— Элдор Собиржонович, суҳбатимизни давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасига мувофиқ “Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ва унинг натижалари асосида ушбу ҳужжатда акс этган ўзгаришлар мазмун-моҳиятидан бошласак. Аввало, стратегик ҳужжатни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш заруратини изоҳлаб берсангиз.
— Ҳаёт доимий ҳаракат ва ўзгаришда: жамият эҳтиёжлари изчил кенгайиб, глобал иқтисодий, технологик ҳамда геосиёсий жараёнлар давлатлар олдига мутлақо янги талаб ва чақириқларни қўймоқда. Бундай динамик шароитда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини реал ҳолат, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда жадал ўзгараётган глобал тенденциялардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш объектив зарурат сифатида намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ўтган даврда мамлакатимизда эришилган улкан натижалар, истиқбол учун белгиланаётган янги устувор вазифалар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини, юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, стратегияни амалга оширишнинг дастлабки босқичида тўпланган амалий тажриба айрим мақсад ва вазифаларни янада аниқлаштириш, уларни йиллар кесимида режалаштириш, молиялаштириш манбалари ҳамда ижро учун масъулиятни очиқ ва шаффоф белгилаш талабини юзага келтирди. Кенг жамоатчилик муҳокамаси, ҳудудлардан келиб тушган таклифлар ва ижро жараёнида аниқланган омиллар стратегияни такомиллаштиришга эҳтиёжни янада кучайтирди.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси 2025 йил 29 декабрдан 2026 йил 28 январга қадар бир ой давомида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.
— Аҳолининг ушбу муҳокамадаги иштироки, фаоллигини қандай баҳолайсиз? Муҳокамада жамоатчилик кўпроқ қайси йўналишларга эътибор қаратгани ҳам жуда муҳим. Шу омилларни ҳисобга олганда у аввалги тараққиёт дастурларидан қайси жиҳатлари билан фарқланади?
— Бу борада энг муҳим ва асосий тамойиллардан бири — стратегиянинг халқ билан маслаҳатлашув асосида такомиллаштирилгани. Чунки жамоатчилик фикрини ўзида акс эттирган ҳужжатгина ҳаётий ва самарали бўлади. Энг кўп таклиф таълим, экология, рақамлаштириш, энергетика, транспорт соҳалари бўйича тушган.
Агар устувор йўналишлар кесимида таҳлил қилсак, “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналишидаги мақсадли кўрсаткичлар кўпроқ қизиқиш уйғотган. Лекин бу ҳолат аҳолининг бошқа йўналишларга эътибори нисбатан суст бўлди, дегани эмас, албатта. Хусусан, “Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш”, “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш”, “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”, “Мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш” йўналишларида ҳам билдирилган таклиф ва мулоҳазалар салмоқли бўлди.
Янги таҳрирда тайёрланган ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси амалдаги мазкур ҳужжатнинг мантиқий давоми. Энди унда белгиланган 100 та мақсаднинг ижросини 2030 йилгача бўлган даврда йиллар кесимида аниқ мезонлар асосида баҳолаш имконияти яратилди.
Янги таҳрирдаги стратегик ҳужжатда ҳар бир аниқ мақсад ва вазифа бўйича масъул давлат органи ёки ташкилот очиқ-равшан белгиланган. Шунингдек, уларни амалга ошириш учун зарур молиявий манбалар, ресурс ва ижро муддатлари аниқ кўрсатилган. Бу эса стратегиянинг умумий ниятлар ва декларатив мақсадлар мажмуасидан аниқ ижро механизмлари, жавобгарлик ва ҳисобдорликка асосланган амалий дастурга айланишини таъминлайди.
Бу борада, аввало, соҳа мутахассисларининг фикри алоҳида эътиборга олинди. Муҳокама порталида ҳам, оммавий ахборот воситаларида ҳам соҳанинг кўплаб билимдонлари стратегия лойиҳасидаги камчиликларни кўрсатиб берди. Улар асосида вазирлик ва идораларга мурожаат қилиниб, қўшимча кўрсаткичлар шакллантирилди.
