Мамлакатимизда таълим ва илм-фан ривожига қаратилаётган юксак эътибор замирида ҳам айнан шу ҳаётий ҳақиқат мужассам. Зеро, бугун таълимга киритилган сармоя эртанги куннинг иқтисодий қудрати, илмий кашфиётлари ва технологик мустақиллиги учун мустаҳкам пойдевордир.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 3 октябрдаги фармони асосида Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилиши эса ушбу стратегик сиёсатнинг мантиқий давоми, таълим тизимида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берувчи муҳим институционал ислоҳот бўлди. Унинг туб моҳияти мактабгача таълимдан тортиб, олий таълим ва илмий тадқиқотларгача бўлган жараёнларни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Стратегия: мақсад, ҳаракат ва натижа
Замонавий дунёда давлатларнинг қудрати фақат табиий бойликлар ҳажми билан эмас, уларни юқори қўшилган қийматга айлантира оладиган билим ва технологиялар билан ҳам ўлчанмоқда. Кеча саноат учун яхши мутахассис тайёрлаш кифоя қилган бўлса, бугун ишлаб чиқаришга янги ечим таклиф этадиган, энергияни тежайдиган, рақамли тизимларни бошқарадиган, ўз ғоясини маҳсулотга айлантира оладиган муҳандис зарур.
Қашқадарё бу ўзгаришнинг аҳамиятини, айниқса, яққол ҳис этадиган ҳудуд. Нефть-газ, газ кимёси, энергетика, қурилиш, транспорт ва агросаноат тармоқлари ривожланган минтақада илм-фан билан корхона ўртасидаги масофа қанча қисқарса, ишлаб чиқариш самарадорлиги шунча ортади. Шу маънода Қарши давлат техника университетининг трансформация стратегияси битта олийгоҳнинг ички режаси эмас, балки ҳудуднинг интеллектуал ва технологик имкониятларини янги босқичга кўтаришга қаратилган ташаббусдир.
Президентимизнинг 2024 йил 10 декабрдаги қарори асосида тўртта олий таълим муассасаси негизида ташкил этилган университетимиз олдида мураккаб, аммо муҳим вазифа турибди: турли таълим ва илмий анъаналарни ягона мақсад атрофида бирлаштириш. Бу жараёнда асосий мезон битирувчининг рақобатбардошлиги, тадқиқотнинг иқтисодий қиймати ва жамият учун келтирадиган нафидир. Университетнинг 2027 йилга мўлжалланган режаларига айнан шу нуқтаи назардан қараш керак.
Салоҳиятдан самарага
Олийгоҳ фаолиятини баҳолашда кўплаб рақамларни келтириш мумкин. Бироқ уларнинг ҳар бири таълим сифатига ва реал ҳаётга қандай таъсир қилди деган саволга жавоб бериши лозим. Сўнгги икки йилда университетимиз илмий салоҳияти 42 фоиздан 52,1 фоизга етди. Бу илмий даражали педагоглар улуши ортиб бораётганини англатади. Аммо унинг ҳақиқий қиймати талабаларни тадқиқотга жалб этиш, корхоналар муаммосига илмий ёндашиш ва янги ишланмалар яратишда намоён бўлади.
Иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 26 та янги бакалавриат ва магистратура йўналиши, 45 та кечки ҳамда 13 та масофавий таълим шакли жорий этилди. Бу, бир томондан, турли ёш ва бандлик ҳолатидаги инсонларга билим олиш имконини беради. Иккинчи томондан, таълим таклифи меҳнат бозори талабига тезроқ мослашиши учун шароит яратади. Шунга қарамай, йўналишларни кўпайтиришнинг ўзи етарли эмас: уларнинг мазмуни, лаборатория базаси ва иш берувчилар билан боғлиқлиги доимий баҳоланиши шарт.
