Юртимизда аҳолини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Хусусан, Реимбурсация дастурига кирган артериал гипертония, юрак ишемик, қандли диабетнинг 2-тури, қандсиз диабет, бронхиал астма ва меъда-ичак тизими хасталиклари каби 12 турдаги касалликлар бўйича 28 хил дори воситалари текин берилаётганидан хабарингиз бор.
Аммо Реимбурсация дастуридан фойдаланишни барча юртдошларимиз бирдек яхши билади, деб бўлмайди. Шу боис уни қадам-бақадам тушунтириб ўтмоқчимиз.
1⃣-ҚАДАМ: Ўзингиз бириктирилган оилавий шифокорга мурожаат қиласиз.
2⃣-ҚАДАМ: У клиник протоколлар асосида сизни текширувлардан ўтказади.
3⃣-ҚАДАМ: Касаллик тасдиқланса, оилавий шифокор сиз учун электрон рецепт шакллантиради.
4⃣-ҚАДАМ: Электрон рецепт Доимий фаолиятдаги ҳайъат раиси томонидан текширилади ва тасдиқланади.
5⃣-ҚАДАМ: Электрон рецептда кўрсатилган дори воситаларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонадан оласиз. Маблағлар ушбу жамғарма томонидан дорихонага ўтказиб берилади.
Унутманг: 7 кун давомида дорихонага бормасангиз, электрон рецептни қайта олишингизга тўғри келади.
6⃣-ҚАДАМ: Электрон рецепт асосида олган дори воситаларини бир ой — 30 кун давомида қабул қиласиз.
7⃣-ҚАДАМ: Муайян вақтдан кейин тузалганингиз тасдиқланса, оилавий шифокор сизни диспансер рўйхатидан чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, агар ётиб қолган бўлсангиз, хонадонингизга тиббий бригада боради ва оилавий шифокор сиз учун электрон рецепт тузади. Дори воситаларини оила аъзоларингиздан бири ёки патронаж ҳамшираси етказиб беради.
Реимбурсация дастури доирасидаги дори воситаларини ҳар ой текин олишингиз мумкинлигини унутманг!