Абдулла Авлоний тарбияни биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласи деб таърифлаганидан буён бир асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, бу ҳикматли сўзлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, янада долзарб бўлиб бормоқда. Чунки сунъий интеллект билим олиш ва меҳнат қилиш усулларини тубдан ўзгартираётган ҳозирги паллада таълимнинг мақсади ҳақида қайта ўйлаш зарурати туғилади.
Ахборотни излаш, саралаш ва тақдим этиш вазифасини замонавий катта тезликда бажармоқда. Аммо боланинг қалбига йўл топиш, унга Ватанга муҳаббат, ҳалоллик, масъулият ва меҳнатсеварлик туйғусини сингдириш фақат жонли инсон, яъни устознинг қўлидан келади. Президентимиз устоз ва мураббийлар билан ўтказилган учрашувда айнан шу ҳақиқатга таяниб, устозни “меҳр дарёси”, “эзгулик булоғи” ва “маърифат қуёши” деб таърифлади.
Ташаббуслар моҳияти
Ташаббусларни беш йўналишда умумлаштириш мумкин.
Биринчиси, устоз мақомини мустаҳкамлаш — Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофотини таъсис этиш, “Йил ўқитувчиси” танловига боғча тарбиячилари ва техникум усталарини киритиш, халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўлаш, минг педагогни хорижда стажировкадан ўтказиш.
Иккинчиси, натижага асосланган бошқарув — мактаблар фаолиятини баҳолаш учун “сифат индекси”ни жорий этиш, илғор мактабларга бошқаларнинг ўсишига кўмаклашгани учун 30 фоиз устама белгилаш.
Учинчиси, мажбурийликдан танлов эркинлигига ўтиш — малака ошириш бўйича мажбурий бир ойлик курслар ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари бериш, педагогнинг 18 соатдан 72 соатгача бўлган ўқувни ўзи танлаши.
Тўртинчиси, таълим босқичлари узвийлиги ва касбга йўналтириш — мактабдан бошлаб касб ва хорижий тилни эгаллаш, дуал таълимни техникумлардан олийгоҳларгача кенгайтириш.
Бешинчиси, тенглик ва хилма-хиллик — инклюзив таълим, хусусий мактаблар ва техникумларни қўллаб-қувватлаш, хорижнинг энг кучли 300 университети филиалларини жалб этиш.
Мазкур тизимда ҳар бир ташаббус бир-бирини тўлдиради. Масалан, боғчада ўйин орқали қобилиятлари кашф этилган бола мактабда фанларни чуқур ўрганиш имкониятига, сўнгра касбий ёки олий таълимда корхона буюртмаси асосидаги дуал таълимга йўл топади. Бунда ҳар бир босқичдаги устоз ушбу занжирнинг тенг ҳуқуқли ҳалқаси бўлиб қолади.
Жамият тараққиётидаги аҳамияти
Президентимиз белгилаган ташаббусларнинг жамият тараққиётидаги аҳамияти, аввало, ижтимоий-маънавий барқарорлик, иқтисодий тараққиёт ва педагогик тизимнинг ички ривожига қаратилганидан намоён бўлади. Масалан, болаларининг пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчиларнинг таълим жараёнига қайтарилиши соҳанинг ижтимоий адолат ва инсон қадр-қиммати билан боғлиқ моҳияти ифодасидир.
PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллаши, бир йилда нуфузли олимпиадаларда 228 та медаль қўлга киритилиши, мактаб давридаёқ хорижий тил ва фанлардан сертификат олган ўқувчилар сонининг 100 мингга етиши таълим тизими илдизларидаги ижобий силжишдан дарак беради.
Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сонининг беш йилда 29 мингдан 143 мингга ортгани, мактабларда ўқитувчи етишмаслигининг уч баробар камайгани, 40 минг муаллимнинг 1 минг доллардан юқори маош олаётгани касбнинг нуфузи тикланаётганини кўрсатади. Педагог ўз касбидан моддий ва маънавий қониқиш топмас экан, юксак сифатни талаб қилиш адолатдан бўлмайди. Шу боис, рағбат ва масъулият уйғунлиги ислоҳотнинг асосий қоидаси бўлиши керак.
