Университет жамоаси фаол иштироки учун Damas автомобили билан тақдирланди.

Халқаро «Қовун сайли — 2026» фестивали қадимий Хива шаҳрида, Ичан қалъа ҳамда Arda Khiva туристик мажмуасида ташкил этилди.

Фестиваль давомида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келтирилган ноёб қовун навлари кўргазмаси, театралаштирилган томошалар, фольклор чиқишлари, машҳур ўзбек санъаткорлари ҳамда хорижий ижрочилар иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилди.

Шунингдек, меҳмонлар Хоразм миллий таомлари ва гастрономик кўргазмалар, ҳунармандчилик ярмаркаси ва маҳорат дарсларида иштирок этди. Фестиваль дастуридан фотозоналар, халқ ўйинлари ва оилавий кўнгилочар тадбирлар ҳам ўрин олди.

Кечки концертлар ҳамда ёрқин мушакбозлик намойишлари фестиваль иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

«Қовун сайли» фестивали Хоразмнинг бой маданий мероси, миллий анъаналари, гастрономияси ва ҳунармандчилигини кенг тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистонда етиштириладиган қовунларнинг ўзига хос навларини намойиш этишга хизмат қилмоқда.

Урганч давлат университетининг фестивалда 3-ўринни эгаллаши жамоанинг фаоллиги, ижодкорлиги ва ҳамжиҳатлигининг муносиб эътирофи бўлди.