— Элдор Собиржонович, суҳбатимиз­ни давлатимиз раҳбарининг Олий Маж­лис ва Ўзбекистон халқига Мурожаат­номасига мувофиқ “Ўзбекистон — 2030” стратегияси лойиҳасининг жамоатчи­лик муҳокамасига қўйилгани ва унинг натижалари асосида ушбу ҳужжатда акс этган ўзгаришлар мазмун-моҳиятидан бошласак. Аввало, стратегик ҳужжатни қайта кўриб чиқиш ва такомиллашти­риш заруратини изоҳлаб берсангиз.

— Ҳаёт доимий ҳаракат ва ўзгаришда: жамият эҳтиёжлари изчил кенгайиб, глобал иқтисодий, технологик ҳамда геосиёсий жараёнлар давлатлар олди­га мутлақо янги талаб ва чақириқларни қўймоқда. Бундай динамик шароитда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини реал ҳолат, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда жа­дал ўзгараётган глобал тенденциялардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш объектив зарурат сифатида намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2025 йил 26 де­кабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ўтган даврда мамлакатимизда эришил­ган улкан натижалар, истиқбол учун белгиланаётган янги устувор вазифалар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётгани­ни, юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъ­кидлаган эди.

Шу билан бирга, стратегияни амалга оширишнинг дастлабки босқичида тўпланган амалий тажриба айрим мақсад ва вазифаларни янада аниқлаштириш, улар­ни йиллар кесимида режалаштириш, мо­лиялаштириш манбалари ҳамда ижро учун масъулиятни очиқ ва шаффоф белгилаш талабини юзага келтирди. Кенг жамоатчилик муҳокамаси, ҳудудлардан келиб тушган таклифлар ва ижро жараёнида аниқланган омиллар стратегияни такомил­лаштиришга эҳтиёжни янада кучайтирди.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси 2025 йил 29 декабрдан 2026 йил 28 январга қадар бир ой давоми­да кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтка­зилди.

— Аҳолининг ушбу муҳокамадаги иштироки, фаоллигини қандай баҳо­лайсиз? Муҳокамада жамоатчилик кўпроқ қайси йўналишларга эътибор қаратгани ҳам жуда муҳим. Шу омил­ларни ҳисобга олганда у аввалги та­раққиёт дастурларидан қайси жиҳатла­ри билан фарқланади?

— Бу борада энг муҳим ва асосий та­мойиллардан бири — стратегиянинг халқ билан маслаҳатлашув асосида та­комиллаштирилгани. Чунки жамоатчи­лик фикрини ўзида акс эттирган ҳужжат­гина ҳаётий ва самарали бўлади. Энг кўп таклиф таълим, экология, рақамлашти­риш, энергетика, транспорт соҳалари бўйича тушган.

Агар устувор йўналишлар кесими­да таҳлил қилсак, “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўнали­шидаги мақсадли кўрсаткичлар кўпроқ қизиқиш уйғотган. Лекин бу ҳолат аҳо­лининг бошқа йўналишларга эътибори нисбатан суст бўлди, дегани эмас, ал­батта. Хусусан, “Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш”, “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш”, “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”, “Мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш” йўналишла­рида ҳам билдирилган таклиф ва му­лоҳазалар салмоқли бўлди.

Янги таҳрирда тайёрланган ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси амалда­ги мазкур ҳужжатнинг мантиқий давоми. Энди унда белгиланган 100 та мақсаднинг ижросини 2030 йилгача бўлган даврда йиллар кесимида аниқ мезонлар асосида баҳолаш имконияти яратилди.

Янги таҳрирдаги стратегик ҳужжат­да ҳар бир аниқ мақсад ва вазифа бўйича масъул давлат органи ёки ташкилот очиқ-равшан белгиланган. Шунингдек, уларни амалга ошириш учун зарур мо­лиявий манбалар, ресурс ва ижро муд­датлари аниқ кўрсатилган. Бу эса страте­гиянинг умумий ниятлар ва декларатив мақсадлар мажмуасидан аниқ ижро ме­ханизмлари, жавобгарлик ва ҳисобдор­ликка асосланган амалий дастурга айла­нишини таъминлайди.

Бу борада, аввало, соҳа мутахассисла­рининг фикри алоҳида эътиборга олинди. Муҳокама порталида ҳам, оммавий ахбо­рот воситаларида ҳам соҳанинг кўплаб билимдонлари стратегия лойиҳасидаги камчиликларни кўрсатиб берди. Улар асо­сида вазирлик ва идораларга мурожаат қи­линиб, қўшимча кўрсаткичлар шаклланти­рилди.

