Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг хабар беришича, «Жартепа» чегара божхона пости ходимлари томонидан тақиқланган қурилмани олиб киришга уринишнинг олди олинди.

Таъкидланишича, қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаро бошқарувидаги «Mercedes-Benz» русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Текширув жараёнида транспорт воситасининг багаж қисмида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, шунингдек тегишли рухсатномаси мавжуд бўлмаган, қиймати тахминан 6 миллион сўмлик 1 дона Starlink қурилмаси борлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Самарқанд вилояти Электромагнит мослашув хизмати томонидан берилган хулосага кўра, мазкур орбитал сунъий йўлдош алоқа қурилмасини республика ҳудудига махсус рухсатномаларсиз олиб кириш ва ундан фойдаланиш мумкин эмаслиги яна бир бор тасдиқланди.

Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.