгаришларни бошдан
кечирмоқда. Жаҳоннинг турли нуқталарида қуролли можаролар юз бермоқда.
Давлатлар
ўртасидаги қарама-қаршилик, санкциявий босим каби янгича тажовузлар беқарорлик
ва ноаниқликка сабаб бўлмоқда. Халқаро сиёсий ва иқтисодий тартиб гўёки бузилиш
сари юз тутган.
Мураккаб
геосиёсий ўзгаришлар юз бераётгани деярли ҳар бир давлат миқёсида очиқ-ойдин
акс этмоқда. Давлатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик тобора чуқурлашмоқда.
Натижада хавфсизликка таҳдид, ташқи таъсирнинг ортиши, имкониятлар тенгсизлиги
ва қашшоқлик тобора авж олмоқда.
Кейинги
юз йилликда бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган дунё мувозанатини сақлаб
қолиш, муштарак қадрият ва неъматлар емирилишининг барвақт олдини олиш, инсон
улуғворлигини асраб-авайлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ аҳамият касб
этмоқда.
Олдиндан
башорат қилиш мураккаб бўлган бу тарздаги глобал сиёсий-иқтисодий жараёнларда
давлатлараро янги йўсиндаги халқаро ташкилотларга эҳтиёж сезилиши табиий.
Ички
стратегик вазифаларни муваффақиятли ҳал қилишда халқаро омилларнинг аҳамияти
сезиларли даражада ошди. Давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатида ўзаро боғлиқ
жиҳатлар намоён бўла бошлади. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир давлатни миллий
ривожланиш учун қулай халқаро муҳитни шакллантиришда ўзининг бевосита
иштирокини кучайтиришга имкон берувчи йўлларни излашга ундамоқда.
Хавфли
жараёнлар давлат доирасидан четга чиқиб бораётган бир пайтда муаммолар
гирдобидан қандай қутулиш мумкин? Инсоният қайси йўлни танласа, дунё
мамлакатларининг дўстона муносабатида изчиллик шаклланади? Саъй-ҳаракатлар
муайян давлатни қамраб олса, мақсадга эришиш мумкинми ёки глобал ечимни
давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигида қидириш зарурми?
Бу
каби саволлар бўйича жавоблар ҳам хилма-хил бўлмоқда. Қувонарлиси шундаки,
Ўзбекистон етакчиси глобал муаммолар ечими сифатида «конструктив мулоқот ва ҳар
бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп
томонлама ҳамкорлик»ни илгари сурган. Бу таклифда инсонни улуғлашга, мураккаб
синовлардан ўтиб келган тарихий қадриятларни сақлашга хизмат қилувчи илғор
ғоялар, яъни фақат ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган инклюзив
ёндашувларгина замонавий халқаро ҳамкорлик конструкциясини мустаҳкамлашга,
адолатли дунё тартиботини шакллантиришга, ўзаро ишонч ва хавфсизликни
таъминлашга қодирлиги мужассамлашган.
Мамлакатлар ўртасидаги ишончни
мустаҳкамлаш таянчларидан бири
Сиёсий қутблилик, иқтисодий боғлиқлик, ахборот
глобаллашуви каби жараёнлар бугунги халқаро муносабатларда муҳим мазмунга эга.
Халқ ижодига мансуб «бирлашган ўзар» ибораси глобал дунёда ҳам ўз қадрига эга
экани бугун яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, бирор давлатнинг устувор қутбга эга
бўла олмаслигини сўнгги ўн йиллик тарих исботлаб берди.
Давлатлар
ўртасидаги ҳамкорлик замонавий дунёга мос ҳолда турли жабҳаларда йўлга
қўйилмоқда. Минтақавий хусусиятга эга халқаро тузилмалар шулар жумласидан. Хусусан,
минтақавий ташкилотлар аъзо давлатларга нафақат халқаро майдонда умумий қоида
ва хулқ-атвор нормалари бўйича ўзаро келишиш, балки келишувнинг ижросини
таъминлаш бўйича ҳам муроса қилиш имконини беради.