— “Ўзбекистон — 2030” стратегияси жуда кенг қамровли ва халқ манфаатлари асосида ишлаб чиқилган ҳужжат. Уни амалга оширишда ҳам асосий иштирокчи халқ. Шу маънода, яъни оддий фуқаролар нуқтаи назаридан қараганда аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва кундалик ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларни таъминлаш кўзда тутилган?
— Стратегиянинг яна бир муҳим жиҳати — ҳар бир фуқаро учун тушунарли, ҳаётий ва амалий бўлишига қаратилганида. Ҳар бир юртдошимиз унга назар солиб, “Бу ҳужжат менга нима беради, ҳаётимни янада яхшилашга қандай хизмат қилади, оилам ва фарзандларим келажаги учун қандай имкониятлар яратади?” каби саволларга аниқ ва ишончли жавоб топа олсин. Яъни стратегиянинг абстракт шиорлардан иборат эмас, балки ҳар бир инсон ҳаётида бевосита сезиладиган, кундалик турмушида кўринадиган аниқ ўзгаришлар манбаи бўлиши кўзда тутилган.
Бу муҳим ҳужжатда белгиланган ўрта муддатли мақсадлар ва самарадорлик кўрсаткичлари янги иқтисодий, ижтимоий ва технологик чақириқлар, шунингдек, халқаро майдондаги ўзгаришларга мос янгиланяпти.
Бунда стратегия ижросини мониторинг қилиш тизимини тўлиқ рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Вазифаларнинг ижро ҳолатини реал вақт режимида шаффоф кузатиш аниқ маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш имкониятини яратади.
Агар амалдаги стратегияда асосий мақсад ва устувор йўналишлар белгилаб берилган бўлса, такомиллашган таҳрирда ҳар бир мақсад аниқ йиллик индикаторлар билан боғланган. Яъни 2026-2030 йилларда қайси кўрсаткичга қачон эришилиши, бунинг учун қандай молиявий манбалар жалб этилиши ҳамда қайси вазирлик ёки идора масъул экани аниқ белгилаб қўйилди.
Қисқаси, такомиллашган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси халқ манфаатларига хизмат қилувчи, очиқ, изчил ва амалий дастур сифатида мамлакат тараққиётида мутлақо янги саҳифани очмоқда.
— 2030 йилгача мўлжалланган стратегия доирасида иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ҳамда инвестиция ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича асосий мақсад ва вазифалар, режаларни изоҳлаб берсангиз.
— Мамлакатимиз етакчиси янги Ўзбекистоннинг тараққиёт формуласи сифатида иқтисодиётни жамият ҳаётининг танаси сифатида таърифлаганди. Иқтисодиётнинг таркибий ўзгариши, юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва аҳоли даромадининг барқарор ўсишини таъминлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган. Асосий мақсад — 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини камида икки баравар ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 5800 долларга етказиш ҳамда Ўзбекистонни “даромади ўртачадан юқори давлатлар” қаторига киритишдан иборат.
Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот қийматини 240 миллиард долларга етказиш, инфляция даражасини 5-6 фоиз атрофида барқарорлаштириш, консолидациялашган бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик ҳамда давлат қарзини 50 фоиздан юқори бўлмаган даражада ушлаб туриш режалаштирилган. Бу чоралар иқтисодиётнинг ташқи иқтисодий шок — мамлакат иқтисодиётига ташқаридан (халқаро бозорлар, геосиёсат) таъсир этувчи, кутилмаган ва нохуш ўзгаришлар (нархлар сакраши, логистика узилиши)га чидамлилигини ошириб, ижтимоий дастур ва инфратузилма лойиҳаларини узлуксиз молиялаштиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим йўналиш — солиқ-бюджет ва молиявий бошқарув тизими ислоҳоти ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Жумладан, солиқ тушумларининг ЯИМдаги улушини 17,3 фоизгача ошириш ва божхона тушумларининг ЯИМдаги улушини 4,4 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, 52 та вазирлик ва идорани тўлиқ “дастурий бюджетлаштириш” тизимига ўтказиш орқали давлат харажатининг самарадорлиги оширилади, бюджетдаги ҳар бир сўмнинг аниқ натижа бериши таъминланади.
