Маълумот учун, жорий йилнинг 3 сентябрь куни Глинка кўчасида ер остидан ўтган газ қувуридан газ сизиб чиқиши оқибатида чақнаш содир бўлган эди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги топшириғига асосан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, унинг таркибига «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ, «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали ҳамда туман газ таъминоти бўлимларининг тажрибали мутахассислари жалб этилди. Ишларга зарур махсус техникалар ҳам бириктирилди.
Бугунги кунга қадар ўрта босимли газ қувурларида 4 та, паст босимли қувурларда эса 6 та газ сизиб чиқиши ҳолати аниқланиб, барча носозликлар тезкор бартараф этилган.
Айни пайтда Глинка кўчасида таъмирлаш ва тиклаш ишлари якунланиб, йўл автомобиль ҳаракати учун тўлиқ очилди.
Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг мобил лабораториялари томонидан кўчага туташ ҳудудлардаги муҳандислик тармоқлари эҳтимолий газ сизиб чиқиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида комплекс текширувдан ўтказилмоқда.
Мазкур ишлар келгусида юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда шаҳар инфратузилмасининг барқарор ва ишончли ишлашини таъминлашга қаратилган.
Текширувлар натижалари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этиб борилади.