Тенглик ва танлов эркинлиги принциплари ҳам жамият тараққиётининг муҳим шартидир. Икки йилда инклюзив шароит яратилган мактаблар сони қарийб беш баробар ошиб, 3 минг 591 тага етгани алоҳида эҳтиёжга эга болалар тенгдошлари билан бир муҳитда ўқиши ва ўсишига йўл очади. Бундай муҳитда соғлом бола ҳам ҳамдардлик, бағрикенглик ва бир-бирига кўмак бериш маданиятини ўрганади. Хусусий мактаблар ва техникумлар учун берилаётган имтиёзлар эса давлат таълим тизимини алмаштирмайди, аксинча, соғлом рақобат орқали сифатни оширади ва давлат мактабларига ҳам ўз тажрибасини бойитиш имконини беради.
Мактабгача таълимга берилаётган эътибор чуқур илмий асосга эга. Замонавий психология ва педагогика боланинг шахс сифатида шаклланишида дастлабки йиллар ҳал қилувчи эканини тасдиқлайди. Боғчани боланинг қобилияти кашф этиладиган маскан деб билиш, ўйин орқали таълим дастурини 38 мингдан ортиқ боғчага жорий этиш, 180 минг тарбиячини ўқитиш келажакдаги ўқиш мотивацияси ва ижодий фикрлашнинг пойдевори қўйилаётганини билдиради.
Шунингдек, “сифат индекси” ва ваучерлар тизими таълим бошқарувида янги маданиятни шакллантиради: назорат ўрнига таянч, кўрсатма ўрнига танлов, ҳисобот ўрнига натижа беради.
Сифат мезони
Юқорида санаб ўтилган барча ташаббуслар охир-оқибат синф хонасида, устознинг сўзи, нигоҳи ва муомаласида рўёбга чиқади. Дарслик янги, бино замонавий бўлиши, кредит ва имтиёзлар берилиши муҳим, аммо болага таъсир кўрсатадиган бирламчи омил устознинг шахси ва сўзидир. Шунинг учун таълим сифатининг чинакам мезони педагогик маҳоратдир.
Педагогик маҳорат педагогнинг билим, касбий кўникма, шахсий фазилат ва ижодкорлик уйғунлигида намоён бўладиган юксак касбий даражадир. У тўрт таркибий қисмдан иборат: фан ва методика бўйича чуқур билим; ўқувчи руҳиятини тушуниш ва унга мос усул танлаш қобилияти; ўз-ўзини бошқариш ва ижодий ўзгарувчанлик; ва энг асосийси, нутқ маданияти. Устоз нутқи фан мазмунини етказиш воситаси бўлибгина қолмайди, у ўқувчи учун адабий тил, фикр юритиш тарзи ва маънавий одоб намунасидир.
Нутқ маданияти тўғри талаффуз ва имло, сўз бойлиги, мантиқий изчиллик ва услуб мувофиқлиги билан бирга тингловчига ҳурмат маданиятини ҳам ўз ичига олади. Ўқувчига берилган савол оҳанги, хатосига билдирилган муносабат, мақтов ва танбеҳ сўзлари унинг ўзига ишончини шакллантиради ёки сўндиради. Шу сабабли Президентимиз таъкидлаган “танқидий фикрлаш” ва “мустақил фикр” кўникмаларини тарбиялаш, аввало, устознинг савол бериш ва тинглаш маданиятига боғлиқдир. Ўқувчининг фикрини тинглай олмаган, унга ижодий савол бера олмаган педагог танқидий фикрловчи авлодни тарбияламайди.
Нотиқлик санъати педагог фаолиятининг ажралмас қисмидир. Қадимги юнон ва шарқ мутафаккирлари нотиқликни фақат гўзал сўзлаш эмас, балки фикр, ахлоқ ва таъсир кучининг бирлиги деб билган. Дарс — кичик нутқ саҳнаси: унинг бошланиши (қизиқтириш), ривожи (тушунтириш ва мулоҳаза), авж нуқтаси (кашфиёт лаҳзаси) ва хулосаси бор. Устоз овоз оҳанги, пауза, имо-ишора, мисол ва ўхшатишдан ўринли фойдаланиб, мураккаб тушунчани ҳам ўқувчига тушунарли ва эсда қоладиган қилиб етказа олади. Шу боис, педагогика олийгоҳларида ва малака ошириш тизимида нутқ маданияти ва нотиқлик санъати алоҳида, амалий машғулотларга асосланган йўналиш сифатида кучайтирилиши лозим.
