Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.

Қайд этилишича, cўнгги беш кун давомида ёғингарчилик кузатилмагани, шамол тезлигининг пастлиги ва ҳаво алмашинувининг сустлиги Тошкент шаҳри атмосферасида ифлослантирувчи моддалар тарқалишини қийинлаштирмоқда.

Ўзгидрометнинг атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилувчи автоматик станциялари маълумотларига кўра, 2026 йил 17–21 ноябрь кунлари пойтахт ҳудудидаги станцияларда ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг сезиларли ортиши қайд этилмаган. Бироқ чегараолди мониторинг станцияларида PM2.5 ва PM10 чанг заррачалари миқдорининг юқори кўрсаткичлари аниқланган.

Айниқса, «София» ва «Green University» чегараолди мониторинг станцияларида мазкур заррачалар концентрациясининг юқори бўлгани ташқи ҳудудлардан чанг массалари кириб келаётганини кўрсатувчи омиллардан бири сифатида қайд этилган.

Шунингдек, автотранспорт воситалари, қурилиш майдонлари ва саноат корхоналаридан чиқадиган ташламалар ҳам пойтахт ҳавоси сифатига таъсир кўрсатувчи маҳаллий омиллар ҳисобланади.