Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги ПФ-232-сон Фармонига мувофиқ, "Таълим сифатини ошириш - Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир" деган устувор ғоя асосида замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, юридик таълим, илм-фан ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида қуйидагилар юридик таълим ва илм-фан ривожланишида эришиладиган асосий вазифалар этиб белгиланди.
Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, автоматлаштириш ва глобал меҳнат бозори инсон олдига кечагидан мутлақо бошқача талабларни қўймоқда. Илгари мутахассис учун маълум бир касбни пухта билиш муҳим бўлган бўлса, бугун бунинг ўзи етарли эмас. Замонавий мутахассис билимли, мустақил фикрлайдиган, янги технологияларни ўзлаштира оладиган, жамоада ишлайдиган ва ўзгарувчан шароитга тез мослаша оладиган шахс бўлиши керак.
Шу нуқтаи назардан қараганда, таълим сифати — фақат дарсларнинг мазмунли ўтилиши ёки битирувчиларнинг диплом олиши билан белгиланмайди. Таълим сифати, аввало, инсоннинг ҳаётда ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, олган билимини амалиётда қўллай олиши ҳамда доимий равишда ўз устида ишлаш қобилияти билан намоён бўлади.Таълим сифати — тараққиётнинг асосий омилидир.
Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти, биринчи навбатда, инсон капиталига боғлиқ. Илғор технология ёки рақамли инфратузилманинг ўзи муваффақиятни кафолатлай олмайди. Уларни бошқарадиган, янгилик яратадиган ва самарали қарор қабул қиладиган малакали кадрлар зарур.
Ҳозирда Тошкент давлат юридик Университетида юридик таълим жараёнларининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойилини жорий этилди;
Юридик таълим тизимида таълим - тадқиқот - амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш, бошқарувда академик-коллегиал ёндашувларни янада кенгайтириш йўлга қўйилди. Шунингдек, юридик таълим самарадорлиги ва сифати устидан назоратни кучайтирилди;
Таьлим сифатини ошириш мақсадида иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 50 фоизи (амалиёт қисми) суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказилмоқда.Хорижий давлатлар тажрибасига назар солсак, . уларнинг ҳар бири ўз тарихи, маданияти ва иқтисодий шароитига эга. Бироқ илғор таълим тизимларини бирлаштириб турадиган умумий жиҳатлари ҳам бор. Аввало, кўплаб мамлакатларда назарий таълим билан амалиёт ўртасидаги боғлиқликка катта эътибор қаратилади.
Бу ёндашувнинг афзаллиги шундаки, битирувчи диплом билан бирга муайян иш тажрибасига ҳам эга бўлиб чиқади. Таълим дастурларининг назарий қисмларини амалий мисоллар асосида ўқитиш (problem-based learning) орқали талабада муаммоли вазиятни таҳлил ва хулоса қилиш каби "юмшоқ" кўникмалар (soft skills) ва назарий билимларни шакллантиришга эътибор қаратилади;
Таълим дастурларининг амалий қисмлари суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, консалтинг ва соҳага доир бошқа ташкилотларда, шунингдек, юридик клиникада клиник семинарлар ўтказиш орқали олиб бориляпти.
Талабаларга йўналтирилган таълим жараёни орқали уларнинг ижодий салоҳиятини доимий ривожлантириш ҳамда ижтимоий масалаларни ечишга қодир бўлган мутахассислар тайёрланяпти.
Университетда таълим дастурлари, таълим ва бошқарув жараёнига қуйидагилар орқали соҳадаги халқаро стандартлар жорий этилди. Яъни: талабаларга фан ва ўқитувчиларни танлаш учун кенг имкониятлар яратиш орқали профессор-ўқитувчилар ўртасида рақобат муҳитини шакллантирилди. Назариядан амалиётга: энг муҳим кўприк. Таълим сифати ҳақида гап кетганда, энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан бири — назарий билимнинг амалиёт билан уйғунлигидир. Талаба бирор формулани ёдлаши мумкин, аммо уни реал муаммони ҳал қилишда қўллай олмаса, бу билимнинг қиймати чекланган бўлади. Шу сабабли таълим жараёнида амалий машғулотлар, кейслар, лойиҳа ишлари, дуал таълим, ишлаб чиқариш амалиёти ва иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш зарур. корхона таълим муассасасига фақат амалиёт базаси сифатида эмас, балки таълим дастурларини шакллантириш жараёнида ҳамкор сифатида кириб келиши керак.
