“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида хориждан олиб келинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди.

Жумладан, “Бангкок – Деҳли – Тошкент” авиайўналишида Тошкент халқаро аэропортига учиб келиб, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган 2005 й.т. Қирғиз Республикаси фуқаросига тегишли чемоданлар ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилди.

Натижада, уларнинг ичида бўлган шампун идишларда умумий оғирлиги 11,8 кг. ни ташкил қилувчи “гашиш мойи” борлиги аниқланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотик модда Юнусобод туманида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда қолдирилгач, уни олиб кетиш учун келган вақтида Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 2001 й.т. фуқаро ушланди.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, Таиланд давлатидан олиб келинаётган мазкур гиёҳвандлик воситалари мамлакатимиз орқали қўшни республикага етказилиши керак бўлган.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми билан жиноят иш қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.