Энергетика вазирлигининг хабар беришича, 1602 МВА қувватга эга мазкур объект мамлакатдаги энг йирик ва замонавий юқори кучланишли подстанциялардан бири ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмида электр таъминоти ишончлилигини ошириш, мавжуд тармоқларга тушаётган юкламани мақбул тақсимлаш имконини беради.

Янги подстанциянинг яна бир муҳим жиҳати — пойтахт ҳавосини ифлослантирувчи чиқиндиларни камайтиришга хизмат қилиши.

Жумладан, «Ҳалқа» подстанцияси ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри ва вилоятнинг айрим ҳудудларида электр юкламалари қайта тақсимланади. Бу эса Тошкент иссиқлик электр станциясига тушадиган юкламани камайтириб, унда мазут ёқилғисидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжни бартараф этади.

Шу тариқа, лойиҳа нафақат электр таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш, балки атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Умумий қиймати 171,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган инвестиция лойиҳаси Жаҳон банки иштирокида амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида 1602 МВА қувватли «Ҳалқа» подстанцияси билан бирга 220 кВли 213 километр ва 500 кВли 72 километр, жами 285 километр юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари барпо этилди.

Ушбу инфратузилма мамлакат ягона энергетика тизимининг узатиш имкониятларини кенгайтириш, электр энергияси оқимларини самарали тақсимлаш ва ортиб бораётган истеъмол талабини ишончли қондириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Айни пайтда янги объектларни ягона энергетика тизимига тўлиқ интеграция қилиш бўйича якуний ишлар давом этмоқда.