Мазкур ҳолатга тунги вақтда шаклланган кучли ҳарорат инверсияси, қуруқ ҳаво ва ёғингарчилик кузатилмаётгани сабаб бўлмоқда. Шунингдек, шамолнинг кучсизлиги шаҳар устида маҳаллий атмосфера чиқиндиларининг тўпланиб қолишига қулай шароит яратмоқда.

Ҳаво ифлосланишини камайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига асосий кўчалар ва йўл четларидаги қум-чангни йиғиштириш, мавжуд фавворалар фаолиятини ташкил этиш топширилган.

Шунингдек, 30 та йирик қурилиш ташкилотига қум ва чанг заррачаларининг ҳавога кўтарилишини камайтириш бўйича чоралар кўриш вазифаси юклатилган.

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда фаолият юритаётган 7 та иссиқлик электр станцияси ҳамда атроф-муҳитга таъсири бўйича 131 та йирик хўжалик юритувчи субъектга атмосферага чиқариладиган чиқиндилар миқдорини икки баробарга камайтириш бўйича огоҳлантириш берилган.

Мазкур огоҳлантиришлар ижроси юзасидан махсус мобил лаборатория корхоналарнинг атмосферага чиқараётган чиқиндилари миқдорини мониторинг қилмоқда.

Ҳаво сифати ёмонлашган даврларда болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари бўлган фуқароларга очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик, жисмоний фаолликни чеклаш ва ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.