Университет учинчи ва тўртинчи курс талабаларини давлат ташкилотларига, нотариат ва адвокатлик тузилмаларига иш юритувчи, юрисконсульт ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилишга рухсат этилди..
Университетда сунъий интеллект асосида дарс сифатини баҳолаш тартиби жорий этилади: Шу боис таълим тизими олдида турган асосий вазифа фақат билим бериш эмас, балки билимни қўллай оладиган мутахассисни шакллантиришдир. Демак, замонавий таълим тизими «билим — кўникма — компетенция — амалиёт» тамойили асосида қурилиши лозим. Таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини шакллантириб келинмоқда.
Таълим сифатини баҳолашнинг мезон ва усулларини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда такомиллаштирилган.Хорижий давлатлар тажрибасига назар солсак, дунёда таълим сифатини ошириш бўйича турли моделлар мавжуд. Иккинчи муҳим жиҳат — шахсга йўналтирилган таълим. Замонавий педагог талаба учун фақат ахборот манбаи эмас. У йўл кўрсатувчи, маслаҳатчи ва мотиватор сифатида намоён бўлади.
Талабага мустақил изланиш, савол бериш, фикр билдириш ва хато қилиш орқали ўрганиш имконияти берилади. Учинчи муҳим йўналиш — рақамли таълим. Электрон платформалар, виртуал лабораториялар, онлайн курслар, симуляторлар ва сунъий интеллектга асосланган таълим воситалари ўқув жараёнини янада мослашувчан ва индивидуал қилиш имконини бермоқда. Бироқ технологиянинг ўзи таълим сифатини оширмайди.
Энг муҳими — ундан қандай мақсадда ва қандай методика асосида фойдаланишдир. Замонавий мутахассис қандай бўлиши керак? Бугун иш берувчи ходимдан фақат диплом ёки мутахассислик бўйича назарий билимни эмас, балки кенгроқ компетенцияларни талаб қилмоқда. Рақобатбардош мутахассис:ўз соҳасини чуқур билади, рақамли технологиялардан самарали фойдаланади, хорижий тилларни, айниқса халқаро мулоқот тилини билади, мустақил фикрлайди ва қарор қабул қила олади, жамоада ишлайди, муаммоларга ечим топиш қобилиятига эга; янгиликка очиқ ва ўзгаришларга мослаша олади, мулоқот маданияти ва лидерлик кўникмаларига эга;ўз билим ва кўникмаларини доимий равишда янгилаб боради.Шунинг учун таълим муассасаларида soft skills, яъни мулоқот, жамоада ишлаш, танқидий фикрлаш, вақтни бошқариш, лидерлик ва муаммони ҳал қилиш каби кўникмаларни ривожлантириш ҳам касбий билимлар қадар муҳимдир. Шунда ўқув дастурлари реал меҳнат бозори талабларига яқинлашади.