Мамлакатлар
ўртасидаги ўзаро англашувни янада мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни
ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувни
рағбатлантириш, шунингдек, юз бериши мумкин бўлган айрим келишмовчиликни енгиб
ўтишда ҳам ёрдам беради.
Иккинчи
жаҳон урушидан кейин дунёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда янги
глобал можароларнинг олдини олиш учун мўлжалланган халқаро институтлар ташкил
этилиши эътиборга лойиқ тарихий фактлардан биридир.
БМТ
ташкил этилиши бунга яққол мисол. Шу билан бирга, ўзаро зиддиятли вазиятлар
силсиласида фаолият кўрсатган НАТО ва Варшава шартномаси ташкилоти ҳам ушбу
таҳликали даврнинг маҳсули.
Йиллар
сайин халқаро муносабатларнинг ҳуқуқий архитектураси эскириб бораётгани,
халқаро институтларга хос тамойиллар ҳам сезиларли тарзда янгиланаётгани,
ўзгаришлар айрим ҳолларда амалдаги халқаро тартиботга жиддий таҳдид солаётгани
кузатилмоқда.
Глобал
сиёсат хавфли беқарорлик белгиларини намоён этаётганини инобатга оладиган
бўлсак, халқаро ташкилотларнинг ўрни ва имкониятларини танқидий қайта кўриб
чиқиш энг муҳим вазифалардан бирига айланади. Шу билан бирга, халқаро
институтлар ўрни ва роли заифлашаётган ҳозирги кунда кўп томонлама фаолиятга
асосланган замонавий институтлардан бири бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти
глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига, жаҳонда барқарор ва
адолатли тартиботни таъминлашнинг мустаҳкам таянчларидан бирига айланмоқда.
ШҲТ
маданий-цивилизациявий қарашлари турлича мамлакатларни бирлаштира олган, турли
қадрият ва турмуш тарзига эга халқлар ўртасидаги бир-бирини тушуниш ва ўзаро
ҳурматни, маънавий яқинлашув ва гуманитар ҳамкорликни фаол равишда
қўллаб-қувватлаб келмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, «... бу фақат
қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг
калитидир».
Чорак
аср мобайнида Евроосиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий
ҳамкорлик билан бирга гуманитар мулоқотни ривожлантириш ШҲТ таъсис ҳужжатларида
мустаҳкамланган устувор фаолият йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
«Катта
ШҲТ оиласи»га мансуб мамлакатлар ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар,
кўп асрлик алоқалар, халқларнинг маданий ва дунёқараш жиҳатдан яқинлиги улар
ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам ва ўзгармас асоси ҳисобланади.
Мамлакатларнинг бой тарихи ва яқин цивилизациявий алоқалари ташкилот ичидаги
кенг миқёсдаги маданий-гуманитар ҳамкорликни объектив равишда олдиндан белгилаб
беради. Шу нуқтаи назардан, бир неча асрлар муқаддам ШҲТга аъзо давлатлар Буюк
ипак йўли орқали ўзаро боғланганини ёдга олиш ўринлидир.
Бошқа
халқларнинг тили, урф-одатлари ва умумий қадриятларини билиш орқали миллий
маданиятлар ҳақида ижобий тасаввур уйғонади, уларга нисбатан бағрикенглик
шаклланади, натижада турли миллатга мансуб одамлар ўртасида ишонч пайдо бўлади.
ШҲТ
мамлакатлари ўртасида гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш унинг таъсис ҳужжати
ҳисобланган хартияда алоҳида таъкидланган. Ташкилотнинг устувор вазифаларидан
бири сифатида белгиланган. Бу ҳақда ШҲТ Бош котиби Нурлан Ермекбаев ўтган йили
Пекинда гуманитар алмашинувлар бўйича бўлиб ўтган «Уйғунлик ва бирлик:
келажакни биргаликда яратиш» мавзусидаги форумда алоҳида таъкидлади.