— “Ўзбекистон — 2030” стратегияси жуда кенг қамровли ва халқ манфаат­лари асосида ишлаб чиқилган ҳужжат. Уни амалга оширишда ҳам асосий иштирокчи халқ. Шу маънода, яъни оддий фуқаролар нуқтаи назаридан қараганда аҳолининг турмуш даража­сини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва кундалик ҳаётида қан­дай ижобий ўзгаришларни таъминлаш кўзда тутилган?

— Стратегиянинг яна бир муҳим жиҳа­ти — ҳар бир фуқаро учун тушунарли, ҳаётий ва амалий бўлишига қаратилганида. Ҳар бир юртдошимиз унга назар солиб, “Бу ҳужжат менга нима беради, ҳаётимни янада яхшилашга қандай хизмат қилади, оилам ва фарзандларим келажаги учун қандай имко­ниятлар яратади?” каби саволларга аниқ ва ишончли жавоб топа олсин. Яъни страте­гиянинг абстракт шиорлардан иборат эмас, балки ҳар бир инсон ҳаётида бевосита се­зиладиган, кундалик турмушида кўринади­ган аниқ ўзгаришлар манбаи бўлиши кўзда тутилган.

Бу муҳим ҳужжатда белгиланган ўрта муддатли мақсадлар ва самарадорлик кўр­саткичлари янги иқтисодий, ижтимоий ва технологик чақириқлар, шунингдек, халқаро майдондаги ўзгаришларга мос янги­ланяпти.

Бунда стратегия ижросини мониторинг қилиш тизимини тўлиқ рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Вазифалар­нинг ижро ҳолатини реал вақт режими­да шаффоф кузатиш аниқ маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш им­кониятини яратади.

Агар амалдаги стратегияда асосий мақ­сад ва устувор йўналишлар белгилаб бе­рилган бўлса, такомиллашган таҳрирда ҳар бир мақсад аниқ йиллик индикаторлар билан боғланган. Яъни 2026-2030 йилларда қайси кўрсаткичга қачон эришилиши, бу­нинг учун қандай молиявий манбалар жалб этилиши ҳамда қайси вазирлик ёки идора масъул экани аниқ белгилаб қўйилди.

Қисқаси, такомиллашган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси халқ манфаатларига хизмат қилувчи, очиқ, изчил ва амалий дастур сифатида мамлакат тараққиётида мут­лақо янги саҳифани очмоқда.

— 2030 йилгача мўлжалланган стра­тегия доирасида иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ҳамда инвестиция ва тад­биркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича асосий мақсад ва вазифалар, режаларни изоҳлаб берсангиз.

— Мамлакатимиз етакчиси янги Ўзбе­кистоннинг тараққиёт формуласи сифати­да иқтисодиётни жамият ҳаётининг танаси сифатида таърифлаганди. Иқтисодиётнинг таркибий ўзгариши, юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва аҳоли даромадининг барқа­рор ўсишини таъминлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган. Асо­сий мақсад — 2030 йилга қадар иқтисоди­ёт ҳажмини камида икки баравар ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даро­мадни 5800 долларга етказиш ҳамда Ўзбе­кистонни “даромади ўртачадан юқори дав­латлар” қаторига киритишдан иборат.

Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот қийматини 240 миллиард доллар­га етказиш, инфляция даражасини 5-6 фоиз атрофида барқарорлаштириш, консолида­циялашган бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик ҳамда дав­лат қарзини 50 фоиздан юқори бўлмаган да­ражада ушлаб туриш режалаштирилган. Бу чоралар иқтисодиётнинг ташқи иқтисодий шок — мамлакат иқтисодиётига ташқари­дан (халқаро бозорлар, геосиёсат) таъсир этувчи, кутилмаган ва нохуш ўзгаришлар (нархлар сакраши, логистика узилиши)га чидамлилигини ошириб, ижтимоий дастур ва инфратузилма лойиҳаларини узлуксиз молиялаштиришга хизмат қилади.

Яна бир муҳим йўналиш — солиқ-бюд­жет ва молиявий бошқарув тизими ислоҳо­ти ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Жумладан, солиқ тушумларининг ЯИМдаги улушини 17,3 фоизгача ошириш ва божхона тушумларининг ЯИМдаги улушини 4,4 фо­издан кам бўлмаслигини таъминлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, 52 та вазирлик ва идорани тўлиқ “дастурий бюджетлашти­риш” тизимига ўтказиш орқали давлат ха­ражатининг самарадорлиги оширилади, бюджетдаги ҳар бир сўмнинг аниқ натижа бериши таъминланади.

