Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида ташкил этилди.
Анжуманда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси каби 20 дан ортиқ вазирлик ва идора вакиллари иштирок этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳозирги шароитда бюджет сиёсати инсон ҳуқуқларини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова мамлакатимизда давлат молиясини бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бюджет харажатларининг самарадорлиги ва манзиллилигини оширишга қаратилганини таъкидлади.
Тадбирда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси мутахассиси Игорь Гришко эксперт сифатида иштирок этар экан, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан бюджет сиёсатини таҳлил қилишнинг замонавий методологияларини тақдим этди. Унинг таъкидлашича, «инсон ҳуқуқларига асосланган бюджет давлатларга ўз қарорларининг тенгсизлик даражасига ва фуқароларнинг асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятига таъсирини аниқроқ баҳолаш имконини беради, шунингдек, бюджет жараёнининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширади».
Семинар дастури иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро стандартлар, уларни мониторинг қилиш механизмлари, бюджет цикли ва жамоатчилик иштироки, шунингдек, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан бюджет харажатлари ва даромадларини таҳлил қилишнинг амалий воситаларини ўз ичига олган кенг кўламли масалаларни қамрайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.