Маълум қилинишича, фожиа 28 май куни соат 23:50 атрофида туманнинг «Чақар» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Д-169 автомобиль йўлининг 132-километрида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2009 йилда туғилган ўсмир ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмасдан, тўрт нафар тенгқури билан бирга Дамас русумли автомашинани бошқарган. Шу вақтда у ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 2006 йилда туғилган танишининг Nexia автомобили билан ўзаро пойга қилган.
Оқибатда икки транспорт воситаси иштирокида оғир йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Ҳодиса натижасида Дамас ҳайдовчиси ҳамда Nexia автомобилидаги йўловчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган ёшлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ҳодисадан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан суриштирув ишлари ўтказилиб, маҳаллада жамоатчилик иштирокида муҳокама ташкил этилди.
Муҳокамаларда мутасаддилар вояга етмаганларга транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш, жамоатчилик назоратининг сустлиги ва бепарволик оғир оқибатларга олиб келаётганини таъкидлади.
Масъуллар ота-оналарни фарзандларига автомашина калитини ишониб топширмасликка чақириб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш инсон ҳаётини сақлаб қолишнинг энг муҳим шарти эканини эслатди.
Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тегишли органлар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.