Сўнгги
25 йил мобайнида ШҲТга аъзо давлатлар ўзаро маданий алмашинувларни изчил
кенгайтирди. Бир қатор ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилди. Ўзаро мулоқотнинг
замонавий платформалари яратилиб, нафақат ташкилот, балки унинг таъсир
доирасидан ташқарида ҳам муҳим аҳамият касб этувчи кўплаб йирик лойиҳалар
амалга оширилди.
Ташкилотнинг
энг муҳим ютуғи бунёдкорлик фалсафасига қатъий содиқлик, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик
учун очиқлик, учинчи давлатларга қарши йўналтирилмаслик, ҳар бир халқнинг
миллий хусусиятлари, ўзига хослигини ҳурмат қилишдир.
ШҲТ
халқаро ҳуқуқ ва кўп томонламалик тамойилларини, шунингдек, муайян мамлакат ёки
маданиятнинг ҳукмронлигисиз маданий-цивилизациявий хилма-хилликни эътиборга
олишни биринчи ўринга қўяди. Бинобарин, ШҲТ турли йўналишли блоклар тузиш,
мафкуралаштириш ёки қарама-қаршилик каби хулқ-атвор моделларини истисно қилади.
Президентимиз
таъбири билан айтганда, ШҲТ фаолияти муваффақиятининг асосий шарти халқлар
ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамланиши, ўзаро манфаатларни инобатга олиш, тенг
ҳуқуқлиликни таъминлашдан иборат.
Шунингдек,
давлатимиз раҳбари “Умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз,
маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама
ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси — «Шанхай руҳи»ни мустаҳкамлаш бугун ҳар
қачонгидан муҳим” эканини эътироф этган.
Президентимиз
саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон 2017 йилдан бошлаб ШҲТ доирасида
ҳамкорликни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Сўнгги ўн йил ичида
мамлакатимиз етакчиси ташкилот саммитларида 70 дан ортиқ муҳим ва долзарб
ташаббусни илгари сурди. Бу ташаббуслар нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий,
транспорт-логистика, маданий-гуманитар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни
ривожлантиришга ҳам йўналтирилган.
Ушбу
фаоллик Ўзбекистонга ташкилот кун тартибини шакллантириш, муҳим қарорлар қабул
қилиш жараёнида самаралироқ иштирок этиш, шу орқали минтақавий ҳамкорлик сари
прагматик ечимларни жорий этиш имконини берди. Ўзбекистоннинг минтақавий
низоларни ҳал этиш, мулоқот ва маслаҳатлашувларни ривожлантиришдаги конструктив
роли барча иштирокчилар томонидан эътироф этилди. Бу эса Ўзбекистоннинг ишончли
ва тинчликсевар давлат сифатидаги мақомини халқаро миқёсда янада
мустаҳкамламоқда.
Марказий Осиё руҳи
ШҲТ ҳақида гап кетганда, яна бир муҳим жиҳат —
Марказий Осиё давлатлари иштирокининг ўзига хослиги алоҳида эътиборга
молик.
Иқтисодий
ривожи бўйича дунё пешқадамларидан ҳисобланган Россия, Хитой, Ҳиндистон каби
улкан юртларни боғлаб турган бу макон минг йиллик тарих мобайнида яхлит бўлиб
келгани, уларнинг халқаро даражада тобора жипслашиб бораётгани, айниқса,
кейинги ўн йиллик мобайнида шаклланган ришталар бугун ўз сўзини айтмоқда.
Жумладан,
2021 йилдаги ШҲТнинг Душанбе декларациясида Марказий Осиё Шанхай ҳамкорлик
ташкилотининг ядроси — марказий манбаси экани тасдиқлангани бунга яққол
далилдир.
