Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг Коррупциявий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Учтепа тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ташкил этилган.

Аниқланишича, 1988 йилда туғилган, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида маҳалла раиси лавозимида ишлаб келган шахс тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарога тумандаги бинодан фаолият юритиши учун жой ажратиб бериш ва тегишли шартномани расмийлаштиришни ваъда қилган.

Ушбу хизматлари эвазига 900 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Масъул идоралар фуқароларни ер майдонлари, кўчмас мулк ва бошқа мулкий муносабатларга оид битимларни фақат қонуний тартибда, ваколатли идоралар орқали амалга оширишга чақирмоқда.