Музокаралар давомида томонлар Тайван бўғози атрофида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Маълум қилинишича, Чэн Ли-вэн сўнгги ўн йил ичида Хитойга ташриф буюрган Гоминьданнинг биринчи амалдаги раҳбари ҳисобланади. 2016 йилда Цай Инг-вэн президентликка келганидан сўнг Пекин Тайван билан юқори даражадаги расмий мулоқотларни чеклаган эди.

Учрашувда Си Цзиньпин икки томон ўртасидаги мулоқотлар тинчликни сақлаш ва барқарор ривожланиш учун муҳим эканини таъкидлади. У, шунингдек, Тайван мустақиллигига қарши позиция ўзгармаслигини билдирди.

Ўз навбатида, Чэн Ли-вэн икки қирғоқ аҳолиси учун тинчлик ва ҳамкорлик устувор аҳамиятга эга эканини қайд этди. У “1992 йил консенсуси”га амал қилиш қарама-қаршиликларни юмшатишга хизмат қилишини таъкидлади.

Айни пайтда Тайванда ҳукмрон Демократик тараққиёт партияси мазкур ташрифни танқид қилмоқда.

Пекин Тайванни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва уни куч ишлатиш орқали қайтариб олиш эҳтимолини ҳам истисно этмаган. Шу билан бирга, Хитой ҳукумати амалдаги президент Лай Циндэ билан расмий мулоқотлар ўтказмаяпти.

Мутахассислар фикрича, бундай мулоқотлар минтақадаги барқарорликка таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистон нуқтаи назаридан эса халқаро масалаларни тинч йўл билан, мулоқот ва дипломатия орқали ҳал этиш устувор аҳамият касб этади.