Қонун суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда қуйидаги органлар фаолиятини молиялаштириш учун маблағлар назарда тутилади:

— Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;

— Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

— Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши.

Қонунга мувофиқ, судлар фаолиятини молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.

Судлар фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган маблағларни тақсимлаш ваколати тегишли органларга юклатилган.

Жумладан, Конституциявий суд учун ажратилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан, Олий суд учун — Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, Судьялар олий кенгаши учун эса — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан тақсимланади.

Ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари, туманлараро иқтисодий судлар ҳамда туманлараро маъмурий судлар учун ажратилган маблағларни эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти тақсимлайди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.