Таълим мазмуни халқаро стандартларга яқинлаштирилиб, 234 та фан дастури дунёнинг ТОП-300 олийгоҳлари дастурларига мослаштирилди, 12 та махсус гуруҳда дарслар тўлиқ хорижий тилда ўтилади. Бундай янгиланишлар талабанинг таҳлил қилиш, тажриба ўтказиш ва муаммони мустақил ҳал этиш кўникмасини кучайтиради.
Дуал таълим мантиғи
Муҳандисни фақат аудиторияда тайёрлаб бўлмайди. Чунки ҳақиқий технологик жараён назарий мисолларга қараганда мураккаброқ: унда хавфсизлик, вақт, ресурс, жамоа масъулияти ва иқтисодий натижа бир вақтнинг ўзида ҳисобга олинади. Шу боис, университет стратегиясида дуал таълимга марказий ўрин берилган. 10 дан ортиқ йирик корхона билан ҳамкорликда “Касб эгаси” дастури доирасида 635, ёқилғи-энергетика тизимида эса 435 талаба ишлаб чиқариш билан интеграция қилинди.
Ҳозирнинг ўзида талабаларнинг йирик иш берувчилар билан ҳамкорликда амалиётга жалб этилаётгани бу йўналиш учун асос яратган. Кейинги босқичда Германия тажрибасига таяниб, ўқув вақтининг ярмини университетдаги назарий машғулотларга, ярмини эса ҳамкор корхоналардаги амалий тайёргарликка ажратиш режалаштирилган. “Uzbekistan GTL”, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводи каби корхоналар бу моделда муҳим ҳамкор сифатида кўрсатилган.
Режалаштирилган блокли ўқитиш тизимида талаба бир давр назарий билим ва техник тилни ўрганса, кейинги даврда бевосита саноат муҳитида ишлайди. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, назария билан амалиёт ўртасидаги боғланиш узвийлик касб этади.
Яна бир муҳим янгилик — корхона мутахассисларини таълим жараёнининг тўлақонли иштирокчисига айлантириш. Саноат менторларини тайёрлаш ва баҳолашда уларнинг улушини белгилаш кўзда тутилган. Бу иш берувчи масъулиятини оширади, университетни эса реал касбий талабларга яқинлаштиради.
Бироқ бундай тизим ўз-ўзидан ишлаб кетмайди. Корхонадаги ўқув вазифалари, меҳнат муҳофазаси, менторлар малакаси ва баҳолаш мезонлари аниқ бўлиши керак. Акс ҳолда, амалиёт арзон ишчи кучидан фойдаланишга айланиб қолиши мумкин. Трансформациянинг муваффақияти айнан шу сифат кафолатларига боғлиқ.
Ишлаб чиқариш ечими
Қарши давлат техника университетининг истиқболдаги режасида саноат магистратураси ва “Industrial PhD” ёндашувига эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Унга кўра, магистрлик ва докторлик тадқиқотлари корхоналардаги ҳақиқий технологик муаммолар, энергия самарадорлиги, газ-кимё жараёнлари ва рақамли транспорт ечимлари билан боғланиши назарда тутилган. Бу илмий изланишни қоғоздаги натижадан амалиётда синовдан ўтган ечимга айлантириш имконини беради.
Илмий салоҳиятни “Industrial PhD” тизими асосида 60 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Бу маррага етишда диссертациялар сонидан кўра уларнинг мазмуни, мустақил экспертизаси ва натижалар жорий этилиши ҳал қилувчи бўлиши керак.
Илмий фаолият натижалари рақамлаштирилади ва “Dspace”, dspace.kstu.uz рақамли платформаси ишга туширилади, натижада профессор-ўқитувчилар ва докторантларнинг илмий мақолалари, патентлари ва ихтиролари ягона электрон базага жамланади.
Очиқ ва тартибли илмий ахборот тадқиқотлар такрорланишининг олдини олади, ҳамкор топишни енгиллаштиради, ёш олимларга илмий мактаблар фаолиятини кўриш имконини беради. Натижада университет фаолиятига қанча тадқиқот ўтказилгани эмас, балки қайси тадқиқот туфайли қандай муаммо ҳал этилгани ва уларнинг самарасига қараб ҳам баҳо бериш мумкин бўлади.