Марказий
Осиёда барқарорлик ва хавфсизликнинг узлуксиз таъминланаётгани, бу борадаги
саъй-ҳаракатлар узоқни кўзлаган сиёсатнинг намунаси экани мазкур ҳужжатда очиқ
тан олинган.
Кейинги
йилларда «5+» форматида ўтаётган қатор давлатлараро учрашувлар айнан Марказий
Осиёга нисбатан ҳар томонлама қизиқиш кучайганини англатади.
Назаримизда,
бундай халқаро эътироф негизини дунё давлатларида юз бераётган ўзгаришлар эмас,
айнан Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигида жадал рўёбга ошаётган жипслик,
ўзаро муносабатлардаги мустаҳкам ишонч, сўзсиз тенглик ва яхши қўшничилик
тамойиллари ташкил этади.
Албатта,
давлатларнинг интеграцияга киришишдан олдин минтақавий ҳамкорлик асосида ўзаро
муносабатларини мустаҳкамланганини халқаро тажрибада кузатиш мумкин. Бу борада
Европа Иттифоқи, Жануби-шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН), Араб давлатлари
лигаси, Африка Иттифоқи каби интеграцион бирлашмаларни мисол сифатида келтириш
мумкин.
Марказий
Осиё давлатлари ҳам мустақилликдан кейин ўзларининг интеграцион тузилмаларини
тузишга уринган. Бундай халқаро ташкилотлар ўзаро ишонч ва бағрикенглик
тамойилларига асосланганини кўриш мумкин. Хусусан, 1998 йил 17 июлда
Чўлпонотада «Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти» номи билан минтақавий
бирлашмага асос солинган. Бироқ бу бирлашма 2005 йилгача фаолият кўрсатган.
Саволлар
туғилиши табиий: ушбу интеграцион бирлашма ўзаро тенглик ва толерантлик
тамойилларига асосланган бўлишига қарамай, нима учун кутилган самарани
бермаган? Бугунги Марказий Осиёнинг қайси жиҳатлари аввалги муҳитдан фарқли?
Айтиш
мумкинки, ҳозирги Марказий Осиёнинг янги босқичдаги уйғониш даври
халқларимизнинг умумий мақсади — тинч, барқарор, фаровон ва очиқ минтақани
барпо этишга амалда хизмат қилмоқда. Назарий режалар халқнинг кундалик ҳаётида
рўй бермоқда.
Бир-бирига
қон-қардош элларнинг ўзаро борди-келдиси нуқтаи назаридан қараганда, Марказий
Осиё давлатлари ўртасидаги чегара расмиятчилиги мавжуд эмас деб айтса бўладиган
даражада очиқланди.
Том
маънодаги миллатлараро самимий дўстона алоқаларни таъминлаш Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги
муносабатларда ҳам, шунингдек, ҳар бирининг ички сиёсатида ҳам бир маромда
амалга оширилмоқда.
Мазкур
йўналишдаги энг улуғвор куч ушбу юртлар раҳбарлари — мамлакатлар Президентлари
бирдамлигида шаклланиб, халқлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётган бирлик,
ишонч ва ўзаро эҳтиром тамойилларидир.
Нисбатан
қисқа муддатда минтақавий ҳамкорлик ва ишончли мулоқотнинг самарали механизмига
айланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари
минтақамизда бўлаётган ўзгаришларнинг ёрқин тимсолидир. Ушбу учрашувлар
Марказий Осиёнинг бугунги тараққиёти ва келажагига дахлдор стратегик масалалар
бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асосий мулоқот майдони сифатида
шаклланди.
Президентимизнинг
2025 йил 13 ноябрда чоп этилган «Марказий Осиё янги давр остонасида» мақоласида
«... бугунги кунда ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш шунчаки сиёсий мақсад эмас,
балки стратегик зарурат» экани таъкидланган.
