7–11 сентябрь кунлари вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков бошчилигидаги соғлиқни сақлаш тизими масъулларидан иборат делегация Кёнгидо провинциясига амалий ташриф буюрди.
Ташриф давомида замонавий тиббиётнинг илғор йўналишлари ўрганилиб, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Делегация аъзолари Сент-Винсент госпитали, Корея университетининг Ансан госпитали, Шихва тиббий маркази ҳамда тиббий ускуналар соҳасидаги марказлар фаолияти билан танишди.
Хусусан, сунъий интеллект ва интеллектуал тиббиёт, роботлаштирилган онкология, замонавий диагностика, юрак-қон томир касалликларини даволаш, тиббий технологиялар ҳамда мутахассисларни тайёрлаш бўйича Корея тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, «Кёнгидо – Ўзбекистон» MedTech бизнес-форумида Тошкент вилоятидаги Нурафшон тиббий кластери тақдимоти ўтказилди. Унда тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
10 сентябрь куни ўтказилган «Кёнгидо – Ўзбекистон тиббиёт истиқболлари» форуми доирасида Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббиёт муассасалари ўртасида 3 та ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Келишувларга кўра, Нурафшон шаҳридаги Кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Шунингдек, нейрохирургия, кардиохирургия, неонатал хирургия, трансплантология, ангиохирургия, умуртқа ва бўғимларни протезлаш ҳамда онкология йўналишларида мутахассисларни Кёнгидонинг етакчи тиббиёт муассасаларида бепул малака ошириш курсларига жалб этиш кўлами кенгайтирилади.
Бундан ташқари, кореялик мутахассислар иштирокида Тошкент вилоятида ўрта тиббиёт ходимлари учун сайёр ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда 2027 йилда вилоятда Кёнгидонинг етакчи тиббиёт муассасалари профессорлари иштирокида илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.