Саноатни ривожлантириш ва юқори қўшилган қиймат яратиш стратегиянинг марказий йўналишларидан. 2030 йилга қадар саноатда технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,5 баравар ошириш, саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 36,5 миллиард доллардан 60 миллиард долларга етказиш ҳамда 1,8 миллион юқори даромадли иш ўринларини очиш режалаштирилган. Ишлаб чиқариладиган енгил автомобиллар сонини 1 миллионтага етказиш, машинасозлик, электротехника, кимё ва фармацевтика соҳаларини ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг янги “драйвер” тармоқлари шакллантирилади. Бу эса ёшлар бандлигини таъминлаш ва ҳудудларда иқтисодий фаолликни оширишда жуда муҳим.
Янги стратегияда “яшил иқтисодиёт”га ўтишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, мақсад ва режалар аниқ рақамларда акс этган. Хусусан, 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қувватини 25 минг мегаваттга етказиш, уларнинг электр энергияси генерациясидаги улушини 54 фоизга чиқариш ҳамда иссиқхона газлари интенсивлигини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоиз қисқартириш белгиланган. Бу экологик барқарорлик билан бирга энергия хавфсизлиги ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Умуман олганда, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси фақат улкан рақамлар ёки режалар йиғиндиси эмас. У ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифати, барқарор иш ўринлари, даромадлар ўсиши ва келажакка ишончни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс дастурдир.
Ушбу мақсадларга эришиш учун эса инсон капитали ривожи, соғлиқни сақлаш, таълим сифати, ижтимоий ҳимоя, бандликни таъминлаш ва рақамли хизматларни кенг жорий этиш каби йўналишларга алоҳида урғу берилган.
— Давлат бошқаруви тизимини рақамлаштириш жараёни жадаллашиб бораётган бир шароитда давлат хизматларини рақамли форматга ўтказиш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш, идоралараро ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун хизматлардан фойдаланишни янада содда ва қулай қилиш борасида қандай устувор мақсад ва аниқ вазифалар белгиланган?
— Давлат хизматларини рақамлаштириш борасида белгиланган мақсадлар, аввало, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнини янада содда, тезкор ва қулай шаклга ўтказишга қаратилган. Ушбу йўналишда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш вазифаси белгиланган. Бу эса хизматларнинг асосий қисмини масофавий ва рақамли механизмлар орқали тақдим этиш, инсон омилини қисқартириш, маъмурий жараёнларни соддалаштириш ҳамда хизматлардан фойдаланиш самарадорлигини оширади.
Шу билан бирга, Ягона интерактив давлат хизматлари портали мобил иловасида жорий қилинган хизматларнинг ягона порталдаги хизматларга нисбатан улушини 90 фоизга етказиш белгиланган. Бу давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини нафақат веб-портал, балки мобил платформалар орқали ҳам кенгайтиришни назарда тутади.
Давлат хизматларининг 20 фоизини хусусий секторга ўтказиш орқали давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, хизмат кўрсатишда рақобат муҳитини шакллантириш ва аҳолига янада сифатли сервис таклиф этиш мақсад қилинган. Бу эса давлатнинг барча жараённи бевосита амалга оширувчи эмас, балки тартибга солувчи ва назорат қилувчи субъект сифатидаги ролини кучайтиради.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 110 дан ортиқ маълумот ва ҳужжатларни талаб қилишни бекор қилиш вазифаси ҳам қўйилди. Бу давлат органлари ихтиёрида мавжуд маълумотларни фуқаролардан қайта талаб қилмаслик, идоралараро ахборот алмашинувини кучайтириш ва ортиқча ҳужжатбозликни қисқартиришга хизмат қилади.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш мамлакатни замонавий, самарали ва шаффоф бошқарув тизимига олиб чиқишнинг муҳим омили сифатида белгиланган. Давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларга рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳоли ва бизнес учун қулай рақамли муҳит яратиш мақсад қилинган.
