Чўмилиш мақсадида дарё бўйига келган 2008 йилда туғилган олти нафар йигитдан уч нафари сувга чўкиб ҳалок бўлди.
Бу ҳақда "Ишонч ТВ" маълум қилди.
Қайд этилишича, йигитлардан бири сувга тушмаган. Қолган беш нафар йигит дарёга кирган вақтда кучли оқим уларни сув тубига тортиб кетган. Атрофда бўлган фуқаролар зудлик билан ёрдамга шошилиб, икки нафар ўсмирни қутқариб қолишга муваффақ бўлган. Бироқ яна уч нафар йигитни кучли оқим оқизиб кетган.
Ҳодисадан сўнг қутқарув хизматлари томонидан қидирув ишлари олиб борилди. Ўша куннинг ўзида бир нафар ўсмирнинг жасади сувдан олиб чиқилган бўлса, 9 июнь куни яна бирининг жасади топилди. Айни вақтда учинчи ўсмирни қидириш ишлари давом этмоқда.
Мутасаддилар фуқароларни тақиқланган ва чўмилиш учун мослаштирилмаган ҳудудларда сувга тушмасликка чақирмоқда. Таъкидланишича, Сурхондарё вилоятида бу сувга чўкиш билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.
Мутахассислар хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, фақат махсус ажратилган ва рухсат этилган жойларда чўмилиш орқали бундай фожиаларнинг олдини олиш мумкинлигини эслатмоқда.