2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автотранспорт олди-сотдиси тартиби тўлиқ ўзгарди. Энди нақд пул орқали ҳисоб-китоб қилиш чекланиб, барча тўловлар банк орқали амалга оширилади.
Бу ўзгаришлар кўплаб
саволларни келтириб чиқарди. Айнан шу саволларга жавоб олиш мақсадида Марказий
банк 1-тоифали иқтисодчиси Хуррамбек Хайруллаев билан суҳбатлашдик.
— Энди нақд пулда битим тузиш мумкинми?
— Йўқ. Янги тартибга кўра,
олди-сотди жараёнларида нақд пул айланмаси чекланади. Барча ҳисоб-китоблар
фақат банк орқали амалга оширилади.
Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан
бошлаб кўчмас мулк ва автотранспорт олди-сотдисида нақд пул орқали ҳисоб-китоб
қилиш амалда чекланди. Энди барча тўловлар фақат банк орқали амалга оширилади.
Бу ўзгаришнинг асосий мақсади
— молиявий хавфсизликни таъминлаш, пул айланмасини шаффофлаштириш ва
фирибгарлик ҳолатларини камайтиришдир. Илгари пулни қўлдан-қўлга бериш орқали
амалга оширилган битимларда алдов, сохта пул ёки келишув бузилиши ҳолатлари кўп
учраган. Янги тизим эса бу каби хавфларни минималлаштиради.
— Янги тизим
қандай ишлайди?
— Янги тартибга кўра,
олди-сотди жараёни уч томон иштирокида амалга оширилади: олувчи, сотувчи ва
банк.
Олувчи банкда махсус эскроу
ҳисоб рақами очади ва келишилган маблағни шу ҳисобга жойлаштиради. Бу пул битим
якунлангунча банк назоратида сақланади. Кейин нотариус орқали шартнома
расмийлаштирилади. Фақат шундан сўнггина пул сотувчига ўтказилади.
Бу механизм битимнинг ҳар
икки томони учун хавфсизликни таъминлайди.
— Бу тизимнинг асосий афзалликлари нимада?
— Биринчидан, пул банк
кафолатида сақланади ва унинг йўқолиши ёки ўзлаштирилиши хавфи деярли йўқолади.
— Иккинчидан, фирибгарлик
ҳолатлари кескин камаяди.
— Учинчидан, барча жараён
расмий ва шаффоф тарзда амалга оширилади. Натижада бозорда ишонч муҳити
кучаяди.
— Олди-сотди фақат сўмда амалга ошириладими?
— Ҳа. Ўзбекистон
Республикасининг валюта қонунчилигига мувофиқ, мамлакат ичида барча шартномалар
фақат миллий валюта — сўмда амалга оширилади.
Агар томонлар ўзаро долларда
келишган бўлса ҳам, расмий ҳужжатларда ва банк орқали ҳисоб-китобларда сумма
сўмда ифодаланади.
— Агар долларда келишилган бўлса, курс фарқи қаерга
кетади?
— Марказий банк ҳар куни
расмий валюта курсини эълон қилади. Бу курс талаб ва таклиф асосида шаклланади.
Тижорат банклари эса шу
асосда ўзларининг сотиб олиш ва сотиш курсларини мустақил белгилайди. Шунинг
учун бир хил вақтда турли банкларда курс фарқ қилиши мумкин.
Курсдаги фарқ — бу бозор
механизми натижаси. Марказий банк бу фарқдан фойда олмайди.
— Бу кимнинг зарарига ишлайди?
— Аслида бу тўғридан-тўғри
“кимгадир фойда, кимгадир зарар” дегани эмас. Бу — валюта бозоридаги табиий
жараён.
Бироқ амалиётда курс ўзгариши
харидор ёки сотувчи учун қўшимча харажат ёки йўқотиш келтириб чиқариши мумкин.
Шунинг учун томонлар валютада келишув қилаётганда курс рискларини олдиндан
ҳисобга олиши муҳим.
— Шартномада кам сумма кўрсатиш ҳолатлари давом
этадими?
— Бундай ҳолатлар учраши
мумкин, аммо бу жуда хавфли йўл.
Масалан, амалда катта суммага
келишилган бўлса-да, шартномада анча кам миқдор кўрсатилиши мумкин. Лекин низо
келиб чиқса, суд фақат расмий ҳужжатда кўрсатилган суммани тан олади.
— Бу эса қолган маблағни қайтариб олиш имконини
деярли йўққа чиқаради.
— Хизмат нархи қанча?
Давлат улуши мавжуд тижорат
банкларида ушбу сумма:
— Кўчмас мулк учун — базавий
ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизигача (206 000 сўмгача);
— автотранспорт учун — 25
фоизи (103 000 сўмгача).
Айрим хусусий банклар эса
ушбу хизматни 0% комиссия билан ҳам таклиф қилмоқда.
— Қўшимча харажатлар борми?
— Йўқ. Тўлов бир марта амалга оширилади ва кейинчалик қўшимча харажатлар бўлмайди. Сотувчи пулни тўлиқ ва эркин ечиб олиши мумкин.
2026 йил 1 апрелдан жорий
этилган янги тизим, аввало, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фирибгарлик
ҳолатларини камайтириш ва иқтисодий муносабатларни шаффофлаштиришга қаратилган.
Бироқ бу тизимдан тўлиқ фойда
кўриш учун ҳар бир фуқаро: ҳисоб-китобларни қонуний тарзда амалга ошириши,
шартномада ҳақиқий суммани кўрсатиши, валюта рискларини олдиндан ҳисобга олиши жуда
муҳим.
Мазкур янги
тартиб аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, молиявий муносабатларни шаффофлаштириш ва
фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга қаратилган.
Фуқаролардан
барча ҳисоб-китобларни қонуний асосда амалга ошириш, шартномаларда ҳақиқий
суммани кўрсатиш ҳамда валюта рискларини олдиндан ҳисобга олиш талаб этилади.
Бу эса битимлар ишончлилиги ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди.
Зулхумор Акбарова