Стратегияга мувофиқ, давлат органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, давлат хизматларини электрон шаклда тақдим этиш кўламини кенгайтириш ва уларнинг шаффофлиги ҳамда тезкорлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Бу орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун давлат хизматларидан фойдаланиш жараёни соддалаштирилиб, бюрократик тўсиқлар янада камайтирилади.
Рақамли технологияларни саноат, молия, савдо, транспорт ва бошқа тармоқларга жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва инновацион хизматлар улушини кенгайтириш миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ижтимоий соҳаларда рақамли технологияларни кенг қўллаш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган. Масалан, тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш кўламини 2030 йилга қадар 100 фоизга етказиш, электрон тиббий карталарни жорий этиш ва рақамли соғлиқни сақлаш ягона платформасини тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган.
Қисқаси, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, тиббиёт ва ижтимоий хизматлар соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали давлат бошқаруви самарадорлиги оширилиб, аҳоли ва бизнес учун қулай рақамли муҳит барпо этилиши кутилмоқда.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан. Чунки шу орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий сектор фаоллигини кучайтириш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган қатор янги механизмлар қўлланади. Бу йўналишда аниқ рақам ва мақсадларни келтириб ўтаман.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини йиллик ўртача 7 фоиз ошириш, қимматли қоғозлар бозорида эркин муомаладаги савдолар ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш ва давлат иштирокидаги 40 та корхонани “Халқ IPO”сига чиқариш режалаштирилган. Бу орқали аҳолининг инвестиция жараёнидаги иштирокини кенгайтириш ва капитал бозорини ривожлантиришга эришилади.
Шу билан бирга, стратегияда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор ролини кучайтириш кўрсатилган. Давлат иштирокидаги корхоналарни босқичма-босқич хусусийлаштириш, корпоратив бошқарув стандартларини жорий этиш ва рақобат муҳитини кенгайтириш орқали иқтисодиётда хусусий бизнеснинг улушини ошириш мақсад қилинган. Бу эса бозор механизмлари янада самарали ишлашини таъминлаш ва хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улушини 85 фоиз ошириш имкон беради.
Стратегияда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш алоҳида ўрин эгаллаган. Жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий тўсиқларни қисқартириш, лицензия ва рухсатномалар бериш тартибини соддалаштириш, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали бизнес юритиш жараёнларини енгиллаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун инфратузилмани ривожлантириш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланган. Саноат зоналари, эркин иқтисодий зоналар ва технопарклар фаолиятини кенгайтириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини яхшилаш орқали инвесторлар учун янада қулай шарт-шароит яратиш ҳудудларда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.
Хориж инвестициясини жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бу борадаги муҳитни яхшилаш, капитал бозорни ривожлантириш, давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор ролини кучайтиришга қаратилган. Бу чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётида тадбиркорлик фаоллигини ошириш, янада кўп янги иш ўринларини очиш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда ғоят муҳим.
— Биз сўз юритаётган бу муҳим ҳужжат мамлакатимизнинг ташқи сиёсат йўналишини ҳам қамраб олади. Унда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ташқи сиёсий фаолиятни янада самарали ташкил этиш юзасидан белгиланган янгича ёндашувлар ҳақида нималар дея оласиз?
— Янгиланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлат манфаатлари йўлида изчил амалга ошириш, Марказий Осиёда амалий ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, шунингдек, анъанавий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтиришни назарда тутади.