Мана
шу аснода жаҳон сиёсатшунослигида минтақавий ҳамкорлик ўзаро ишонч ва
ҳамжиҳатликка асосланганини ифодаловчи «Марказий Осиё руҳи» ибораси пайдо
бўлди.
Минтақа
давлатлари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини ҳал этиш,
Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш ташаббусларини
илгари суриш юзасидан Евроосиёда янги турдаги муносабатларни шакллантиришга
самарали ҳисса қўшмоқда.
Давлатлараро
муносабатларда табиий муаммолар билан биргаликда нотабиий, инсон омили натижаси
ўлароқ юзага келадиган масалаларнинг ечимини топиш ҳам муҳим аҳамият касб
этади. Масалан, Марказий Осиёга оид сувсизлик, чўлланиш, сув транспорти йўқлиги
каби муаммолар географик жойлашувга боғлиқ, давлатлар чегарасига оид
келишмовчиликлар, савдо-сотиқ, эркин туризм каби инсоний масалаларни эса давлат
бошқаруви иродаси орқали ҳал этиш мумкин.
Марказий
Осиё давлатлари ўртасидаги барча чегаравий муаммоларнинг бирор уруш-жанжалсиз,
бошқа давлатларни аралаштирмасдан, босиқлик асосида тинч йўл билан узил-кесил
ҳал этилганини «Марказий Осиё руҳи»нинг
ижобий натижаси сифатида талқин этиш лозим.
Шу
ўринда чегаравий муаммо тўлиқ ҳал этилгани нишонаси сифатида Ўзбекистон,
Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудлари кесишган нуқтага «Дўстлик стеласи»
ўрнатилганининг бир йиллиги халқлар байрамига айланиб кетганини қайд этиш
лозим.
Давлатимиз
раҳбари бу ҳақда фикр юритар экан, «... куч ва имкониятларимизни бирлаштириб,
умумий вазифаларни ҳал этмоқдамиз, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга тинч ва
бунёдкор ҳамкорликнинг вақт ва ҳаёт синовидан ўтган — ишонч, яхши қўшничилик ва
ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган ўз моделимизни таклиф этмоқдамиз. Ва бугун
Марказий Осиёни кенг минтақамизда яшаётган барча миллат ва халқлар учун ягона
тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айлантирадиган ушбу тарихий суръатни
сақлаб қолишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳим» эканига урғу берган.
Халқ дипломатияси — энг мақбул йўл
Расмий Тошкент халқлар ўртасидаги ишончни
мустаҳкамлаш, давлатлараро ўзаро тушунишни чуқурлаштириш, уйғун манфаатларни
инобатга олиш ва тенглик ШҲТ фаолиятидаги муваффақиятларнинг асосий кафолати
эканини таъкидлаб келади.
ШҲТнинг
бошқа халқаро ташкилотлардан фарқли жиҳатларини тушуниш учун ташкилотга аъзо
давлатларнинг ўзаро муносабатларида амал қилинадиган «Шанхай руҳи»
тамойилларини билиш талаб этилади. Унинг негизини ўзаро ишонч, манфаат,
тенглик, маслаҳатлашув, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат, биргаликда
ривожланишга интилиш каби кенг мазмунли тушунчалар ташкил этади.
Шубҳасиз,
ШҲТ роли ва нуфузининг янада мустаҳкамланиши аъзо давлатларнинг «Шанхай
руҳи»га, ташкилот тамойиллари ва қадриятларига содиқлигига боғлиқ.
Хитой
етакчиси Си Цзиньпин «Шанхай руҳи»нинг ўта муҳимлигига эътибор бериб,
“Ташкилотнинг асосий қиймати ва умумий концепцияси сифатида «Шанхай руҳи»га
доимий равишда риоя қилиш, уни глобал жараён ва ташкилотнинг ривожланишини
ҳисобга олган ҳолда даврнинг янги мазмуни билан доимий равишда бойитиш
муҳим”лигини қайд этган.
