Ташаббус Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликда «Aral Sea Wetlands» лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Устюрт чўлининг сув ресурслари чекланган ҳудудида ўрнатилган тизимлар, айниқса, сайғоқлар ва бошқа ёввойи ҳайвонлар учун қўшимча сув манбаи бўлиб хизмат қилади.

Қуёш энергиясида ишлайдиган ва тўлиқ автоматлаштирилган тизимларнинг ҳар бири 3 куб метр сиғимли сув ҳавзаси, насослар, датчиклар ва ҳисоблагичлар билан жиҳозланган. Бу марказлашган электр энергияси ва сув таъминотига доимий уланишсиз сув етказиб бериш имконини беради.

Шунингдек, ҳудудга 10 та камера ва 10 та фототузоқ ўрнатилди. Улар ёввойи ҳайвонларни сутка давомида кузатиш, ҳаракатланишини қайд этиш ва сув ичиш жойларидан фойдаланишини ўрганиш имконини беради.

Мазкур кузатув воситалари орқали ҳайвонлар популяциясининг ҳолатини мониторинг қилиш учун ҳам маълумотлар тўпланади.

Мутахассислар таъкидлашича, Устюртнинг оғир табиий шароитида қўшимча сув манбаларини яратиш сайғоқлар ва бошқа ёввойи ҳайвонлар популяцияларини сақлаш ҳамда тиклашда муҳим аҳамиятга эга.

Янги инфратузилма табиатни муҳофаза қилиш чораларини замонавий кузатув технологиялари билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.