Миллий маънавиятимиз қуёши, назм мулки соҳибқирони Мир Алишер Навоий ана шундай мумтоз сиймолардан биридир. Улуғ мутафаккирнинг қарийб олти асрлик вақт синовидан ўтган мероси бугун ҳам инсониятга маънавий озуқа бериб, комиллик сари йўл кўрсатмоқда.
Янги Ўзбекистон шароитида ҳазрат Навоийга эҳтиром давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, том маънода халқаро миқёс касб этди. Президентимиз ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида таъсис этилган “Туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун” Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти бунинг энг ёрқин далилидир.
* * *
Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуси 2021 йилда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар томонидан бир овоздан маъқулланиб, амалий ифодасини топди. Низомга кўра, мукофот ҳар икки йилда бир марта туркий маданиятни тарғиб этиш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда туркий халқлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшган шахсларга топширилади.
Бир қарашда бу навбатдаги халқаро мукофотлардан бири, холос. Аслида, ушбу воқеа замирида теран маъно мужассам. Ўзбек мутафаккири номи билан аталган мукофотнинг бутун туркий дунёнинг муштарак олий эътирофига айланиши, аввало, ташаббуснинг халқаро ҳамжамият томонидан самимий қабул қилинганидан далолат. Мукофот, ўз навбатида, юртимиз юритаётган очиқ, дўстона ва ташаббускор ташқи сиёсатнинг амалий самараси ўлароқ намоён бўлади. Зеро, туркий халқлар, қолаверса, бутун дунё ҳамжамияти фақат иқтисодий ёки сиёсий манфаатлар атрофидагина эмас, балки муштарак маънавий қадриятлар теварагида ҳам жипслашади. Навоий сиймоси ана шундай бирлаштирувчи қудратга эга қадрият эканини бугун жаҳон аҳли эътироф этмоқда.
Халқаро мукофот якка тартибдаги тадбир эмас, балки изчил тизимнинг узвий бўғинидир. 2021 йил февралида Президентимиз қарори билан Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилди. Фонд зиммасига улуғ шоир ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмий-адабий меросини юртимизда ҳамда халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб этиш, асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрларини яратиш, ҳар йили 9 февраль санасида, яъни мутафаккир бобомизнинг таваллуди куни халқаро симпозиум, йил давомида республика ва хорижда “навоийхонлик кунлари”ни ўтказиш каби масъулиятли вазифалар юклатилди.
* * *
Туркий халқлар тарихида кўплаб фотиҳ саркардалар, мутафаккир алломалар, даҳо ижодкорлар яшаб ўтган. Туркий халқларнинг Нобель мукофоти, дея эътироф этилаётган бу мукофот нега айнан Алишер Навоий номида деган савол туғилиши табиий. Ушбу саволга жавоб ул зотнинг беқиёс хизматларида мужассам. Бундан беш ярим аср муқаддам ҳазрат Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилнинг чексиз имкониятларини илмий далиллар билан исботлаб, она тилимиз шаънини бутун дунёга улуғлади. Ўлмас “Хамса”си ва “Хазойин ул-маоний” куллиёти билан туркий тилда ҳам жаҳон адабиётининг энг юксак чўққиларини забт этиш мумкинлигини амалда кўрсатди. Ижодида 26 мингдан ортиқ сўз қўллаган бу даҳо сўз санъаткори туркий адабий тилнинг қудрати ва латофатини оламга намоён қилди.
Шунинг учун Навоий мероси Болқондан Олтойгача, Онадўлидан Ҳиндистонгача бўлган улкан маконда яшовчи халқлар учун муштарак маънавий хазинадир. Фузулий ва Махтумқули, Абай ва Тўқай, Бердақ ва Ажиниёз сингари ўнлаб буюк шоирлар Навоий мактабидан сабоқ олиб, унинг ғазалларига назиралар битган. Улуғ бобомизнинг ҳайкаллари бугун Москва, Вашингтон, Токио, Боку, Сеул, Душанбе ва Тбилиси каби дунёнинг йирик шаҳарларида қад ростлаб турибди. Буларнинг барчаси Навоий фақат ўзбек халқининггина эмас, жамики туркий халқлар, қолаверса, бутун инсониятнинг маънавий мулки эканини яққол кўрсатади.
Улуғ мутафаккирнинг:
Олам аҳли, билингизким,
иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизга, эрур ёрлиғ иш,
деган ҳикматли даъвати эса бугунги нотинч дунёда ҳар қачонгидан ҳам долзарб янграмоқда. Ҳазрат Навоий номи туркий халқлар маънавий бирлиги тимсоли, юксак байроғидир. Ана шу байроқ остида қардош халқларни жипслаштириш ғояси халқаро мукофотнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади.
* * *
Мукофотнинг илк соҳиби Туркий давлатлар ташкилотининг 2022 йил ноябрда Самарқандда бўлиб ўтган саммитида эълон қилинди. У туркий дунё бирлигига қўшган улкан ҳиссаси учун буюк адиб ва жамоат арбоби, улуғ гуманист Чингиз Айтматовга вафотидан сўнг берилди ва тантанали равишда Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга топширилди.
Айтматов ижоди — туркий халқлар бадиий тафаккурининг жаҳон адабиётидаги энг ёрқин тимсоли. Унинг асарлари дунёнинг юздан ортиқ тилига ўгирилиб, миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олган. Адиб ўз қаҳрамонлари орқали туркий халқларнинг руҳияти, дарду армонлари ва орзу-умидларини умумбашарий адабиёт мулкига айлантирди.
