Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум бўлишича, 1997 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи шахс фуқаронинг ишончига кириб, уни Россиядаги олий таълим муассасаларидан бирида 2 йил таҳсил олгани ҳақидаги сохта ҳужжатлар асосида пойтахтдаги хусусий олийгоҳнинг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Бунинг учун у 8 минг доллар талаб қилиб, 7500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида ушбу шахсдан 7500 долларни олган яна бир фуқаро ҳам қўлга олинган. У 1993 йилда туғилган бўлиб, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида рўйхатда турган ва Тошкент шаҳрида вақтинча яшаган.
Терговга қадар текширув жараёнида мазкур ноқонуний ишга Яккасарой тумани ИИО ФМБ инспектор-психологи ҳам алоқадорлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, инспектор ҳам 7500 долларни олган вақтида ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.