Саноатни ривожлантириш ва юқори қў­шилган қиймат яратиш стратегиянинг мар­казий йўналишларидан. 2030 йилга қадар саноатда технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,5 баравар ошириш, саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 36,5 миллиард доллардан 60 миллиард долларга етказиш ҳамда 1,8 миллион юқори даромад­ли иш ўринларини очиш режалаштирилган. Ишлаб чиқариладиган енгил автомобиллар сонини 1 миллионтага етказиш, машинасоз­лик, электротехника, кимё ва фармацевтика соҳаларини ривожлантириш орқали иқти­содиётнинг янги “драйвер” тармоқлари шакллантирилади. Бу эса ёшлар бандли­гини таъминлаш ва ҳудудларда иқтисодий фаолликни оширишда жуда муҳим.

Янги стратегияда “яшил иқтисодиёт”га ўтишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган, мақсад ва режалар аниқ рақамларда акс этган. Хусусан, 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларининг уму­мий қувватини 25 минг мегаваттга етказиш, уларнинг электр энергияси генерациясида­ги улушини 54 фоизга чиқариш ҳамда ис­сиқхона газлари интенсивлигини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоиз қисқартириш белгиланган. Бу экологик барқарорлик би­лан бирга энергия хавфсизлиги ва узоқ муд­датли иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Умуман олганда, янги таҳрирдаги “Ўз­бекистон — 2030” стратегияси фақат ул­кан рақамлар ёки режалар йиғиндиси эмас. У ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифати, барқарор иш ўринлари, даромадлар ўси­ши ва келажакка ишончни мустаҳкам­лашга қаратилган комплекс дастурдир.

Ушбу мақсадларга эришиш учун эса инсон капитали ривожи, соғлиқни сақлаш, таълим сифати, ижтимоий ҳимоя, бандлик­ни таъминлаш ва рақамли хизматларни кенг жорий этиш каби йўналишларга алоҳида урғу берилган.

— Давлат бошқаруви тизимини рақамлаштириш жараёни жадалла­шиб бораётган бир шароитда давлат хизматларини рақамли форматга ўтка­зиш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш, идоралараро ахборот ал­машинувини кучайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун хиз­матлардан фойдаланишни янада содда ва қулай қилиш борасида қандай устувор мақсад ва аниқ вазифалар белгиланган?

— Давлат хизматларини рақамлаштириш борасида белгиланган мақсадлар, аввало, аҳо­ли ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнини янада содда, тезкор ва қулай шаклга ўтказишга қа­ратилган. Ушбу йўналишда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш вазифаси белгиланган. Бу эса хизматларнинг асосий қисмини масо­фавий ва рақамли механизмлар орқали тақ­дим этиш, инсон омилини қисқартириш, маъ­мурий жараёнларни соддалаштириш ҳамда хизматлардан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Шу билан бирга, Ягона интерактив дав­лат хизматлари портали мобил иловасида жорий қилинган хизматларнинг ягона пор­талдаги хизматларга нисбатан улушини 90 фоизга етказиш белгиланган. Бу давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини нафақат веб-портал, балки мобил платфор­малар орқали ҳам кенгайтиришни назарда тутади.

Давлат хизматларининг 20 фоизини ху­сусий секторга ўтказиш орқали давлат-ху­сусий шериклик механизмларини кенгайти­риш, хизмат кўрсатишда рақобат муҳитини шакллантириш ва аҳолига янада сифатли сервис таклиф этиш мақсад қилинган. Бу эса давлатнинг барча жараённи бевосита амалга оширувчи эмас, балки тартибга солувчи ва назорат қилувчи субъект си­фатидаги ролини кучайтиради.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 110 дан ортиқ маълумот ва ҳужжатларни талаб қилишни бекор қилиш вазифаси ҳам қўйил­ди. Бу давлат органлари ихтиёрида мавжуд маълумотларни фуқаролардан қайта талаб қилмаслик, идоралараро ахборот алмаши­нувини кучайтириш ва ортиқча ҳужжатбозликни қисқартиришга хизмат қилади.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш мамлакатни замонавий, самарали ва шаф­фоф бошқарув тизимига олиб чиқишнинг муҳим омили сифатида белгиланган. Дав­лат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларга рақамли технология­ларни кенг жорий этиш орқали хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳоли ва бизнес учун қулай рақамли муҳит яратиш мақсад қилинган.