Ташкилотнинг 2025 йил 21 майда Будапештда ўтказилган норасмий саммитида эса мукофотнинг навбатдаги соҳиби жаҳонга машҳур биокимёгар олим, кимё соҳасида Нобель мукофоти лауреати, Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори Азиз Санжар бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, нуфузли мукофотнинг илмий жамоатчилик вакилига топширилиши туркий дунё олимларини, айниқса, ёш тадқиқотчиларни янги марраларни забт этишга руҳлантиради.
Чингиз Айтматов сўз санъатида, Азиз Санжар аниқ фанлар оламида туркий халқлар салоҳиятини бутун жаҳонга намойиш этган буюк сиймолардир. Демак, Алишер Навоий номидаги мукофот тор миллий доирадаги тақдирлов эмас, балки туркий халқларнинг жаҳон цивилизациясига қўшаётган муносиб ҳиссасини эътироф этувчи юксак мезонга айланди. Бунда ҳам ўзига хос ҳикмат бор: ахир ҳазрат Навоийнинг ўзи ҳам шоир, ҳам олим, ҳам давлат ва жамоат арбоби сифатида фаолиятнинг барча соҳаларида камолот тимсоли бўлган эди. Унинг номидаги мукофотнинг ҳам адабиёт, ҳам илм-фан намояндаларига берилаётгани мана шу кўп қиррали даҳога муносиб эҳтиромдир.
* * *
Халқаро мукофотнинг таъсис этилиши мамлакатимизда сўнгги йилларда навоийшунослик соҳасида қилинаётган улкан ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Айниқса, Президентимиз ташаббуси ва махсус қарорига мувофиқ, улуғ шоир таваллудининг 580 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонлангани, пойтахтимизда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимизнинг унутилмас воқеаларига айланди. Ҳар йили 9 февралда ўтказиладиган анъанавий халқаро анжуманлар, жумладан, “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” халқаро симпозиуми дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган олимларни бир даврага жамламоқда. “Алишер Навоий изидан” халқаро илмий экспедициялари доирасида олимларимиз Эрон, Афғонистон, Туркия, Миср, Хитой, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлардаги қўлёзма фондларида тадқиқотлар олиб бориб, нуфузли илмий марказлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзоламоқда.
Мустақиллик йилларида яратилган энг сара тадқиқотларни жамлаган 30 жилдли “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тадқиқотлар мажмуаси нашр этилгани соҳа тарихида мисли кўрилмаган ҳодисадир. Шунингдек, тўрт жилдли “Алишер Навоий энциклопедияси” яратилди, ўнлаб янги монография ва рисола чоп этилди, шоир ижодига бағишланган кўплаб докторлик ва фалсафа доктори диссертациялари ҳимоя қилинди. Қувонарлиси, хорижий мамлакатларда навоийшунослик мактаблари қайтадан тикланмоқда: чет эллик олимларнинг тадқиқотлари ўзбек тилида, навоийшуносларимизнинг асарлари эса турк, форс, рус ва бошқа тилларда нашр этилмоқда, хорижий университетлар билан қўшма илмий лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.
Махсус қарор билан 2025 йилнинг Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб эълон қилингани эса бу борадаги ишлар янада кенг қулоч ёйишига замин яратди. Айни кунларда Алишер Навоий асарларининг 100 жилдли оммабоп нашрини тайёрлаш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда. Ушбу мисли кўрилмаган лойиҳа улуғ мутафаккир меросини ҳар бир хонадонга, ҳар бир китобхонга етказиш йўлидаги тарихий қадамдир. Буларнинг барчаси навоийшунослик Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, Ўзбекистон эса том маънода жаҳон навоийшунослигининг маркази мақомини мустаҳкамлаб бораётганини яққол кўрсатади.
* * *
Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши бир неча жиҳатдан стратегик аҳамият касб этади. Энг аввало, мукофот мамлакатимиз маданий дипломатиясининг самарали воситасига айланди. У Ўзбекистоннинг дунё навоийшунослиги маркази, туркий цивилизациянинг маънавий ўчоқларидан бири сифатидаги халқаро мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Иккинчидан, мукофот туркий давлатлар ўртасидаги интеграция жараёнларига мустаҳкам маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик муштарак қадриятлар билан йўғрилгандагина чинакам барқарор бўлади. Навоий сиймоси эса қардош халқларни бирлаштирувчи ана шундай бемисл қадриятдир.
Учинчидан, у ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга. Чингиз Айтматов ва Азиз Санжар каби буюк шахсларнинг эътироф этилиши миллионлаб ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб, уларни илм-фан ва ижод чўққиларини забт этишга илҳомлантиради.
Тўртинчидан, мукофот Навоий ижодининг мағзини ташкил этувчи тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини жаҳонга тарғиб этади. Қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда бу ғояларнинг қадр-қиммати чексиздир.
Ишонч билан айтиш мумкинки, вақт ўтган сайин Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг нуфузи тобора ортиб, у жаҳоннинг энг эътиборли мукофотлари қаторидан муносиб ўрин эгаллайди. Зеро, замирида буюк Навоийдек даҳо сиймо, тинчлик ва бирликдек эзгу ғоялар турган ҳар қандай ташаббус узоқ умр кўради. Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётган Ўзбекистон бу борада бутун туркий дунёга, қолаверса, жаҳон ҳамжамиятига маънавий ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасини кўрсатмоқда.
Олимжон ДАВЛАТОВ,
Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори, профессор