Бу борадаги мақсадларга эришиш учун йиллар кесимида аниқ чора-тадбир ва мақсадлар белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар сонини 50 тага, соддалаштирилган тартибда кириш мумкин бўлган давлатларни эса 60 тага етказиш, хорижий давлатлардаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналаримиз орқали консуллик хизматларидан фойдаланувчилар сонини 60 мингтага етказиш мақсад қилинган. Бу эса ватандошларни тизимли қўллаб-қувватлаш ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини юритаётган фуқароларга ҳар томонлама кўмаклашишни назарда тутади.
Шунингдек, ташқи сиёсий фаолиятнинг савдо-иқтисодий ва дипломатик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан ўзаро савдо ҳажмини 15 миллиард долларгача ошириш, хориждаги дипломатик ваколатхоналар тармоғини 65 тагача кенгайтириш, фахрий консулликлар сонини 30 тага етказиш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси ва дунёнинг бошқа муҳим минтақаларидаги давлатлар билан стратегик ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва Америка қитъалари билан савдони кенгайтириш, инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларига қўшилиш, транспорт ва логистика коридорларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Умуман олганда, янгиланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидаги мақсад ва вазифалар мамлакатнинг ташқи сиёсатини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ёндашувни ўзида акс эттиради. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик кўламини ривожлантиришга хизмат қилади.
— Амалиёт шуни кўрсатадики, қабул қилинган давлат дастурлари ва стратегияларнинг ижроси айрим ҳолларда кутилган даражада таъминланмай қолиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, белгиланган мақсад ва вазифаларнинг тўлиқ ва самарали ижросини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш борасида қандай механизм ва институционал инструментлар назарда тутилган?
— Ҳа, қабул қилинган давлат дастурлари ва стратегияларнинг ижроси объектив сабабларга кўра кутилган натижани бермаслиги ҳам мумкин. Шу боис, белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида замонавий мониторинг ва баҳолаш тизимлари жорий этилмоқда.
Хусусан, ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ индикаторлар, мақсадли кўрсаткичлар ва амалга ошириш муддатлари белгилаб қўйилди. Бажарилаётган ишлар юзасидан мунтазам таҳлил ва ҳисоботлар тайёрланади, натижалар асосида зарур ҳолларда қўшимча чора-тадбирлар белгиланади.
Шу билан бирга давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги, парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали стратегия ижросининг шаффофлиги ва самарадорлиги таъминланади. Рақамли бошқарув ва назорат платформалари жорий этилади.
— Белгиланган барча устувор мақсад ва вазифалар изчил ва тўлиқ амалга оширилса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти, ижтимоий соҳалар ривожи ҳамда аҳоли турмуш даражасида сифат жиҳатидан қандай янги ўзгаришлар кутилмоқда?
— “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган барча устувор мақсад ва вазифалар изчил амалга оширилса, сиз таъкидлаган муддатга бориб, мамлакат тараққиёти сифат жиҳатдан янги босқичга чиқади. Бунда, аввало, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши таъминланиб, юқори қўшимча қиймат яратадиган саноат тармоқлари, инновацион технологиялар ва рақамли иқтисодиётнинг улуши сезиларли даражада ортади.
Шу билан бирга, янги иш ўринлари очилиши, аҳоли даромади ошиши ва камбағаллик даражасининг изчил қисқариши аҳоли турмуш даражасининг сезиларли яхшиланишига хизмат қилади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларидаги ислоҳотлар натижасида аҳоли учун сифатли хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгаяди. Натижада Ўзбекистон минтақада иқтисодий жиҳатдан рақобатбардош, инвестициялар учун жозибадор ва инсон капитали юқори замонавий давлат сифатида ўз позициясини янада мустаҳкамлайди. Буларнинг барчаси халқимизни тараққиёт йўлидаги умумий мақсад атрофида жипслаштиради. Эзгу орзулар рўёби, қадамма-қадам эришадиган ютуқларимиз юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётида акс этади.