Стратегияга мувофиқ, давлат органлари фаолиятида замонавий ахборот техноло­гияларини кенг жорий этиш, давлат хиз­матларини электрон шаклда тақдим этиш кўламини кенгайтириш ва уларнинг шаф­фофлиги ҳамда тезкорлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Бу орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун давлат хизматларидан фойдаланиш жараёни соддалаштирилиб, бюрократик тўсиқлар янада камайтирила­ди.

Рақамли технологияларни саноат, мо­лия, савдо, транспорт ва бошқа тармоқларга жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самара­дорлигини ошириш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва инновацион хизмат­лар улушини кенгайтириш миллий иқтисо­диётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ижтимоий соҳалар­да рақамли технологияларни кенг қўллаш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган. Масалан, тиббиёт муассасаларини рақам­лаштириш кўламини 2030 йилга қадар 100 фоизга етказиш, электрон тиббий карталар­ни жорий этиш ва рақамли соғлиқни сақлаш ягона платформасини тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган.

Қисқаси, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, тиббиёт ва ижтимоий хиз­матлар соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали давлат бошқаруви самарадорлиги оширилиб, аҳоли ва бизнес учун қулай рақамли муҳит барпо этилиши кутилмоқда.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мам­лакат иқтисодиётини барқарор ривожлан­тиришнинг муҳим омилларидан. Чунки шу орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий сектор фаоллигини кучайтириш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга қара­тилган қатор янги механизмлар қўлланади. Бу йўналишда аниқ рақам ва мақсадларни келтириб ўтаман.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини йиллик ўртача 7 фоиз ошириш, қимматли қоғозлар бозорида эркин муо­маладаги савдолар ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш ва давлат иштирокидаги 40 та корхонани “Халқ IPO”сига чиқариш режалаштирилган. Бу орқали аҳолининг инвестиция жараёнидаги иштирокини кен­гайтириш ва капитал бозорини ривожлан­тиришга эришилади.

Шу билан бирга, стратегияда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сек­тор ролини кучайтириш кўрсатилган. Дав­лат иштирокидаги корхоналарни босқичма-босқич хусусийлаштириш, корпоратив бошқарув стандартларини жорий этиш ва рақобат муҳитини кенгайтириш орқали иқтисодиётда хусусий бизнеснинг улуши­ни ошириш мақсад қилинган. Бу эса бозор механизмлари янада самарали ишлашини таъминлаш ва хусусий секторнинг иқтисо­диётдаги улушини 85 фоиз ошириш имкон беради.

Стратегияда тадбиркорликни қўл­лаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхши­лаш алоҳида ўрин эгаллаган. Жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий тўсиқларни қисқартириш, лицензия ва рух­сатномалар бериш тартибини соддалашти­риш, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали бизнес юритиш жараёнларини ен­гиллаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, инвестиция лойиҳала­рини амалга ошириш учун инфратузилмани ривожлантириш ҳам муҳим йўналиш сифа­тида белгиланган. Саноат зоналари, эркин иқтисодий зоналар ва технопарклар фао­лиятини кенгайтириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини яхшилаш орқали инвесторлар учун янада қулай шарт-шароит яратиш ҳудудларда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.

Хориж инвестициясини жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қара­тилган чора-тадбирлар бу борадаги муҳит­ни яхшилаш, капитал бозорни ривожлан­тириш, давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор ролини кучайтиришга қаратилган. Бу чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётида тадбиркорлик фаоллигини ошириш, янада кўп янги иш ўринларини очиш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда ғоят муҳим.

— Биз сўз юритаётган бу муҳим ҳуж­жат мамлакатимизнинг ташқи сиёсат йўналишини ҳам қамраб олади. Унда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ташқи сиёсий фаолиятни янада самарали таш­кил этиш юзасидан белгиланган янгича ёндашувлар ҳақида нималар дея оласиз?

— Янгиланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси янги Ўзбекистон ташқи сиёса­тини халқ ва давлат манфаатлари йўлида изчил амалга ошириш, Марказий Осиёда амалий ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, шунингдек, анъанавий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқа­ларни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтиришни назарда ту­тади.