Яна бир гап. Академик аудит ва 100 фоиз модулли тизимга ўтилади. Анъанавий, назарияга асосланган ўқув режалари такомиллаштирилади. АҚШнинг Массачусетс технология институти тажрибаси асосида “Problem-Based Learning” (муаммога йўналтирилган ўқитиш) тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Инновациянинг иқтисодий йўли
Илмий ишланма қанчалик истиқболли бўлмасин, у ишлаб чиқариш ёки бозорга етиб бормаса, аҳамиятли эмас. Шу сабабли илмий фаолиятда давлат дастурлари доирасида 9,8 миллиард сўмлик 8 та йирик илмий лойиҳа ҳамда саноат буюртмаси асосида 6,5 миллиард сўмлик 10 та хўжалик шартномаси бажарилди. Натижада 4 та янги спин-офф инновацион корхонаси ишга туширилди.
Илм-фанни тижоратлаштириш ва “венчур экотизими” йўлга қўйилади. “Qarshi Tech Venture Fund” ташкил этилади. Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва йирик саноат ҳамкорлари кўмагида бошланғич капитали 1 миллиард сўм бўлган илмий стартаплар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш фонди тузилади. Бу фонд орқали иқтидорли талабалар ва олимларнинг лойиҳалари тўғридан тўғри молиялаштирилади.
Йирик саноат корхоналаридаги технологик муаммоларнинг рақамли платформаси яратилади. “Uzbekistan GTL”, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводи каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг реал технологик муаммолари банки рақамлаштирилади ва олимлар учун очиқ грант танловлари сифатида эълон қилинади. Бу анъанавий тартибни ўзгартиради. Олим аввалгидай мавзуни, кейин унинг қўлланиш соҳасини изламайди, балки ишлаб чиқаришдаги аниқ эҳтиёж тадқиқотига буюртма беради. Бунинг натижасида саноат буюртмалари асосидаги лойиҳалар ҳажмини йилига 10 миллиард сўмга етказиш имкони пайдо бўлади.
Университетда Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази (fab-lab) ташкил этилгани, унда касбга ўргатиш ва хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилгани бу жараён учун амалий майдондир.
Марказ таркибидаги 6 та цех ва 4 та лаборатория орқали 148 талаба иш билан таъминланиб, 15 дан ортиқ йўналишда касбга ўргатиш ва 20 га яқин хизмат тури кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Рақамли саноат ва “яшил” энергетика
Саноатнинг келажаги кўпроқ хомашё сарфлашда эмас, мавжуд ресурсдан ақлли фойдаланишда. Рақамли дастурлар, роботлаштирилган тизимлар, сунъий интеллект ва катта маълумотлар бугунги муҳандисликнинг янги иш қуролларига айланмоқда. Университетда “Саноат 4.0” йўналишида миллий муҳандислик маркази яратилиши айнан шу ўзгаришларга жавоб беришга қаратилган.
Бундан ташқари, лойиҳа қиймати 9 миллиард сўм бўлган Тадқиқот ва ишланмалар маркази негизида роботлаштирилган тизимлар, саноат автоматикаси ва корхоналарнинг рақамли эгизакларини (Digital Twins) яратувчи республика даражасидаги илғор марказ шакллантирилади.
“Сунъий интеллект” ва “Киберфизик тизимлар” суперлабораториялари яратилади. Миқдори 200 минг АҚШ доллари бўлган янги лаборатория нефть-газ қидируви, сейсмик таҳлил, вилоятдаги сув ва энергия ресурсларини “катта маълумотлар” (Big Data) ва нейротармоқлар орқали ақлли бошқариш тизимларини ишлаб чиқишга йўналтирилади.
Водород энергетикаси ва “яшил” муҳандислик илмий мактаби ташкил этилади. Мазкур лойиҳа доирасида Қашқадарёнинг қуёш ва шамол салоҳиятидан фойдаланиб, келажак ёқилғиси бўлган водород энергетикаси ва муқобил энергия манбаларини тадқиқ этувчи лаборатория ишга туширилади. У 4 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.
