Олий таълимда аккредитациянинг ўрни, халқаро тажриба ва таълим сифатини таъминлашнинг замонавий ёндашувларига бағишланган халқаро тадбирда 200 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, давлат органлари вакиллари, олий таълим ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, Германия, Буюк Британия ва Малайзиядан бир қатор экспертлар иштирок этмоқда.

Муҳокамаларнинг асосий эътибори аккредитацияни фақат таълим ташкилотининг белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш воситаси сифатида эмас, балки унинг ривожланиши, натижадорлигини ошириши ва таълим сифатини доимий такомиллаштиришига хизмат қилувчи механизм сифатида кўриб чиқишга қаратилган.

Тадбир дастуридан олий таълим сифатини таъминлаш бўйича Германия, Буюк Британия ва Малайзия тажрибаси, Ўзбекистонда таълим сифатининг халқаро экспертлар нигоҳидаги баҳоси, шунингдек, аккредитация жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан самарали ва масъулиятли фойдаланиш масалалари ўрин олган.

Хусусан, Мюнстер университети профессори Франк Вернер Алтемўллер олий таълимда аккредитациянинг мақсадга эришишдан натижадорлик ва мукаммалликка интилиш сари ҳаракатланишдаги ўрни ва салоҳияти ҳақида сўз юритмоқда.

Тадбир давомида амалий тажрибага ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Марказий Осиё университетининг комплекс давлат аккредитациясидан муваффақиятли ўтиш тажрибаси мисолида жараён давомида юзага келган муаммолар, уларнинг ечимлари ва олий таълим ташкилотлари учун муҳим бўлган амалий жиҳатлар муҳокама қилинади.

Куннинг иккинчи ярмида Битирувчилар сифат индекси, давлат аккредитациясини ўтказишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари, ташқи баҳолаш доирасидаги ташрифларни ташкил этиш методикаси ҳамда аккредитация жараёнида стрессни бошқариш масалаларига бағишланган амалий сессиялар ташкил этилади.

Шунингдек, Вебстер университети тажрибаси мисолида битирувчилар сифатини таъминлаш ва таълим натижаларини баҳолашнинг замонавий ёндашувлари тақдим этилди.

Халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокидаги мазкур тадбир Ўзбекистонда таълим сифатини таъминлаш тизимини илғор халқаро тажриба билан бойитиш, аккредитация жараёнларини такомиллаштириш ҳамда олий таълим ташкилотларида сифатни доимий ривожлантиришга қаратилган ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим профессионал платформага айланади.