Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ички ишлар вазирликлари ҳамда МДҲ ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси делегациялари иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистон Президенти томонидан минтақада наркожиноятчиликка қарши курашиш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ва трансмиллий жиноий тармоқлар фаолиятини бартараф этишга қаратилган ташаббусларни юқори баҳоладилар.
Йиғилишда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ахборот алмашинуви механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ янги таҳдидларнинг олдини олиш, интернет орқали наркотиклар тарқатилишига қарши мувофиқлаштирилган курашни кучайтириш ҳамда соҳада илғор тажрибаларни жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида йиғилиш баённомаси имзоланди.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтиб, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.