Регламентга кўра, харажатларни қоплаш давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали Туризм қўмитаси (Қўмита) томонидан амалга оширилади.
Бунда стартапни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача стартап учун субсидия ажратилади.
Қўмита раиси томонидан Туристик cтартап лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия таркиби шакллантирилади.
Комиссия томонидан талабгорга унинг аризаси келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида суҳбат ўтказилиши ҳақида хабарнома юборилади.
Комиссия суҳбат ўтказилгандан сўнг 10 иш кунида талабгорнинг ушбу Регламентда белгиланган талабларга мослигини ўрганиб чиқади.
Комиссия томонидан стартапни баҳолашда унинг маълум бир туристик хизматни ривожлантиришга қаратилгани, бугунги кунда туристлар учун долзарблиги ҳамда аввал мавжуд бўлмаган ёки сезиларли даражада такомиллаштирилган ечимни тақдим этиш даражасига эътибор қаратилади.
Харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 7 иш кунида Қўмита талабгорнинг хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидаги ҳисобварақларига маблағларни ўтказиб беради.