Қамчибек Кенжа 1946 йили Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг аввал журналистика, сўнг филология факультетларида таҳсил олди.
Меҳнат фаолиятини “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида бошлаб, кейин Избоскан тумани “Пахтакор” газетасида адабий ходим, бўлим мудири бўлди, мактабларда ўқитувчилик қилди.
1980 йилдан эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий адабиётни тарғиб этиш бюросининг Андижон вилоятидаги вакили сифатида иш юритди.
1983 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашида адабий маслаҳатчи лавозимида фаолият кўрсатди.
1985–2006 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимининг масъул котиби бўлди. Шу билан бирга, 1996–2015 йилларда “Холис” ижтимоий-маърифий газетасига бош муҳаррирлик қилди.
Қамчибек Кенжа Бобур номли халқаро экспедиция аъзоси сифатида Бобурийлар ва бошқа буюк аждодларимиз изидан Афғонистон, Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, Ироқ каби мамлакатлар бўйлаб ижодий сафарларда бўлди.
Шоир ва адибнинг турли йилларда 30 дан зиёд шеърий ва насрий асарлари, саёҳатномалари чоп этилган.
Унга 2014 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетининг фахрий профессори илмий унвони берилди.
Қамчибек Кенжанинг эл-юрт тараққиёти, адабиёт ривожи учун қилган хизматлари давлатимиз томонидан юксак эътироф этилган. У "Шуҳрат" медали, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими", "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвонлари билан тақдирланган.