Бу Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказган янги ҳужжатда белгиланди.

Адлия вазирлиги Таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун йиғимлар миқдорлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчани давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3739-1, 2026 йил 31 октябрь).

Ҳужжатга кўра, таълим ташкилотининг мурожаати асосида давлат аккредитациясидан ўтказиш учун базавий йиғим миқдори 4 баравар камайтирилиши, яъни унинг 25 фоизи қўлланилиши мумкин.

Бундай имтиёз қуйидаги ҳолатларда берилади:

  • Президент, Президент Администрацияси раҳбари ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли таълим дастурларини давлат аккредитациясидан ўтказиш зарурати юзага келганда;
  • таълим ташкилотидаги амалдаги таълим дастурларининг камида 50 фоизи Ўзбекистонда тан олинадиган аккредитация ташкилотлари реестрига киритилган ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтказилган ва ушбу натижалардан фойдаланиш орқали баҳолаш ишлари ҳажмини қисқартириш имконияти мавжуд бўлганда;
  • махсус давлат аккредитациясини масофавий шаклда ўтказиш имконияти мавжуд бўлганда;
  • бир вақтнинг ўзида 10 та ва ундан ортиқ таълим дастурини махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун мурожаат қилинганда;
  • турдош таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда умумий моддий-техника базаси, кадрлар ёки бошқа инфратузилмани такроран баҳолаш талаб этилмаслиги натижасида аккредитация ишлари ҳажми қисқарганда.

Янги тартиб аккредитация жараёнида баҳолаш ишлари ҳажми қисқарган ёки уларни ўтказишнинг муқобил имкониятлари мавжуд бўлган таълим ташкилотлари учун йиғимни камайтиришга хизмат қилади.