Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу таклифни жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Бунда иш кунининг умумий давомийлиги ўзгармайди — ходимлар ишни бир соат эртароқ бошлаб, бир соат эртароқ якунлайди.
Ҳокимликка кўра, бугун кўплаб ижтимоий муассасалар, айрим давлат ташкилотлари, корхона ва ташкилотларда иш куни соат 8:00 да бошланади. Шу вақтдан шаҳарда фаол ҳаёт бошланиши ва аҳоли давлат ҳамда шаҳар хизматларига мурожаат қилиши инобатга олиниб, ҳокимлик ва унга қарашли хизматларнинг ҳам фуқароларга эрталабдан хизмат кўрсатишга тайёр бўлиши мақсадга мувофиқ.
Иш жадвалларини уйғунлаштириш бир нечта идора иштирокини талаб қиладиган масалаларни тезроқ мувофиқлаштириш имконини ҳам бериши кутилмоқда.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан транспорт оқимларининг таҳлили ва моделлаштирилиши иш бошланиш вақтларини тақсимлаш эрталабки тирбандлик пайтида йўл тармоғига тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беришини кўрсатган.
Янги иш жадвали жорий этилган тақдирда, тушлик вақти ҳам шунга мос равишда ташкил этилиб, кун давомида транспорт оқимлари ва умумий овқатланиш объектларига тушадиган юкламани бир маромда тақсимлаш имкони пайдо бўлади.
Якуний қарор қабул қилинишидан олдин пойтахт аҳолисининг фикри ўрганилади. Бунинг учун махсус сўровнома ўтказилмоқда.
Сўровнома натижалари 31 август куни сарҳисоб қилинади. Таклиф аҳоли томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, белгиланган тартибда касаба уюшмалари билан келишиш учун киритилади.