Бундан ташқари, таълимда педагогик герменевтика деган тушунча мавжуд. Унинг маъноси шуки, ўқитиш ахборотни бир кишидан бошқасига узатиш эмас, балки маънони биргаликда яратишдир. Ўқувчи ҳар бир янги билимни ўз тажрибаси, тил ва дунёқараши орқали талқин қилади, устоз эса шу талқиннинг қандай кечаётганини илғаб, уни тўғри йўлга солиши керак.
Президентимиз мактабларда 2018 йилдан буён янги авлод дарсликлари яратилиши, жорий йилда 324 та дарслик қайта ишланганини таъкидлади. Аммо энг яхши дарслик ҳам талқинчи устоз қўлидагина жонли билимга айланади. Герменевтик савияси паст педагог дарсликни мазмунини очмасдан ёдлатади, савияси юқориси эса уни ўқувчи ҳаёти билан боғлаб, мустақил хулосага ундайди.
Педагогик маҳоратнинг яна бир муҳим қирраси — педагогик такт ва ахлоқий обрў. Ўқувчилар устознинг айтган сўзидан кўра кўпроқ унинг ўзи қандай яшаётганига қарайди. Сўзи билан иши бир бўлган, ваъдасига вафо қиладиган, ўқувчини хатоси учун ҳақорат қилмасдан тўғри йўлга бошлайдиган педагог шогирдининг қалбида абадий из қолдиради. Шарқ педагогик тафаккурида устоз ҳамиша ахлоқ ва одоб тимсоли бўлган; Юсуф Хос Ҳожиб, Кайковус ва Алишер Навоий асарларида билим эгаси бўлиш билан бирга сўзга масъулиятли бўлиш ҳам юксак фазилат сифатида улуғланади.
Шу маънода, мамлакатимизда педагог кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Келаси ўқув йилидан тарбиячилар учун педагогика олийгоҳларида ўқиш муддатининг тўрт йилдан уч йилга қисқариши, боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчиларига ҳам шундай имконият берилиши касбга кириш йўлини кенгайтиради. Аммо муддат қисқараркан, ўқув дастурлари сифати ва зичлиги пасаймаслиги керак. Бунинг учун ишлаб туриб ўқийдиган педагогга масофавий ва аралаш форматдаги дастурлар, тажрибали устознинг раҳбарлиги ва амалий машғулотларнинг кўпайтирилиши муҳим шартдир.
Олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозларга тўғридан тўғри олий тоифа берилиши, бошланғич синфлар учун фан олимпиадалари йўлга қўйилиши истеъдодли болаларни эрта аниқлашга хизмат қилади. Бунда ғолибларга эмас, ҳар бир болага эътибор бериш тамойилидан чекинмаслик лозим: мусобақа ўқувчини қизиқтириши, руҳий босим ўтказмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, устоз ўқувчининг ютуғини ҳам, муваффақиятсизлигини ҳам ҳурмат билан қабул қилиб, ундан ўсиш имконияти сифатида фойдалана билиши, яъни педагогик тактни юқори даражада эгаллаган бўлиши лозим.
Олий таълимда эса илмий-педагогик кадрларнинг педагогик маҳорати муаммоси алоҳида кўтарилиши зарур. Кўп олимлар ўз соҳаси мутахассиси бўлса-да, талабага билимни тушунарли ва қизиқарли етказиш маҳорати етишмаслигидан азият чекади. Дуал таълимда корхонадан талабага бириктириладиган устозлар ҳам, олийгоҳ ўқитувчилари ҳам педагогик маҳорат, нутқ маданияти ва мулоқот кўникмалари бўйича махсус тайёргарликдан ўтиши зарур. Шунда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик фақат ҳужжатлар даражасида қолмай, чинакам ўқитиш сифатига айланади.
Президентимизнинг учрашувда билдирган ташаббуслари мажмуи таълим сиёсатида мазмун ва сифатга, устоз мақомига, натижага ва узвийликка асосланган янги босқични англатади. Мукофотлар, устамалар, ваучерлар, сифат индекси, дуал таълим ва халқаро ҳамкорлик — буларнинг бари таълимнинг асосий субъекти бўлган устозга ишонч ва унинг масъулиятини ошириш воситасидир. Устозни эъзозлаш бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлашдир. Бу сўзларни амалий ишлар билан тасдиқлаш ҳар биримизнинг илмий, касбий ва инсоний бурчимиздир.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор