Хусусан, 21.01.2022 йилдаги "Республика ҳудудларида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-54-сон Фармонга "қийин" тоифадаги танлаб олинган туманларни комплекс ривожлантириш дастурларига, шунингдек, "қийин" маҳаллаларнинг "ислоҳот дастурлари"га киритилган ижтимоий ва тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида қўшимча киритилди.

05.02.2026 йилдаги ПҚ-49-сон қарорда ҳар бир "қийин" маҳалла "ислоҳотлар дастури"ни молиялаштириш мақсадида тегишли маҳаллий бюджетдан ажратилган ҳар 1 млрд сўм учун республика бюджетидан 2 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган.

Бунда маҳаллий бюджет маблағлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари маблағларидан фойдаланишга рухсат берилади.

"Ислоҳотлар дастури"ни амалга ошириш доирасида туман (шаҳар) ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ўртасида камбағалликни қисқартиришга қаратилган ижтимоий шартнома тузилади. Бунда халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан ижтимоий шартномалар ижроси устидан жамоатчилик назорати амалга оширилади.

Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчисига маҳаллаларда амалга оширилаётган тадбиркорлик лойиҳалари доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни (хизмат, ишни) электрон савдо платформаларига жойлаштириш орқали реализация қилишга кўмаклашиш бўйича қўшимча вазифа юклатилмоқда.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан бошлаб "қийин" маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.06.2026 йилдан кучга кирди.