Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, муаммо нафақат шаҳар тозалигига, балки ободонлаштириш хизмати ходимларининг меҳнати, вақти ва техника ресурсларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Аслида мазкур куч ва имкониятлар кўкаламзорлаштириш, дарахт ва гулзорларни парваришлаш, ариқлар, кўчалар ҳамда жамоат жойларини обод сақлашга йўналтирилиши лозим.

Таъкидланишича, йўл ёқасига, ҳовлига, пиёдалар йўлагига ёки чиқинди контейнерлари атрофига ташлаб кетилган ҳар бир чиқинди шаҳар тозалигини таъминлаш учун хизмат қилаётган ходимлар зиммасига қўшимча юк бўлади.

Шу муносабат билан пойтахт аҳолиси чиқиндиларни фақат белгиланган жойларга ташлашга, шаҳар инфратузилмаси ва коммунал хизматлар меҳнатини қадрлашга чақирилди.

Тоза шаҳар фақат коммунал хизматлар саъй-ҳаракати билан эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулиятли муносабати орқали барпо этилади.