Янгиланган методология халқаро статистика стандартлари инобатга олинган ҳолда, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари кўмагида ишлаб чиқилди ҳамда 2026 йилнинг II чорагидан амалиётга жорий этилди.

Мазкур ўзгаришлар уй-жой бозоридаги нархлар динамикасини янада аниқ акс эттириш, ҳисоб-китобларнинг таҳлилий имкониятларини кенгайтириш ҳамда турли даврлар бўйича кўрсаткичларни ўзаро таққослаш имконини оширишга хизмат қилади.

Такомиллаштирилган методологиянинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳисоб-китобларда гедоник регрессия усулининг жорий этилишидир. Гедоник регрессия — бу уй-жой нархини унинг асосий хусусиятлари, яъни майдони, жойлашуви, қавати, хоналар сони ва бошқа омиллар таъсирини ҳисобга олган ҳолда баҳолашга имкон берувчи статистик усулдир. 

Мазкур ёндашув бозорда сотувга қўйилган объектлар таркибидаги фарқлар таъсирини камайтириб, айнан нархлар динамикасини аниқроқ ўлчаш имконини беради.

Шунингдек, янги методологияда кузатув қамрови кенгайтирилиб, якка тартибдаги турар жойлар ҳам ҳисоб-китобларга киритилди. Маълумотлар базасини шакллантиришда кўчмас мулк бозоридаги эълонлар, жумладан, OLX.uz платформаси ҳамда бошқа очиқ манбалар маълумотларидан фойдаланилади.

Уй-жой бозори нарх индекслари ҳар чоракда Миллий статистика қўмитасининг расмий веб-сайти ва SIAT тизимида жадваллар ҳамда графиклар кўринишида эълон қилиб борилади.