ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса 25 июнь куни соат 17:33 ларда Юнусобод туманидаги «Обиравон» кўчасида жойлашган хусусий уйлардан бирида содир бўлган. 2021 йилда туғилган қизалоқ катталар назоратисиз қолиши оқибатида ҳовлидаги ҳожатхона чуқурига тушиб кетган.
Хабар келиб тушгач, воқеа жойига зудлик билан етиб борган ФВВ қутқарувчилари қутқарув ишларини бошлаган. Қутқарувчилардан бири чуқурга тушиб, қизалоқни олиб чиққан.
Болага воқеа жойида шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг у яқинларига топширилган. Маълум қилинишича, ҳозирда қизалоқнинг аҳволи яхши.
ФВВ фуқароларни, айниқса ёш болаларни назоратсиз қолдирмасликка ҳамда ҳовлилардаги хавфли иншоотлар атрофида хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга чақирди.