Университет ҳудудида энергия тежамкор, чиқиндиларни камайтирадиган ва рақамли бошқариладиган “яшил кампус” шакллантириш ғояси ҳам шу мантиқнинг давомидир. Олийгоҳ ўз талабаларига экологик масъулиятни фақат маърузада эмас, кундалик фаолиятида кўрсата олса, таълимнинг таъсири янада кучаяди.
Тил, сифат ва ишонч
Глобал меҳнат бозорида муҳандиснинг билими халқаро профессионал муҳит билан мулоқот қила олиш қобилиятига боғлиқ. Шунинг учун университетда хорижий тиллар, қўшма таълим ва академик мобилликка эътибор кучаймоқда. Хусусан, немис тили маркази очилиши, хорижлик профессорлар жалб қилиниши ва халқаро дастурларда иштирок этиш тажрибаси кейинги босқич учун муҳим асосдир.
“Икки тилли олим ва муҳандис” концепциясига кўра, талабалар мутахассислик боғлаган ҳолда инглиз ва немис тилларини чуқурроқ ўзлаштириши кўзда тутилган. Бунинг аҳамияти фақат хорижда ишлаш имконияти билан чекланмайди. Техник ҳужжатларни асл манбада ўқиш, халқаро стандартларни тушуниш, хорижлик ҳамкасблар билан қўшма лойиҳа юритиш ҳам тил билишни талаб қилади.
Хитойнинг Тиангонг университети билан қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, халқаро аккредитацияга тайёргарлик кўриш ва дунёнинг нуфузли олийгоҳлари билан ҳамкорликни кенгайтириш режалари ҳам таълим сифатини ташқи мезонлар асосида баҳолашга йўналтирилган. Бундай жараёнда дипломнинг халқаро тан олиниши муҳим, аммо ундан ҳам муҳими битирувчининг билими ва кўникмаси халқаро талабга жавоб беришидир.
Инсон, трансформация ва барқарорлик
Ҳар қандай катта ислоҳотнинг пировард натижаси инсон ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, университет стратегиясида фақат лаборатория, таълим дастури ёки халқаро рейтинг эмас, талабаларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланишига ҳам ўрин берилгани муҳим. Китобхонликни рағбатлантириш, спорт инфратузилмасини кенгайтириш, маҳалла ёшлари учун замонавий касбларга ўқитиш курсларини ташкил этиш режалари олийгоҳнинг жамият олдидаги масъулиятини кенгроқ талқин этади.
Талабалар билан манзилли ишлашни рақамлаштирувчи “Тьютор ахборот тизими” уларнинг эҳтиёжларини ўз вақтида аниқлашга ёрдам бериши мумкин. Аммо рақамли мониторингнинг мақсади фақат маълумот йиғиш эмас, ёшларга самарали ёрдам кўрсатиш бўлиши шарт. Хусусан, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълимда қийинчиликка дуч келган талабалар билан ишлаш ва касбга йўналтиришда инсонга эътибор тамойили устуворлиги сақланиб қолиши зарур.
Муҳандислик соҳаларида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, уларнинг стартап ва касбий ташаббусларини рағбатлантириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Имкониятлар қанчалик тенг бўлса, мамлакатнинг интеллектуал захираси шунчалик тўлиқ ишга тушади.
Албатта, вазифалар кўлами катта. Уларнинг амалга ошиши молиявий ресурслар, бошқарув интизоми, корхоналар билан ҳақиқий ҳамкорлик ва энг муҳими, натижаларни холис баҳолашга боғлиқ. Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддат, масъул ижрочи ва мақсадли кўрсаткичлар ижроси режаларни амалий ҳаракатга айлантиради.
Шерзод НЕЪМАТОВ,
Қарши давлат техника университети ректори
Ҳамкорлик материали