Бу борадаги мақсадларга эришиш учун йиллар кесимида аниқ чора-тад­бир ва мақсадлар белгиланган. Жумла­дан, Ўзбекистон фуқаролари визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар сонини 50 тага, соддалаштирилган тар­тибда кириш мумкин бўлган давлатлар­ни эса 60 тага етказиш, хорижий дав­латлардаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналаримиз орқали консуллик хизматларидан фойдаланувчилар сонини 60 мингтага етказиш мақсад қилинган. Бу эса ватандошларни тизимли қўллаб-қув­ватлаш ҳамда хорижда меҳнат фаолияти­ни юритаётган фуқароларга ҳар томонла­ма кўмаклашишни назарда тутади.

Шунингдек, ташқи сиёсий фаолиятнинг савдо-иқтисодий ва дипломатик жиҳатлари­га алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан ўзаро савдо ҳажмини 15 миллиард долларгача ошириш, хорижда­ги дипломатик ваколатхоналар тармоғини 65 тагача кенгайтириш, фахрий консулликлар сонини 30 тага етказиш ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси ва дунёнинг бошқа муҳим минтақаларидаги давлатлар билан стратегик ҳамкорлик ва иқтисодий алоқа­ларни янада мустаҳкамлаш, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва Америка қитъалари билан савдони кенгайтириш, инвестиция­лар ва илғор технологияларни жалб қилиш, глобал ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларига қўшилиш, транспорт ва ло­гистика коридорларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Умуман олганда, янгиланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидаги мақсад ва вазифалар мамлакатнинг ташқи сиёса­тини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ёндашувни ўзида акс эттира­ди. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик кўламини ривожлантиришга хизмат қилади.

— Амалиёт шуни кўрсатадики, қабул қилинган давлат дастурлари ва страте­гияларнинг ижроси айрим ҳолларда ку­тилган даражада таъминланмай қолиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, белгилан­ган мақсад ва вазифаларнинг тўлиқ ва самарали ижросини таъминлаш, улар­нинг бажарилиши устидан қатъий назо­рат ўрнатиш борасида қандай механизм ва институционал инструментлар назар­да тутилган?

— Ҳа, қабул қилинган давлат дастурла­ри ва стратегияларнинг ижроси объектив сабабларга кўра кутилган натижани бермас­лиги ҳам мумкин. Шу боис, белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида замо­навий мониторинг ва баҳолаш тизимлари жорий этилмоқда.

Хусусан, ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ индикаторлар, мақсадли кўр­саткичлар ва амалга ошириш муддатлари белгилаб қўйилди. Бажарилаётган ишлар юзасидан мунтазам таҳлил ва ҳисоботлар тайёрланади, натижалар асосида зарур ҳол­ларда қўшимча чора-тадбирлар белгилана­ди.

Шу билан бирга давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги, парламент ва жамоатчилик назоратини ку­чайтириш орқали стратегия ижросининг шаффофлиги ва самарадорлиги таъминла­нади. Рақамли бошқарув ва назорат плат­формалари жорий этилади.

— Белгиланган барча устувор мақ­сад ва вазифалар изчил ва тўлиқ амалга оширилса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон­нинг иқтисодий тараққиёти, ижтимоий соҳалар ривожи ҳамда аҳоли турмуш да­ражасида сифат жиҳатидан қандай янги ўзгаришлар кутилмоқда?

— “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган барча устувор мақсад ва вази­фалар изчил амалга оширилса, сиз таъкидлаган муддатга бориб, мамлакат тараққиёти сифат жиҳатдан янги босқичга чиқади. Бунда, аввало, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши таъминланиб, юқори қў­шимча қиймат яратадиган саноат тармоқла­ри, инновацион технологиялар ва рақамли иқтисодиётнинг улуши сезиларли даражада ортади.

Шу билан бирга, янги иш ўринлари очилиши, аҳоли даромади ошиши ва кам­бағаллик даражасининг изчил қисқариши аҳоли турмуш даражасининг сезиларли яхшиланишига хизмат қилади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларидаги ислоҳотлар натижасида аҳоли учун сифатли хизматлардан фойда­ланиш имконияти кенгаяди. Натижада Ўз­бекистон минтақада иқтисодий жиҳатдан рақобатбардош, инвестициялар учун жо­зибадор ва инсон капитали юқори замона­вий давлат сифатида ўз позициясини яна­да мустаҳкамлайди. Буларнинг барчаси халқимизни тараққиёт йўлидаги умумий мақсад атрофида жипслаштиради. Эзгу орзулар рўёби, қадамма-қадам эришади­ган ютуқларимиз юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётида акс этади.