Ушбу келишув асосида Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети, Хучжоу техника университети ва XCMG компаниялар гуруҳи ўртасида уч томонлама шартнома тузилди.

Шартномага мувофиқ, 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб техника ва машинасозлик йўналишлари бўйича 2+1+1 қўшма таълим дастури йўлга қўйилади. Дастур халқаро стандартлар асосида замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашга қаратилган бўлиб, унда дуал таълим тизими устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Ҳамкорликнинг амалий босқичларини муҳокама қилиш мақсадида 20 июнь куни XCMG компаниялар гуруҳи Глобал таълим ва ўқитиш маркази директори Чжан Лина ҳамда Хучжоу техника университети вице-президенти Хуан Чуансюэй бошчилигидаги делегация Урганч давлат университетига ташриф буюрди.

Университет ректори Феруза Мадрахимова иштирокида ўтган учрашувда қўшма таълим дастурининг ташкилий ва академик жиҳатлари, талабаларни тайёрлаш, амалиёт жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда таълим ва саноат интеграциясини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида делегация аъзолари Техника факультетидаги замонавий лабораториялар, илмий-инновацион лойиҳалар ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, қўшма дастурда таҳсил олиши режалаштирилаётган талабалар билан учрашув ўтказилиб, уларга дастурнинг афзалликлари, XCMG корхоналарида амалиёт ўташ имкониятлари ҳамда халқаро компанияларда фаолият юритиш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, мазкур ҳамкорлик Урганч давлат университетининг халқаро алоқаларини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.