Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 14 августдаги қарори билан Тезкор тўловлар тизими орқали телефон рақами асосида пул ўтказмаларини амалга ошириш қоидалари тасдиқланди. Қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.
Янги тартибга кўра, фуқаронинг мобил телефон рақами унинг банк ҳисобварағига боғланади. Бир банк доирасида телефон рақамини фақат битта банк ҳисобварағига бириктиришга рухсат берилади.
Пул ўтказиш учун тўловчи банк мобил иловасида олувчининг телефон рақами ёки махсус «боғлаш коди»ни киритади. Тизим орқали олувчининг исми, фамилияси, отасининг исми ва унга хизмат кўрсатувчи банк ҳақидаги маълумотлар аниқланади.
Шундан сўнг тўловчи олувчининг маълумотлари тўғрилигини текширади ва пул ўтказиладиган банкни танлайди. Бенефициар банк тўлов ҳужжатини тасдиқлаганидан кейин маблағ ўтказмаси амалга оширилади.
Олувчининг ҳисобварағига келиб тушган маблағлардан фуқаро чекловларсиз фойдаланиши банклар томонидан таъминланиши керак.