Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИО ФМБ кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 6 млрд 700 млн сўмдан ортиқ криптоактивлар айланмасини амалга оширган шахс ушланди.
Маълум қилинишича, 2004 йилда Сирдарё вилоятида туғилган ва ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Бекназаровнинг iPhone 17 Pro телефони холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув жараёнида у турли иловалар ва аккаунтлар орқали йирик миқдорда криптоактивлар айланмаси билан шуғуллангани аниқланган.
Жумладан, гумонланувчи P2P платформалари орқали ноқонуний кирим-чиқим операциялари воситасида жами 556 минг USDTдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. Ушбу сумма 6,7 млрд сўмдан зиёдни ташкил этади.
Шунингдек, уяли телефон текшируви давомида Bitget криптобиржаси орқали ноқонуний фаолият юритилгани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш Яшнобод тумани тергов бўлимига топширилди.
Гумонланувчи ўз кўрсатмасида HTX ва Bitget платформаларида P2P амалиётларини бажарганини, бу фаолиятнинг ноқонуний эканини аввал билмаганини билдирган. У айни вақтда қилган ишидан пушаймон эканини маълум қилган.