Янги тартибга кўра, автомобилни эвакуаторга юклашдан тортиб, уни эгасига қайтаришгача бўлган жараён ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.
Қоидаларга мувофиқ, агар ҳайдовчи эвакуаторга юклаш жараёни бошлангунига қадар қайтиб келиб, қоидабузарликни бартараф этса, автомобил эвакуация қилинмайди. Бироқ юклаш жараёни бошланганидан кейин эвакуацияни тўхтатиш мумкин бўлмайди.
Автомобилни сақлаш учун тўлов унинг эвакуаторга юкланган вақтидан бошлаб, ҳар бир сутка учун ҳисобланади. Транспорт воситаси эгасига фақат электрон тизим орқали расмийлаштирилган QR-кодли рухсатнома асосида қайтариб берилади.
Шунингдек, автомобил жарима майдончасига жойлаштирилганидан кейин 6 ой давомида олиб кетилмаса, юзага келган қарздорлик мажбурий тартибда ундирилади. 12 ой ўтгач эса суд томонидан транспорт воситасини эгасиз деб топиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
Тошкент шаҳри учун белгиланган энг юқори тарифларга кўра:
- автомобилни эвакуация қилиш — ҳар бир километр учун 88 минг сўмгача, бироқ умумий сумма 1 миллион 760 минг сўмдан ошмаслиги керак;
- жарима майдончасида сақлаш — ҳар бир сутка учун 88 минг сўмгача.
Масалан, автомобилни 3 километр масофага эвакуация қилиш ва жарима майдончасида 3 сутка сақлаш учун жами 528 минг сўмгача тўлов талаб этилиши мумкин. Бунга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланадиган жарима ҳам қўшилади.
Янги тартибдан кўзланган мақсадлардан бири — эвакуация жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, автомобилларни сақлаш ва қайтариш билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштиришдан иборат.
Шу билан бирга, ҳайдовчиларга автомобилларни тротуарлар, яшил ҳудудлар ва жамоат транспорти бекатларида қолдирмаслик тавсия этилади. Бу пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай ҳамда хавфсиз муҳитни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.