Энг замонавий ўқув дастури, энг сўнгги компьютерлар ва рақамли платформалар ҳам юқори малакали педагогнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Шунинг учун ўқитувчининг касбий ривожланишига инвестиция киритиш таълим сифатини оширишнинг энг самарали йўлларидан биридир. Замонавий педагог ўз фанини билиш билан бирга, янги педагогик технологиялар, рақамли воситалар ва баҳолаш усулларини ҳам эгаллаши керак. Шу билан бирга, педагогга ижодий эркинлик бериш, унинг меҳнатини муносиб қадрлаш ва касбий ўсиши учун имконият яратиш муҳим. Таълим сифатини баҳолашда ҳам янги ёндашувларга эҳтиёж бор. Фақат имтиҳонда тўпланган балл талабанинг ҳақиқий салоҳиятини тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин. Чунки юқори натижа кўрсатган талаба ҳар доим ҳам билимни амалиётда қўллаш, муаммони ҳал қилиш ёки жамоа билан ишлаш қобилиятига эга бўлмаслиги мумкин. Шу боис замонавий баҳолаш тизими билим билан бир қаторда амалий кўникма ва компетенцияларни ҳам ўлчаши лозим. Лойиҳалар, портфолиолар, амалий топшириқлар, тақдимотлар, кейслар ва реал иш жараёнига яқин вазифалар бундай ёндашувнинг самарали воситалари бўла олади.
Халқаро тажрибани кўчириш эмас, ундан оқилона фойдаланиш керак. Хорижий тажриба биз учун муҳим манба. Аммо бир мамлакатда самара берган моделни бошқа мамлакатга ҳеч қандай ўзгаришсиз кўчириш доимо ҳам тўғри натижа бермайди. Ҳар бир давлатнинг миллий таълим анъаналари, иқтисодий имкониятлари, меҳнат бозори ва ижтимоий эҳтиёжлари мавжуд. Шунинг учун халқаро тажрибадан фойдаланишда асосий тамойил кўчириш эмас, мослаштириш бўлиши керак. Жаҳон амалиётида ўзини оқлаган дуал таълим, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, рақамли таълим, кредит-модул тизими, компетенциявий ёндашув, академик мобиллик ва умр давомида таълим олиш каби механизмлар миллий шароитдан келиб чиққан ҳолда ривожлантирилиши мумкин. Таълим — диплом билан тугамайди Технологиялар тез ўзгаряпти, янги касблар пайдо бўляпти, айрим касбларнинг мазмуни эса бутунлай янгиланмоқда. Шу сабабли инсонда умр давомида таълим олиш маданияти шаклланиши зарур. Бугунги талабанинг асосий устунлиги фақат қанча билимга эгалигида эмас, балки янги билимни қанчалик тез ўзлаштира олишида ҳам намоён бўлади.Ўз устида ишлаш, онлайн курсларда қатнашиш, илмий ва касбий адабиётларни ўқиш, хорижий тил ўрганиш, янги технологияларни ўзлаштириш — замонавий мутахассис ҳаётининг доимий қисмига айланиши керак.
Бугун таълимга қилинган инвестиция — эртанги иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга киритилган энг муҳим сармоядир. Рақобатбардош мутахассисни тайёрлаш учун фақат янги бинолар ёки замонавий жиҳозларнинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун сифатли ўқув дастурлари, малакали педагоглар, замонавий таълим технологиялари, кучли амалиёт базаси, иш берувчилар билан яқин ҳамкорлик ва энг муҳими — мустақил фикрлайдиган, изланадиган ва янгилик яратадиган ёшларни тарбиялаш муҳити зарур. Халқаро тажриба бизга бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: таълимнинг ҳақиқий натижаси диплом эмас, инсоннинг ўз билими ва салоҳияти билан жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасидир.
Шундай экан, бугунги таълим тизимининг бош мақсади битта бўлиши керак: келажакни кутиб оладиган эмас, келажакни ярата оладиган мутахассисларни тайёрлаш. Чунки рақобат кучайиб бораётган дунёда мамлакатнинг энг катта бойлиги — унинг табиий ресурслари эмас, балки билимли, малакали, ижодкор ва рақобатбардош инсонларидир. Хулоса қилиб айтганда, тез кунларда Тошкент давлат юридик университетининг 2030 йилга қадар нуфузли Quacquarelli Symonds рейтингида ҳуқуқ соҳаси бўйича юқори 1 000 талик университетлар рўйхатига киришини чин дилдан истаб қоламиз.
Тулаганова Гулчехра,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят процессул ҳуқуқи шуъбаси профессори,
юридик фанлар доктори.