Ўзаро
ишончга асосланган халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, дунё мамлакатлари,
хусусан, қўшни давлатлар билан тинч-тотувлик тамойили асосида мулоқот қилиш,
фақат давлатлараро эмас, балки халқларнинг кенг қатламлари ўртасидаги
маданий-гуманитар алоқаларни ҳам кенгайтириш бугунги замоннинг асосий
талабларидан биридир.
ШҲТга
аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик
тўғрисидаги шартнома ва ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида маданият
соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим каби ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, ШҲТ халқ
дипломатиясини ривожлантириш, нодавлат алмашинувлар тармоғини яратиш, мунтазам
турли тадбирлар ўтказиш ва бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.
Фуқаролик
жамияти институтларини ШҲТдаги жараёнлар ва унинг доирасида қабул қилинган
қарорлар ижросига кенг жалб қилиш ўзаро салоҳиятимизни янада юксалтиради ҳамда
самарали ҳамкорлик учун янги уфқларни очади. Айниқса, аёллар, ёшлар ташкилотлари,
академик доиралар, ишбилармонлар, спорт жамоалари ва ижодий гуруҳлар ўртасида
ҳамкорликни ривожлантириш халқларимизни янада яқинлаштириш билан бирга
якдиллик, тинчлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Юқоридаги
фикрларга асосланган қуйидаги таклифлар юртимиз ва минтақада халқ
дипломатиясини янада муваффақиятли амалга ошириш бўйича қўшимча омил бўлиб
хизмат қилиши мумкин:
—
ШҲТга аъзо давлатларда халқ дипломатияси амалиётининг ягона маълумотлар
базасини яратиш ва ННТлар, таҳлил марказлари, олий таълим муассасалари ва ёшлар
ташкилотлари ўртасида тажриба алмашиш мақсадида «Барқарор келажак учун мулоқот»
онлайн платформасини ишга тушириш;
—
ННТларни соҳага кенг жалб этиш, уларнинг илғор лойиҳаларини оммалаштириш
мақсадида ҳар йили «Халқ дипломати» халқаро танловини ўтказиш;
—
хотин-қизларнинг жамоатчилик ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, етакчилик
кўникмаларини мустаҳкамлаш ва халқ дипломатиясида уларнинг ролини янада
оширишга қаратилган семинарлар, маҳорат дарслари ва таълим дастурларини ўз ичига
олувчи «ШҲТ: аёллар овози» лойиҳасини ишга тушириш;
—
Марказий Осиё ва ШҲТ мамлакатларида ўтказилаётган қатор фестиваль ва
кўргазмалар «маданий харитаси»ни яратиш;
—
атроф-муҳит ҳақида хабардорлик ва муҳофаза қилиш учун масъулиятни ошириш ҳамда
халқаро экологик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган «ЭКО-ШҲТ» ва «Табиат —
жамият — инсон» лойиҳалари доирасида экологик акциялар, семинарлар ва таълим
тадбирларини ўтказиш, таниқли олимлар, маданият ва жамоат арбобларининг тажриба
алмашиши ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида «СCО Эхчанге» лойиҳасини амалга
ошириш;
—
хусусий сектор ва халқаро молия институтларини мазкур лойиҳаларни
қўллаб-қувватлашга жалб қилиш механизмларини жорий этиш.
Хулоса
қилиб айтганда, халқ дипломатияси турли давлатлар халқларининг ўзаро
муносабатларини янада яхшилашга қаратилган, иккинчи томондан, ҳар бир
давлатдаги халқларнинг ўзаро ички турмуш тарзида ҳам бирдамликни улуғловчи ва
юракларни илҳомлантирувчи туйғудир.
Халқаро
нотинч вазиятда давлатлараро муносабатларни барқарорлаштирувчи, дўстлик ва
маданият уруғини экувчи халқ дипломатиясининг имкониятларидан тўлиқ
фойдаланишимиз керак.
Қобилжон СОБИРОВ,
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори